Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Самарқандда 9 ёшли бола қутуришдан вафот этди

Самарқандда 9 ёшли бола қутуришдан вафот этди

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида 9 ёшли боланинг қутуриш белгилари билан боғлиқ турли хабарлар тарқалди. Мазкур масалага аниқлик киритиш учун QALAMPIR.UZ мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди.

ССВнинг маълум қилишича, ушбу хабар юзасидан Республика давлат санитария эпидемиология маркази эпидемилогик суриштирув ишларини олиб борган.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 4 июнь куни Самарқанд туман, “Раванак” МФЙда истиқомат қилувчи 2010 йилда туғилган К.М.ни ҳудудда номаълум оқ рангли кичкина ит уйи олдида ўнг қўл билак соҳасини юзаки тирнаб, тан жароҳати етказган. Ҳолатдан хабар топган беморнинг онаси унга зудлик билан маҳаллий усулда хўжалик кир совуни билан жароҳат жойини ювиб, тиббиёт этил спирти ёрдамида биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Аммо унинг ота-оналари жароҳатга лоқайдлик билан қараб, профилактика мақсадида тез тиббий ёрдамга ёки ҳудудга яқин бўлган даволаш муассасасига мурожаат этмаган.

Натижада орадан қарийб 23 кун ўтиб болада тана ҳароратининг кўтарилиши, бир неча маротаба қайт қилиш, сув ичганда ютина олмаслик, тез-тез совуқ қотиш ҳамда кучли диарея белгилари кузатила бошланган. Эртаси куни ушбу аломатлар янада зўрайиб, бемор аҳволи оғирлашиб қолган. 29 июнь куни Самарқанд туман марказий поликлиникаси инфекционисти томонидан текширилганда, унда қутуриш белгилари аниқланади ва у шу заҳотиёқ тез тиббий ёрдам машинасида вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасига юборилади.

У ерда болага шифохона маслаҳат гуруҳи (бош шифокор, бош шифокор ўринбосари, қабул бўлими мудири, радиолог, эпидемиолог) томонидан номаълум итдан жароҳат олганлиги сабаб қутуриш касаллиги белгилари билан “А 82.0 га гумон” ташхиси қўйилган.

Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасининг бир гуруҳ малакали мутахассислари томонидан бемор учун барча зарур даво чоралари қўлланилган. Аммо шифокорларнинг уринишларига қарамай, жароҳатга лоқайдлик билан муносабатда бўлинганлиги ва оғир даражага келиб қолганлиги сабаб бемор ҳаёти сақлаб қолинмаган.

Киритилди: 15:37 05.07.2019. Ўқилди: 1864 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!