Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Шавкат Мирзиёев "Ипотека банки"да давлат ҳиссасини оширишни буюрди

Шавкат Мирзиёев "Ипотека банки"да давлат ҳиссасини оширишни буюрди

Ўзбекистон ҳукумати "Ипотека банки"нинг устав капиталида давлат ҳиссасини оширади. Бу ҳақда президентнинг балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича қарорида келтирилган .

"Ипотека банки" устав капитали ҳажми октябр бошида 957,7 млрд сўмни ташкил қилган. Банкнинг 94 фоиздан ошиқ акцияси давлатга бевосита ёки билвосита тегишли. Эндиликда Тикланиш ва тараққиёт фонди ушбу банкка яна 50 млн АҚШ доллари (12.11.2018 йил ҳолатига кўра, 413,5 млрд сўм – таҳририят изоҳи) ажратади ва бу банкдаги давлат улушини янада оширади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги 28 та тижорат банкининг қарийб ярми бошқарувида давлат акциядор сифатида иштирок этади. Энг йирик тижорат банкларининг 3 таси эса 100 фоиз давлат банки ҳисобланади.

Шунингдек, октябрь ойида "Asia Alliance bank" тижорат банкининг 45 фоиз акциялари давлат ҳиссасига ўтган. "Asia Alliance bank" хусусий банк сифатида очилган, кейинчалик миллийлаштирилган Ўзбекистондаги иккинчи банк ҳисобланади.

Аввалроқ Халқаро валюта фонди (ХВФ) Ўзбекистон банк секторида давлат улуши юқорилиги ушбу соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилиши ва банкларнинг паст рентабеллигининг асосий сабаби эканлиги ҳақида таъкидлаган эди.

Шунингдек, Халқаро валюта фонди Ўзбекистонда кўпгина банкларни хусусийлаштириш ва Тикланиш ва тараққиёт фонди асосида Тараққиёт банкини ташкил этишни маслаҳат берган.

Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам давлат банкларининг бир қисмини хусусийлаштириш зарурлигини таъкидлаганди.

"Президент бизга банк секторида давлат улушини қисқартириш ва бу соҳани ривожланишини таъминлаш вазифасини қўйди",– дея таъкидлади молия вазири 8 ноябрда ХВФ вакили билан бўлган учрашувда.

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, давлат банкларини хусусийлаштириш ва ягона давлат тараққиёт банкини яратиш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.

Марказий банк раҳбарининг таъкидлашича, регуляторнинг асосий вазифаси инфляцияни пасайтиришдан иборат, бироқ давлат тақдим этаётган имтиёзли кредитлар ҳажмининг ошиб кетганлиги Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати самарадорлигини сусайтиради.

"Бизнинг асосий вазифамиз – инфляцияни барқарорлаштириш. Бироқ фақат монетар сиёсатни қатъийлаштириш орқали инфляцияни пасайтириш қийин. Инфляция даражасига фақат биз таъсир қила олмаймиз. Давлатнинг барча иқтисодий идоралари мувофиқлашган сиёсат олиб бориши зарур. Берилган кредитларнинг ярми имтиёзли эканлиги ва давлат тарафидан берилиши – Марказий банкнинг инфляцияни пасайтириш учун қўллайдиган инструментлари кучини пасайтиради”,– дейди Нурмуродов.

Қайд этиш жоизки, Ипотека банки ўзининг Тикланиш ва тараққиёт Фондидаги акцияларини 5 йил муддат ичида, соф фойдаси ҳисобига бозор баҳосида (номинал қийматдан кам бўлмаган миқдорда) қайта сотиб олади.

Manba: turon24

Киритилди: 22:11 12.11.2018. Ўқилди: 1520 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!