Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

«Сен қўрқоқ ва ношудсан». Златан Ибрагимович ва Хосеп Гвардиола ўртасидаги можаро тарихи

«Сен қўрқоқ ва ношудсан». Златан Ибрагимович ва Хосеп Гвардиола ўртасидаги можаро тарихи

Ҳозирда карантин чекловлари туфайли баъзи мамлакатларнинг Буюк Британияга кириши тақиқланган. Шу сабабли инглиз клублари иштирокидаги халқаро ўйинлар нейтрал майдонларда ўтказилмоқда. Хусусан, «Арсенал» (Европа Лигаси) Римда, «Манчестер Юнайтед» (Чемпионлар Лигаси) Туринда, «Ливерпуль» эса (Чемпионлар Лигаси) Будапештда ўйин ўтказишга мажбур бўлди.

Худди шунга ўхшаш ҳолат 2010 йилда ҳам қайд этилганди. Ўшанда ҳам ташқи таъсирлар ўйин атрофидаги вазиятга халақит берганди. Бироқ у вақт коронавирус пандемияси эмас, балки Исландиядаги Эйяфядлайёкюдл вулқони ҳаракатга келганди. Ўшанда Жозе Моуриньонинг «Интер»и Чемпионлар Лигаси ярим финалида Хосеп Гвардиола «Барселона»си билан баҳсга кириши лозим эди. Каталонияликлар вулқон отилиши натижасида келиб чиққан қуюқ тутун туфайли Миланга автобусда боришга мажбур бўлади. Ўша ўйиндан кейин Златан Ибрагимович Гвардиолани ҳақорат қилади, «Барселона» эса яна бир бор тарихга кириш имкониятидан мосуво бўлади.

Златаннинг 70 миллионлик трансфери

Ушбу ярим финал ўйинидан олдин жамоалар гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келганди: Миланда дуранг қайд этилган бўлса, Каталонияда «кўк-анорранглилар»нинг қўли баланд келади.

Гарчи таркибида Это’O, Милито ва Снейдер каби футболчилар бўлган Моуриньо жамоаси А Серияда устунлик қилаётган бўлса ҳам гуруҳ босқичи натижаларига кўра каталонлар учрашувнинг фаворити эди. Қолаверса, мавсум бошида «Интер» йўқотишга дуч келганди. «Барселона» «Реал»нинг Криштиану Роналдуни сотиб олганига жавобан Ибрагимовични «Интер»дан қарийб 70 миллион евро эвазига сотиб олганди.

«У ўртоқлик учрашувидан сўнг кийиниш хонасига кирди ва Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш учун кетиши кераклигини айтди», — деганди Моуриньо ўшанда футболчининг кетиши ҳақида.

Ибрагимовичнинг «Барселона»даги муаммолари

«Барселона»да Ибрагимовичнинг ишлари юришмади. У ва Гвардиола муросага келиши қийин кечади (Ибрагимович бу можаролар ҳақида «Мен — Златанман» номли автобиографик китобида батафсил ҳикоя қилган). Пеп Мессини марказга ўтказади, Златан эса бундан норози бўлади ва нима учун ўйнамаётганини билиш учун раҳбариятга мурожаат қилади. Аммо бу ёрдам бермайди, балки аксинча вазиятни янада оғирлаштиради. Гвардиола Златанга эътибор бермай қўяди, учрашиб қолган вақтларда эса қўл бермайди ва очиқчасига у тарафга қарамасликка одатланади.

«Кийиниш хонасида ўзимни ташландиқ одамдек ҳис қилардим, Гвардиола эса менга бирон бир ғалати буюмга қарагандек назар ташларди», — дея эслаганди футболчи. Ҳатто улар бу масалада Тьерри Анри билан ўзаро ҳазиллашиб ҳам турган:

— Эй, Златан, у бугун сен томонга қарадими?

— Йўқ, мен уни орқасидан кўрдим.

— Табриклайман, ишлар яхшиланмоқда.

Айтишларича, Пеп ҳозир ҳам футболчилар билан гаплашмайди, аммо унинг қайсидир футболчини шунчаки эътиборсиз қолдириши кутилмаган ҳолатдир. Умуман олганда, Ибрагимович ёмон ҳаракат қилмаганди — мавсум давомида 16 та гол ва 8 та голли узатма. «Арсенал»га қарши чорак финал ўйинида дубль қайд этган бўлса, ўзининг биринчи «Эль-Класико»сида ғалаба тўпини киритади.

Вулқон ва 16 соатлик йўл азоби

Ана шундай кайфиятда жамоа «Интер» билан дастлабки ярим финал учрашувини ўтказиш учун Миланга бориши керак эди. Аммо вулқон отилиши туфайли Европада маълум вақтга авиапарвозлар тўхтатиб қўйилади. «Барселона» Италияга автобусда боришга қарор қилади, бу 16 соатни оларди.

Ибрагимович ушбу «саёҳат»ни бошқача эслайди: «Автобусда боришга мажбур бўлдик. Ушбу саёҳат том маънода фалокатга айланди. Бу 16 соат давом этди, Миланга етиб борганимизда барчамиз ҳаддан ташқари чарчагандик».

Шу тариқа «Барселона» қийин аҳволга тушиб қолади: узоқ йўл, ўз уйдаги тетик рақиб, италиялик мухлислар ва ички низолар. Натижада, «Интер» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонади, 60-дақиқада эса Златан алмаштирилади. «Барселона» финалга чиқиш учун айни пайтда «Камп Ноу»даги жавоб учрашувида камида 2 та гол уриши керак эди.

Пеп жавоб учрашувида ҳам Златанни асосий таркибга киритади, боиси ҳал қилувчи ўйинларда у одатда яхши ҳаракат қиларди, шунинг учун бир амаллаб чидаб туриш мумкин эди. Учрашувнинг 25-дақиқасида «Интер» аъзоси Тиаго Мотта майдондан четлатилади. Шундан сўнг Гвардиола схемани ўзгартириш учун Ибрагимовични ёнига чақиради. Шу пайтда уларнинг ёнида Моуриньо пайдо бўлади ва испанияликнинг қулоғига нимадир деб шивирлайди.

«Мен унинг ёнига бориб: Олдиндан байрам қилма, ўйин ҳали якунига етгани йўқ, дедим», — эслаганди Жозе анча йиллардан кейин.

«Барселона» «Интер» дарвозасига самарасиз ҳужумлар уюштирди. Ибра яна 63-дақиқада захирага олинди. Ўйин тугашига етти дақиқа қолганида Пике миланликлар дарвозасини ишғол этади, аммо жуда кеч эди. «Интер» эса интизомли ҳимояси билан финалгача етиб боради ва у ерда «Бавария»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этади.

Ибрагимович бирорта ҳам гол уролмаган ярим финал ўйинларидан сўнг мураббий унга бўлган ишончни йўқотади. Шу тариқа Златан «Вильярреал»га қарши навбатдаги ўйинда захирада қолади ва бор-йўғи беш дақиқага майдонга чиқади. Эндиги фаоллашиш навбати «Швеция вулқони»га келганди. Ўйиндан сўнг дарғазаб Ибрагимович кийиниш хонасига кириб, Гвардиолага ҳамла қилади. Златаннинг ўзи содир бўлган воқеани қуйидагича тасвирлаб берганди: «Менинг асосий душманим кийиниш хонасида тақир бошини ишқалаб турарди. Ўшанда кўзимга катта металл шкаф кўринди. Мен шкафни тепдим ва Гвардиолага бақирдим: Сен қўрқоқсан, Моуриньога ютқаздинг, унинг олдида қанчалик ношуд эканлигингни кўрсатдинг». Испаниялик эса шкафни жойига қўйиб, хонадан чиқиб кетади.

Агар ўша Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонилган тақдирда «Барселона» кетма-кет уч марта мусобақада ғалаба қозонган илк жамоага айланарди (2009, 2010 ва 2011 йилларда) ва бу кўрсаткич бўйича «Реал»ни 7 йилга ортда қолдирган бўларди. Кийиниш хонасида содир бўлган воқеадан бир қанча вақт ўтгач Пеп Златанга бошқа унинг хизматларига эҳтиёж сезмаслигини айтади. Унинг ўрнига «Валенсия»дан Давид Вилья келади. Швед эса «Милан»га йўл олади — аввал ижара, кейинчалик эса тўлақонли асосда.

Эҳтимол, «Барселона» автобусда узоқ вақт юргани учунгина «Интер»га ютқазмагандир, Златан ва Гвардиола эса барибир қачондир жанжаллашган бўларди. Аммо буларнинг барчасига қайсидир маънода вулқон отилиши таъсир кўрсатгани ҳақида ўйлаш жуда қизиқ.

Киритилди: 20:31 08.03.2021. Ўқилди: 3487 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!