Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Сирдарёдаги ўқувчи қизлар муштлашуви бўйича расмий маълумот берилди. Аввалги маълумот рад этилди

Сирдарёдаги ўқувчи қизлар муштлашуви бўйича расмий маълумот берилди. Аввалги маълумот рад этилди

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Мирзаобод туманида мактаб ўқувчилари ўртасида жанжал акс этган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирди.

"Мактаб ўқувчилари ўртасида бўлган мазкур жанжал Мирзаобод тумани 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳовлисида содир бўлган. 

Жорий йилнинг 25 январида умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари Г.П. (қиз бола) ва Р.М. (қиз бола) нинг ўзаро келишмовчилик оқибатида тортишуви жанжалга сабаб бўлган. Бу вақтда жанжаллашаётган ўқувчи қизларни шу синф ўқувчиси К.З. (ўғил бола) томонидан телефон камерасида видеотасвирга олинган ҳамда ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган. 

Мазкур ҳолатда икки ўқувчига ҳам тан жароҳатлари етмаган. Вилоят ҳокимлиги, халқ таълими ва ички ишлар бошқармаси масъуллари, мактаб раҳбарияти, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида кўнгилсиз ҳолат танқидий-таҳлилий руҳда ўрганиб чиқилган. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида икки ўқувчи ўзаро ярашувга қўл узатишган.

Шунингдек, мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларнинг таълим-тарбияси ва хулқ-атвори доимий назоратга олинган.

Шу билан бирга, мактабда тарбия жараёни тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ўқувчиларни мактабдан ташқари банд қилиш ишларида камчиликлар мавжудлиги аниқланиб, мактаб директори ва директорнинг маънавият масалалари бўйича ўринбосарига тегишлича интизомий чора қўлланилган.

Ўқувчиларнинг ота-оналари фарзанд тарбиясидаги ўз мажбуриятларни етарли даражада бажармаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жаримага тортилган", дейилади расмий муносабатда.

Аввалроқ Сирдарё вилояти халқ таълим бошқармаси ахборот хизмати ходими Ориф Мирзиёев ушбу воқеа ўтган йили бўлиб ўтганлиги ҳақида маълумот берганини ёзгандик.  Сирдарё вилояти ҳокимлиги бу маълумотни рад этди.

Киритилди: 17:20 03.04.2021. Ўқилди: 6508 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!