Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

ССВ: “Асоратли ҳомиладорлик асоратли болаларнинг туғилиши дегани эмас!”

ССВ: “Асоратли ҳомиладорлик асоратли болаларнинг туғилиши дегани эмас!”

Ижтимоий тармоқларда 2021 йил юртимизда 910 минг нафардан зиёд боланинг 170 минг нафари асоратли туғуруқ билан дунёга келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу эса жамоатчиликнинг хавотирларига сабаб бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э. Баситханова мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди:

— Бугунги ахборот асрида кенг оммага бирор хабарни тақдим этиш катта масъулият юклайди, — дейди вазир ўринбосари. — Боиси биргина нотўғри маълумот нотўғри таҳлилларга олиб келади. Нотўғри таҳлиллар нотўғри қарорларни қабул қилишга сабаб бўлади. Соғлиқни сақлаш тизимида эса нотўғри қарорлар ачинарли оқибатларни юзага келтириши аниқ.

Cтатистик маълумотларга кўра, бугун дунёда аёлларнинг фақат 20 фоизидагина ҳомиладорлик даври физиологик соғлом кечади. Уларнинг 30-40 фоизида эса бу жараён ёндош касалликлар билан бирга ўтади.

17 фоиз аёлларда ҳомила асоратли кечиб, 30 фоизида анемия кузатилади. Қолаверса, деярли ҳар бир ҳомиладорликнинг эрта даврида боланинг тушиш хавфи мавжуд.

Бу рақамларни бежиз келтирганим йўқ. Сабаби Ўзбекистонда ўртача 900 минг нафар атрофидаги аёлнинг 170 мингтасида ҳомиладорлик пайти ҳар хил турдаги, яъни анемия ва ёндош касалликларнинг кузатилиши ҳамда ҳомиланинг асоратли кечиши дунё статистикасига мос.

Тарқалган хабарларда эса асоратли ҳомиладорлик билан боғлиқ рақамлар асоратли туғилган чақалоқлар статистикаси сифатида нотўғри талқин қилинмоқда.

Хўш, асоратли ҳомиладорлик ўзи нима?

Албатта бу кўпчилик ўйлаганидек, оғир ўлим ҳолатларига олиб келадиган нарса эмас. Яъни, ҳомиладорликнинг илк давридаги оддий кўнгил айниши, меъёрдан ортиқ қайт қилиш, оёқлардаги қон томирларнинг варикоз кенгайиши, ҳатто, белдаги оғриқлар ҳам ҳомиланинг асорат билан кечиши, деган ташхисни қўйишга сабаб бўлади.

Шунингдек, аёллардаги камқонлик, иммунологик ўзгаришлар, кесарча кесишни режалаштириш, ҳатто, эгизаклик ҳам тиббий нуқтаи назардан асоратли ҳомиладорлик ҳисобланади. Қолаверса, она қорнидаги боланинг жойлашиши ёки чақалоқнинг тос суяги ва ёнбош билан келишини ҳам шундай дейишимизга асос бўлади.

Яъни, асоратли ҳомиладорлик асоратли болаларнинг туғилиши, дегани эмас ва бундан ваҳимага тушишга ҳожат йўқ.

Қолаверса, юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш натижасида охирги йиллар оналар ўлими камайиб, 21 промилледан 14,4 промиллега тушди. Айниқса, яратилган шароитлар туфайли 500 гр. вазн билан туғилган ва биргина ҳаёт белгиси бўлган минглаб гўдакларнинг яшаб қолиш имконияти яратилди. Бу қувонарли, албатта.

Натижада мамлакатимизда гўдаклар ўлими 25 фоизга камайиб, Жиззах, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 6 промилледан пасайди. Шунингдек, юртимизда перинатал хизмати ривожланиб, уни нафақат пойтахт, балки ҳудудлардаги 46 та туманлараро марказлар орқали ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Албатта, бу ижобий ўзгаришлар мамлакатимизда мазкур соҳа давлат эътиборида эканининг тасдиғидир. Шундай экан, барчадан кенг оммага маълумот тақдим этаётганда бунга тўғри ва тушунган ҳолда ёндашишларини алоҳида сўраб қоламан. Акс ҳолда, бу одамлар онгида нотўғри тасаввур ва хулосаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Киритилди: 20:12 05.08.2022. Ўқилди: 2342 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!