Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Самарқандлик йигит сувга чўкаётган 3 яшар болакайни қутқариб қолди

Самарқандлик йигит сувга чўкаётган 3 яшар болакайни қутқариб қолди

Каттақўрғон туманининг Жумабой маҳалласи, Жумабой қишлоғида яшовчи 7 ёшли Қиличбек укаси, 3 ёшли Нишонбек билан уйидан 750 метрча узоқликдан оқиб ўтадиган ариқ ёнига борганда унинг қирғоғи сирпанчиқ бўлгани боис Нишонбек зовурда оқаётган оқава сувга тушиб кетади ва оқа бошлайди.

Zarnews хабар беришича, Нишонбекнинг сувга тушиб кетганидан қўрққан акаси нима қилишини билмай уйи томон югуради. Шу кетишда зовурдан тахминан 500 метрча узоклиқда юмуш билан юрган Жумабой маҳалласи, Паст қишлоғида яшовчи Жўрабек Зиёдовга дуч келади.

Жўрабек Қиличбекнинг гапларидан ҳолатни тезда тушуниб, болани қутқариш учун зовур томонга югуради. Зовур ёқалаб бир чақиримдан ортиқ югуриб бораётиб, сув устида қимирламай оқиб кетаётган болани кўради ва уст-боши билан ўзини сувга ташлаб, болани сувдан олиб чиқади. Бироқ бола ҳушсиз ва нафас олмаётганди.

Жўрабек боланинг нафас олиши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилади. Нишонбекнинг тилини тортади, сунъий ҳаво беради, боланинг кўкрак қисмини кетма-кет босиб, оёғини осмонга кўтаради. Шу йўл билан уни ҳаётга қайтаришга ҳаракат қилади. Кўрсатилган ушбу ёрдамдан сўнг бола бир сесканиб, чуқур нафас олади ва ҳаётга қайтади.

Жўрабек боланинг ҳўл бўлган уст-бошларини ечиб, уни ўзининг тўнига ўрайди, болани кўтарганча қишлоқ томон юради. Ёрдамга бошқа кишилар ҳам етиб келади, тез ёрдам чақирилади.

Жўрабек болани қўлидан қўймай, тиббий тез ёрдам машинасида шифохонага ҳам боради. Шифокорларнинг тегишли муолажаларидан кейин Нишонбек ўзига келади ва унинг юзига кулгу югурганини кўргандан кейингина Жўрабек уст-боши жиққа намлиги, ўзи ҳам совуқ қотаётганини сезади.

«Ҳозирда Нишонбекнинг соғлиғи жойида. Жўрабек Зиёдов эса ўз юмушлари билан банд. Унинг бу одамийлигидан болакайнинг ота-онаси, қолаверса, Жумабой маҳалласида истиқомат қилаётган барча бирдек миннатдор», — дейилади хабарда.

Киритилди: 11:43 16.01.2020. Ўқилди: 2492 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!