Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

“Сўғдиёна” – Тожикистоннинг амалдаги чемпионини мағлуб этди

“Сўғдиёна” – Тожикистоннинг амалдаги чемпионини мағлуб этди

Футбол бўйича Ўзбекистон суперлигасида ёзги оралиқ танаффус давом этмоқда. Трансфер бозоридан унумли фойдаланиб, жамоалар ўз таркибларини янги номлар билан бойитиб олган ва ёзги таътилдан аллақачон клублари ихтиёрига қайтган футболчилар ўртоқлик-назорат учрашувларида иштирок этмоқда.
Бу йилги чемпионатда муваффақиятли иштирок этаётган Улуғбек Бақоев мураббийлигидаги Жиззахнинг “Сўғдиёга” профессионал футбол клуби ҳам қатор ўртоқлик учрашувларини муваффақиятли ўтказаётир.

Куни кеча жиззахликлар мамлакатимизда ўқув-йиғинларини ўтказаётган Тожикистоннинг амалдаги чемпиони, Осиё чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирокини давом эттираётган Душанбенинг “Истиқлол” клубига қарши ўртоқлик-назорат ўйинида майдонга тушди. Тошкентдаги “Жар” стадионида кечган беллашув жуда қизиқарли, кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди.

Жорий чемпионатимизда тўпурарлар баҳсида 7 та гол билан пешқадамлик қилаётган “Сўғдиёна” ҳужумчиси Шохруз Норхонов ушбу учрашувда ҳам ўзини кўрсатиб, дубль муаллифига айланди ва жиззахликлар Тожикистон чемпиони – “Истиқлол”ни 2:0 ҳисобида доғда қолдирди.

Бош мураббий Улуғбек Бақоев ушбу ўртоқлик-назорат учрашувида жамоага янги таклиф этилган бир қатор футболчиларни ҳам захирадан майдонга тушириб синовдан ўтказиб олди.

Тожикистонликлар мамлакатимиздаги ушбу ўқув-машғулотлари давомида дастлабки ўртоқлик учрашувида Бекободнинг “Металлург” клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этганди. “Истиқлол” клуби Душанбега қайтишидан аввал Ўзбекистонда яна бир ўртоқлик-назорат учрашувини Тошкентнинг “Локомотив” клубига қарши жорий йилнинг 24 июлида ўтказишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, Олмалиқнинг “АГМК” жамоасини Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ баҳсларида қолиб кетишига сабабчи бўлган клублардан бири “Истиқлол” жамоаси бўлади.

Ўзбекистон чемпионати суперлигаси биринчи даврасининг сўнги тур ўйинлари эса жорий йилнинг 30-31 июль ва 1 августь кунлари ўтказилиши белгиланган. 31 июль куни “Сўғдиёна” Жиззахда Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги “АГМК” клубини қабул қилади.

Бир ҳафталик кичик танаффусдан сўнг чемпионатимизнинг 2-давраси баҳсларига старт берилади.

Киритилди: 14:50 22.07.2021. Ўқилди: 3273 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!