Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Самарадаги лагер: уйига қайтишни орзу қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар (ВИДЕО)

Самарадаги лагер: уйига қайтишни орзу қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар (ВИДЕО)

Mash нашри томонидан суратга олинган «Даштдаги мигрантларнинг улкан лагери ичра» видеорепортажи 5 август куни YouTube’даги эълон қилинди. Видеода Самара вилоятидаги даштликда, Россия—Қозоғистон чегараси яқинидаги шосседа жойлашган лагер, шох-шаббалардан қўлбола қилиб қурилган чайлалар, Қозоғистон орқали поездда ватанига қайтишини кутиб картон қутилар ва целлофанлар ёрдамида исинаётган ўзбекистонлик муҳожирлар — эркаклар, аёллар ва болалар тасвирланган. Бу ҳақда "Дарё" ёзмоқда.

Видеода ўнлаб одамлар 25 кундан буён очиқ осмон остида ҳеч қандай маиший шароитларсиз ётганликларини сўзлаб берган. Озиқ-овқат ва сув билан яқин атрофда жойлашган Болшечернигов масжидига келганлар ёрдам бермоқда. Бироқ одамларнинг айримлари тезкор тиббий хизматга муҳтож ва барча уйига қайтишини кутмоқда.

Репортажда таъкидлашича, шоссе бўйида яхши шароитларга эга лагер ҳам мавжуд: мустаҳкам палаткалари, ҳожатхоналари бор — у Болшечернигов тумани маъмурияти томонидан қурилган. У ерда тиббиёт ходимлари ҳам бўлиб, лагердаги баъзи фуқароларга ёрдам кўрсатган. Бироқ кўплаб муҳожирлар шароити яхши лагерга боришни истамаяпти, чунки бу уларнинг чегарада қолиб кетишлари ва уйга қайтиш муддатларининг яна сурилишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, муҳожирлар Ўзбекистонга кетадиган поездлар чиптасининг савдоси ва жойларнинг тақсимланишидаги коррупция ҳақида сўзлаб берган. Лагерда ҳар куни аҳолининг рўйхати тузилган ва шу бўйича одамлар ватанига қайтарилиши керак бўлган. Рўйхатга ёзилганларни автобусларга ўтқизиб, Самара вокзалига олиб боришган. Бироқ поездга бошқалар чиққан — стандарт нархдан кўпроқ пул тўлаганлар — рўйхатдагилар эса яна қайтариб даштга олиб келинган.

Видеодаги инсонларнинг айтишича, дастлаб чипта нархи 4500 рубль бўлган, кейин 9500 рублга чиққан, чипталар ким кўпроқ пул тўласа ўшанга сотилган. Улар фуқароларнинг жўнатилиши, чипталар ва жойлар билан ким шуғулланишидан бехабар. Муҳожирларнинг сўзларига кўра, лагердан вокзалга кетаётганлар автобусларга ўтқизилган, рақамлар берилган — автобус ва ўриндиқ рақами, бироқ яна қайтариб ортга ташлаб кетишган. Барча йўловчиси кетиши керак бўлган автобусдан лагерда 6 киши, бошқасидан эса — салкам 80 фоизи қолиб кетган. Уларнинг ўрнига лагерда яшамаган одамлар жўнатиб юборилган.

Шунингдек, муҳожирларнинг таъкидлашича, блогер ёки журналистлардан бири келиб атрофдаги бўм-бўш ҳудудни видеога олган ва лагер бўшаб ётибди, барча кетиб бўлди деб ёзган.

Аввалроқ Россиянинг Самара вилоятида қолиб кетган қарийб 500 нафар ўзбекистонлик ортга қайтиш учун Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишга урингани тўғрисида хабар берилганди. Кейинроқ Оренбург вилояти расмийлари Ўзбекистон фуқаролари 6 август куни чегарани кесиб ўтишлари мумкинлиги тўғрисида маълум қилган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистоннинг коронавирус пандемияси туфайли давлат чегараларини ёпгани оқибатида ватанга қайта олмаяпти. Июль ўрталарида чегара яқинидаги чодирларда минглаб ўзбекистонликларнинг қолиб кетгани ҳақида хабарлар берилганди.

Киритилди: 11:00 06.08.2020. Ўқилди: 3339 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!