Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

ССВ: Ўзбекистонда илк бор сон суяклари синишлари ўткир даврида тос-сон бўғинини эндопротезлаш йўлга қўйилди

ССВ: Ўзбекистонда илк бор сон суяклари синишлари ўткир даврида тос-сон бўғинини эндопротезлаш йўлга қўйилди

Шошилинч тиббий хизмат одамлар энг кўп мурожаат қиладиган, аҳолига ҳар томонлама тез ва сифатли ёрдам кўрсатувчи муҳим тузилма саналади.

Айтиш керак, охирги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор натижасида мазкур йўналишда яхлит тизим яратилиб, унинг қамрови янада кенгайди. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги 13 филиали ҳамда 181 та субфилиалида аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул, сифатли ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Биргина РШТЁИМнинг 53 та клиник ва параклиник бўлим ҳамда таркибий бўлинмаларида бугунги кунда ўнлаб турли юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажариляпти.

Жумладан, катталар ва болаларда қорин бўшлиғи, кўкрак қафасидаги барча шошилинч касалликларда минимал инвазив лапароскопик жарроҳлик усуллари, юрак ҳуружи ва бош мия қон айланиши бузилишларида дунёда “олтин стандарт” сифатида қабул қилинган тери орқали минимал инвазив ангиографик усуллар кенг қўлланилмоқда.

— Ҳозир диагностика ва даволаш жараёнига бир қатор инновацион усуллар татбиқ қилиняпти, — дейди РШТЁИМ директори Дониёр Алимов. — Хусусан, 2022 йил марказ ва унинг ҳудудий филиалларида “бола ёшидаги шикастланишлар” бўлими ташкил қилинди. Умуртқаларнинг ностабил синишларини хирургик даволашнинг замонавий усуллари амалиётга татбиқ қилиниши натижасида эса 900 нафардан зиёд беморнинг соғайиш муддати қисқарди.

Яна бир янгилик. Марказимизда бу йилдан илк бор тос суяклари ва қовурғаларнинг кўплаб синишларида замонавий юқори технологик металл конструкцияларни қўлловчи янги хирургик амалиётлар йўлга қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор сон суяклари синишлари ўткир даврида тос-сон бўғинини эндопротезлаш муолажа усуллари амалиётга татбиқ қилиниб, бугунгача 20 нафардан зиёд оғир шикастланган беморда ушбу мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди. Натижада улар орасида ўлим ва ногиронлик кўрсаткичлари қисқаришига эришилди.

Қолаверса, япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда бош миянинг қон томир нуқсонларини диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий усулларини қўллаш орқали инсульт оқибатида чуқур ногиронликка маҳкум бўлган 35 нафардан зиёд беморда ноёб операциялар ўтказилди.

Айниқса, мамлакатимизда илк бор юракнинг коронар артериялари ва бош миянинг экстракраниал қон томирларида бир вақтнинг ўзида гибрид ва симультант операцияларнинг бажарилиши кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.

Киритилди: 12:46 05.10.2022. Ўқилди: 1068 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!