Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

СССР одамларни нима қилган?

СССР одамларни нима қилган?

СССРни ўзининг сутэмизувчиси деб ҳисоблайдиганлар парчаланиш ҳақида гап кетганда бир жумлани ишлатишни жуда яхши кўради – “Горбачёв барини издан чиқарди”.

Аслида анчадан бери СССРда пишиб етилиб келаётган муаммолар тўқсонинчи йилларга келибгина намоён бўлди.

Айнан совет тартиби даврида одамлар ишлашни эсдан чиқарди, давлат бошқарувидан четлаштирилди, бойлардан ва умуман ҳар қандай хусусий мулкдан нафратланишни ўрганди, шунингдек оммавий равишда ичкиликбозликка ружу қўйди.

Хуллас, қуйида СССР аслида одамларни нима қилганини 7 бандда кўриб чиқамиз.

1. Ишлашдан бездирди

СССРнинг ўзидан қолдирган салбий оқибатларидан бири шуки, совет ҳукумати одамларни ишлашдан бутунлай бездириб ташлади. СССР пайти одам ўз меҳнати натижасидан манфаатдор бўлмаган, устига-устак бу ишлаб чиқаришнинг барча тармоқларига хос эди.

Завод директори маҳсулот сифатини эмас, режани қандай бажариш ҳақида ўйлаган, цех бошлиғи биронта одам маст ҳолда дастгоҳга яқин келмаслигини назорат қилиб турган, чилангар Вася эса кўпроқ тушликда газакка нима ейишни ўйлаган.

Маҳсулотнинг паст сифати ва ичкиликбозлик учун ҳеч ким ишдан бўшатилмаган, бу “ривожланган социалистик жамият” белгиси сифатида кўрилган. Ишлаб чиқаришдаги ялқов ва ичкиликка мубтало бўлган одамга, унга “сўнгги огоҳлантиришлар”ни берган ҳолда, охиригача сабр қилишган.

Совет жамиятининг меҳнатга бўлган муносабати худди шу мақолдагидек бўлган: “аскар ухламоқда – хизмат ўтмоқда”.

Ҳамма фақат энг охирги палладагина ишдан четлатилиши мумкинлигини билиб яшаган ва “модомики ҳаммага бир хил ойлик берилар экан, кўпроқ ишлашнинг нима кераги бор” деган қараш билан ишлашган.

1991 йилга келиб капиталистик муносабатлар бошланди – барча ялқов ва билмасвойларни завод ва бошқа идоралардан қисқартира бошлашди, чунки улар пулни кўкка совуришдан бўлак ҳеч бир иш қилмаган.

Ҳозир мундайлар СССР пайти қандай яхши яшаганлиги, “давлат уларга ойлик бериб тургани” ва “лаънати” тўқсонинчи йиллар барчасини расво қилгани ҳақида сўзлашни жуда яхши кўради.

2. Фуқароларни давлат бошқарувига аралаштирмаган

СССР зулмат бўлган, шунинг учунки, унда бир сиёсий гуруҳ (большевиклар) ҳокимиятни ноқонуний йўл билан эгаллаб турган ва ўзини сўнгги босқичдаги ҳақиқат ташувчи, бошқа партия ва ҳаракатларни эса душман деб эълон қилган.

70 йилдан кўп вақт давомида мамлакат фуқаролари давлат бошқарувида иштирок этишдан бутунлай маҳрум бўлди ва КПСС қули сифатида кун кечирди.

Советча “сайлов”ларда фақат бир коммунистик номзод бўлган, ушбу “сайлов”лар қатнашчиларига эса сайлов участкаларига келиш ва ўша номзод учун тантанали равишда галочка қўйиш таклиф этилган, холос.

Энг кулгилиси нимада, биласизми? КПССга нисбатан қўлланиладиган “партия” сўзининг ўзи бемаъниларча жаранглайди, негаки “партия” сўзи “қисм, бўлак” сифатида таржима қилинади, яъни бу сўз остида “парламентдаги бир бўлак” назарда тутилади.

Ахир КПСС ўз мухолифларини жисмонан йўқ қилиб, узоқ йиллар давомида ҳокимиятни бутунлай (ноқонуний) эгаллаб ўтирди. Одатда тарихда бундай ҳолатлар яхшилик билан тугамаган, вақт ўтиши билан одамлар ўзи ва ташқи дунё ҳақида кўп нарсаларни билиб бораверган. Агар демократик давлатларда авлодлар алмашинуви ўзидан-ўзи содир бўлса, СССРга ўхшаган ёпиқ мамлакатларда барчаси фожиа билан якун топган – чунки тахтга ёпишиб олган тараққиёт душманлари яхшиликча кетишни ҳеч қанақасига хоҳламайди. Бунга йўл қўймасликнинг ҳеч қандай механизми ўйлаб топилмаган – СССРда, одатдагидек, ҳокимиятдан ўз истаги билан кетганлар бўлмаган.

3. Хусусий мулкдан жудо қилди, бойлардан нафратланишни ўргатди

Марксчи ва большевикчилар фикрича, хусусий мулк – жуда ёмон, у кишини қандайдир золимга айлантиради, агар у нимагадир эга бўлса – худди Кашшейдек яна-да кўпроғига эга бўлишни хоҳлаб қолади. Умуман олганда большевиклар мол-мулкни ақлга сиғмас уйдирмалар билан таърифлаб келган.

Аслида айнан камбағал одам ҳамма нарсадан ғазабнок бўлади – чунки у оч ва доим қорин тўйдириш ғами билан юради. Ўзининг яшаш тарзидан – уй, кийим-кечак, озиқ-овқатдан – кўнгли тўқ бой одам эса қандайдир янги, қизиқарли ва фойдали нарса қилиш ҳақида ўйлайди, янги бизнесларни йўлга қўяди, дунё кезади, одамларга ёрдам беради ва ҳоказо.

Хусусий мулк йўқ бўлган жамиятни ижарага олинган уйга қиёслаш мумкин. Агар инсон ўзини ўз уйининг қайсидир қисмини тўлақонли эгасидек ҳис қилмаса, унда бу жой доим таназзулга қараб кетади – “модомики бу барибир менинг жойим эмас экан, мен бундан вақтинчалик муддатга фойдаланар эканман, эртага менинг жойимга бошқаси келиши аниқ экан, нега бу ерни сақлашим, озода тутишим керак” тартиби ишлай бошлайди.

Айнан советча андозадаги ижара уйлари мисолида хусусий мулксиз ҳаёт қандай бўлишини кўриш мумкин – бу ирқит, беором ва увадаси чиққан жойки, у ерда “атрофдаги ҳамма нарса колхозники, теваракдаги бари нарса ҳеч кимники” бўлади.

4. Ичкиликка ўргатди

Айнан советча тартиб ўзининг келажаги йўқ ҳаёти билан оммавий ичкиликбозликни дунёга келтирди. Энг даҳшатлиси – СССРда табиий вино ва пиво ичишмаган.

Паст сифатли спиртга ҳар хил бўёқ берувчи ва бошқа кимёвий моддаларни аралаштириш натижасида, тамоман соғликни ўлдирувчи, шалдир-шулдур қоришма истеъмолда бўлган.

5. Одамлар орасига душманлик уруғини сепган

СССР мухлислари гўёки совет даврида ҳамма дўстона яшагани, дарвозалар беркилмагани, ҳамма бир-бирининг уйига меҳмонга хоккей ёки КВН томоша қилишга бориб турганлиги ва дунёда энг зўри совет музқаймоқлари бўлгани ҳақида гапиришни севадилар.

Аслида советча муҳит ўзаро хусумат энг чўққисига чиққан жамият бўлганки, айнан СССРда ʼʼички душманʼʼ деган тушунча мавжуд бўлган. “Совет кишиси” тушунчасига мос келмайдиган ҳар қандай одам “халқ душмани” сифатида кўрилган – бундайларни турли йиллар давомида “шпион”, “зараркунанда”, “стиляга”, “чайқовчи”, “ғарбча ҳаёт тарафдори”, “плюралист”, “беватан космополит” каби ёрлиқлар билан айблаб келишган.

Бу шунинг учун бўлганки, большевиклар 1917 йилги давлат тўнтаришидан бери оёқлари остида ҳавф-хатарни ҳис қилиб яшаб келган ва мағлуб бўлиши аниқ бўлган биронта сиёсий мунозараларга йўл қўйишмаган.

Мубоҳаса ўрнига улар большевиклар фикрига қўшилмаганларни “халқ душмани” номи билан тамғалаб, ҳар қандай йўл билан яксон қилиб келган. Ёлғиз мисол – ГУЛАГ.

Бу васвасавий даврни биз бугун ҳам ҳис қилиб келмоқдамиз – агар Ғарбда сиёсий мухолифлар бир-бири билан (энг аввало шахсиятини) иззат-ҳурмат қилган ҳолда муомала қилса, собиқ СССРда большевиклар авлодлари одатда ўз мухолифига нисбатан “Либераст! Ватанингни неча пулга сотдинг” ўшқириғи билан муомалада бўлади.

6. “Атроф тўла душманлар” деган фикрга ўргатди

Ички душманлардан ташқари совет фуқароларига СССРни йўқ қилмоқчи бўлган уйқудаги ташқи душманлар ҳақида ҳам доимо айтиб келинган.

Маълум бўлишича, СССР гир атрофида “душманлик ҳалқаси” ҳукм сурган. СССРнинг Афғонистонга қўшин киритишига қарши БМТ норозиликларини совет телевиденияси шундай ёритган – “СССР теварагида адоват ҳалқаси яна таранглашиб бормоқда”.

Вақти-вақти билан совет фуқароларига ушбуни ҳам айта олишган – “аслида Ғарбда шундай мазлум ишчи-деҳқонлар яшайди, худди бизда 1917 йилда бўлганидек. Лекин маҳаллий капиталистлар советча ҳокимиятни қуришга халал бермоқда”.

Шу тарзда фуқароларни СССРнинг Ғарбга қарши эҳтимолий урушига тайёрлаб боришган, урушки, унда совет аскари бегона мамлакатнинг талончиси эмас, аксинча капиталистик зулмдан жабр чекаётган мазлум халқларнинг халоскори сифатида намоён бўлиши керак бўлган.

7. Келажакни ўлдирди

Ҳа, айнан СССР ўзининг кўкларга кўтарилиб мақталган “барқарорлиги” билан одамларни келажакдан маҳрум қилди.

СССРнинг аксарият фанатлари “эхх, тўқсонинчи йиллар бизни келажакдан жудо қилди!” деб йиғлайди.

Биродарлар, бизни келажакдан маҳрум қилган – бу тўқсонинчи йиллар эмас, балки СССРнинг ўзидир.

Тўқсонинчи йиллар бизни шунчаки реалликка олиб чиқди.

ʼʼILDIZʼʼ телеграм каналида ўзбек тилига ағдарилди

Manba: azon.uz

Киритилди: 06:30 13.07.2019. Ўқилди: 7485 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!