Суриянинг янги ўтиш даври ҳукумати бош вазири Муҳаммад ал-Башир собиқ президент Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг сурияликлар учун "барқарорлик ва осойишталикдан баҳраманд бўлиш вақти келганини" айтди.
Идлиб вилоятидаги исёнчилар маъмуриятининг собиқ раҳбари Ал-Башир “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ва унинг иттифоқчилари унга 2025 йил мартигача мамлакатни бошқариш вазифасини қўйганидан кейин Al Jazeera телеканалига интервью берди.
Сешанба куни Дамашқда янги ўтиш даври ҳукумати аъзолари ва Асад давридаги собиқ вазирлар маҳкамаси аъзоларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳокимиятни топшириш масаласи муҳокама қилинган ушбу йиғилишига Муҳаммад ал-Башир раислик қилди.
"Бугун Вазирлар маҳкамаси йиғилишини ўтказдик. Биз Сурия халқига хизмат қила оладиган конституциявий тузумга эга бўлгунимизча, Идлиб ва унинг атрофидаги ҳудудлардаги эски ҳукумат аъзоларига ва Асад давридаги маъмурият раҳбарларининг айримларига келгуси икки ой давомида ҳамкорликда ишлашни таклиф қилдик", — дея изоҳ берди Ал-Башир Аl Jazeera'га.