Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Самога сочилган юлдузлар

Самога сочилган юлдузлар

«Пахтакор» фожиасига бугун 40 йил бўлди. Биз уларни ҳеч қачон унутмаймиз. Улар мангу барҳаёт.

Сергей Покатилов 1975 йилда оғир жароҳат олади. Аммо унинг иродаси ва қатъийлиги орқага чекинишга йўл қўймайди ҳамда орадан уч йил ўтиб, 1978 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасидан бошлаб асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олади.

Тошкентга келмасдан олдин, шифокорлар Юрий Загуменнихнинг ҳаётини зўрға сақлаб қолишганди. Аммо бу ҳаёт ногиронлик тамғаси остида ўтиши кераклиги қатъий талаб қилинади. Футболчининг ақл бовар қилмас иродаси натижасида у катта футболга қайтади.

Владимир Макаров Душанбеда футбол ўйнай бошлаган, «Пахтакор»га ҳар жиҳатдан мос келганди, у жамоавий футболчи эди ва бу жамоадошлари билан тезда тил топишида ва жамоанинг ажралмас бўлаги бўлиб қолишида муҳим аҳамият касб этганди.

Олим Аширов «Пахтакор»га 17 ёшида келганди ва ҳимоя марказидан жой олганди. Ҳимоячи бўлишига қарамасдан, у ҳужумга ҳам тез-тез қўшилар, бир нечта муҳим голлар муаллифига айланганди. 

Николай Куликов футболдаги илк қадамларини Москвада қўйганди, 1974 йилда эса Ўзбекистонга келиб «Хонқа», «Янгиер» каби жамоаларда ўзини кўрсатди. 1977 йилда «Пахтакор»га таклиф қилинди ва жамоанинг олий лигага қайтишида ўз улушини қўшди.

Равил Агишев футболчи сифатида Бухорода тарбия топди, 16 ёшида эса «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга туша бошлади. 1978 йилдан эса асосий таркиб ўйинларида майдонга туша бошлади.

Шуҳрат Эшбўтаев 1978 йилги ўринбосарлар таркибидаги сермаҳсул ўйинлари орқали мураббийлар назарига тушганди. Асосий таркибда ҳам йўқолиб қолмади, асосан захирадан майдонга тушганига қарамасдан, учта гол муаллифига айланганди.

Владимир Собировни ўша пайтларда Хоразмнинг «Хонқа» жамоасининг бош мураббийи Сергей Доценко тавсия қилганди. «Пахтакор»да ҳам у йўқолиб қолмади, аста-секин асосий таркибга кириб бораётган эди.

Сирожиддин Бозоров балки Минскда ўзининг асосий таркибдаги илк учрашувини ўтказиши керак эди.

Виктор Чуркин 1976 йилда таркибга қўшилган ва асосий таркибнинг барқарор ўйинчиларидан бирига айланди.

Константин Баканов «Пахтакор»даги илк ўйинини 1972 йилда, 18 ёшида ўтказганди. Истеъдодли футболчи, футбол мактабида унинг илк устози «Пахтакор»нинг 60-йиллардаги ҳимоячиси Акмал Азизхўжаев эди.

Александр Корченов жамоанинг етакчиларидан бири, қийин вазиятларда ўзида куч топиш ва жамоани олдинга бошлаш қобилиятига эга эди. У «Пахтакор» таркибида 200га яқин ўйинларда майдонга тушган.

 

Михаил Ан бутун мамлакатда тан олинган, ном қозонган футболчи эди. У собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоасига жалб этилганди ва жамоа сардори сифатида зафар қучганди.

Владимир Фёдоров «Пахтакор»да ўйнаган ўйинчилар орасида терма жамоага энг кўп жалб қилинган футболчи эди. Тошкентликлар 1-лигага тушиб кетганларида ҳам, Лобановский уни термага чақиришни тўхтатмаганди.

Идгай Тезитдинов футболчиликни тугатгач, мураббийлик соҳасида ишлай бошлади ва нимадир уни «Пахтакор»га доим тортарди. У жамоага қайтди ва иккинчи мураббий сифатида ишлай бошлади. Шунингдек, жамоа администратори Мансур Толибжонов ва врач Владимир Чумаковлар ўша мудҳиш авиаҳалокат қурбонига айлангандилар.

1979 йилнинг 11 августида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Минскга, маҳаллий “Динамо”га қарши ўйин ўтказиш учун кетаётганда авиаҳалокатга учрадилар.

Ўша куни ҳамма йиғлаганди. Фақат ўша куни йиғлаганлар ҳам бор мухлислар ичида. Отасининг йиғлашини илк бор кўриб ҳайрон бўлиб қолган болакайлар ҳозир улғайган, сўрасангиз, айтиб беришади. «Йигирма икки тентак бир тўп орқасидан югуриб юришини» томоша қилаётган эрини тушунмай, елка қисадиган аёл ўша куни мана шу футбол туфайли унинг йиғлаётганини кўрди.

Албатта, ҳозир буни ҳис қилиш қийин, роса ҳаракат қилиб ҳам йиғлай олмаймиз. Шунчаки, оний ўлим бизни яқинларимиздан, балки яқинларимизни биздан ажратишга тайёр турганини тушунсак кифоя. Шундагина, бугунда кўпгина нарсаларни қадрлашни ўрганармидик.

iqtiboslar

Киритилди: 16:11 11.08.2019. Ўқилди: 2195 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!