Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

"Сабр қил, Элифжон, гўзал нарсалар гўзал сабрдан кейин келади"

"Сабр қил, Элифжон, гўзал нарсалар гўзал сабрдан кейин келади"

Туркиялик дугонам Элиф билан Фейсбук ижтимоий тармоғида танишганмиз. Бир куни ундан менга суратларидан жўнатишини сўрагандим, узрхоҳлик билан шундай жавоб ёзибди: Жон дўстим, мени афв этгайсан, ҳозир сенга сурат жўнатишга хижолатман. Чунки кеча эрим билан жанжаллашдик. У мени аямай дўппослади. Юз-кўзим калтак ва йиғи зарбидан шишиб кетган. Бироз ўзимга келай, албатта сенга суратимни жўнатаман . Орадан икки кун ўтиб виртуал дугонамдан сурат келди. Ҳақиқатан ҳам юзи шишган, қовоқларининг усти кўкариб ётганди. Унга ачиндим, бироқ тузукроқ танишга ҳам улгурмаганим бир инсоннинг шахсий ҳаётига аралашиб, ундан эри билан муносабатлари ҳақида сўрагим келмади. Кечки пайт фейсбукка киргандим, туркиялик дугонам менга кўнглини очди. Элифнинг маҳзун ҳикояси юрагимни ўртади.

... Асли юнон миллатига мансубман. Грецияликман. Исмим Никола эди. Истанбул Университетининг ҳуқуқ йўналиши халқаро гуруҳига ўқишга кирдим. Таҳсил мобайнида Туркия давлати, кишилари менга маъқул бўлди. Бу ерда ёшлар катталарни ҳурмат қилар, эҳтиромини ёши улуғларнинг қўлини ўпиш билан билдиришар экан. Таомлари, маданияти, тўй-маросимлари жуда чиройли бўлган бу элга ҳурматим уйғонди. Балки турмуш ўртоғимга шу сабабдан ҳам кўнглимда муҳаббат уйғонгандир. Хуллас, курсдошим бўлган турк йигити билан дўстона муносабатларимиз муҳаббат тусига кирди. Мен Қалқон (эрим)дан икки ёш каттаман. Бунинг устига ўшанда ғайриддин эдим. Орамиздаги узоқ масофа, ёшимиздаги тавофут ва тилимиз, динимиз, урф-одатларимиз ўртасидаги фарқ бизга тўсқинлик қилолмади. Бир-биримизни жуда қаттиқ севардик. Унинг ота-онаси мени қабул қилмаслигини айтишибди. Қалқон менга:

Агар мени чин дилдан севсанг, бир умр меҳр-муҳаббат оғушида яшашни хоҳласанг, Ислом динини қабул қиласан. Турк тилини ўрганасан, урф-одатларимиз, таомларимиз тайёрланишини ўзлаштирасан. Ана шунда мен ота-онамни рози қила оламан, деди. Унинг таклифини сўзсиз қабул қилдим. Ислом динини қабул қилишим ва мусулмон йигит билан турмуш қуришимга ота-онам, яқинларим қаттиқ қаршилик қилишди. Фикримдан қайтаролмаганларидан сўнг менга Ё бизни, ўша йигитни танлайсан! деган қаттиқ шарт қўйишди. Албатта мен Қалқонни танладим. Ота-онам рози бўлмаса-да Ислом динини қабул қилиб, калима келтирдим. Қалқон исмимни ўзгартиришимни айтди. Менга туркча исмларидан Элиф исми жуда ёқарди.

Исмим Элиф бўла қолсин? дедим унинг таклифини қўллаб-қувватлаб.

Жуда яхши, деди Қалқон севинчдан кўзлари порлаб.

Исмимни ўзгартирдик. Репититор ёллаб турк тилини ўргандим. Пазандалик, рўзғор тутиш курсларида ўқиб турк қизлари билиши шарт бўлган ҳамма нарсани ўзлаштирдим. Олти ойдан кейин Қалқон яна мени ота-онаси ҳузурига бошлаб бориб, менга уйланишига рози бўлишларини сўради. Бўлажак қайнонамга турк тили ва турк таомлари, турк аёлининг эри олдидаги вазифалари, мусулмон аёлининг одоби ва зийнатлари хусусида имтиҳон топширганимдан кейин улар мени келин қилишга рози бўлишди.

Аммо биз ота-онаси рози бўлмаган қизни зўрлик билан келин қилмаймиз, деди қайнотам. Биз расм-русумимизга кўра сеникига совчиликка бориб, ота-онангнинг рози-ризолиги билан сени келин қиламиз.

Хавотир билан Грецияга уйимга уларни бошлаб бордим. Онам тўнини тескари кийиб олди. Отам ҳам аввалига қовоғини очмади-да, бироз ўйлаб кўргач Қалқон ва ота-онасининг олдида менга шундай деди:

Майли, сенинг қарорингни ҳурмат қиламиз. Шу йигит билан бахтли бўлишингга кўзинг етса, биз ҳеч нима демаймиз. Лекин сен қабул қилган динда ота-она розилигисиз фарзанд бахтли бўлолмаслиги ҳақида айтилади. Биз ҳам ниманидир билганимиз учун, сенга сен истаганингдан кўра кўпроқ яхши бўлиши учун турк йигитига турмушга чиқишингга қаршилик қилаётгандик. Балки адашаётгандирмиз, балки бу йигит билан сени бахт кутаётгандир. Майли, қаерда бўлсанг ҳам омон бўл. Сен хурсанд бўлсанг, бизга шу керак.

Ота-онам тўйга қатнашолмаслигини айтишди. Афсуски, севган инсоним билан висолга эришаётганим учун ўша пайтда бу нарса менга унчалик таъсир қилмаганди. Тўйдан кейин одатий ҳаёт бошланиб, барча турк келинлари бажариши керак бўлган вазифаларни адо этишга киришдим. Бир неча ойдан сўнг Қалқонни Бурса вилояти амнияти мудирлигига ишга юборишди. Биз Бурсага кўчиб келдик. Мен шаҳар полиция маҳкамасида полиция маъмури вазифасига ишга тайинландим. Бир йилдан сўнг қизалоғимиз туғилди. Биз жуда бахтли эдик. Бир-биримизни севар, жон қадар асраб-авайлардик. Аллоҳнинг марҳамати билан қизалоғим шунақанги гўзал қизча эди-ки, эр-хотин унга қараб тўймасдик.

Гўзал муҳаббатдан гўзал фарзанд дунёга келди, дея астойдил севинарди Қалқон. Аммо бахтим узоққа чўзилмади. Шифокорлар қизимда аутизм хасталиги аломатлари борлигини айтишди. Шу билан куним касалхонама касалхона саргардонлик, докторларнинг оғзига илинж билан термулишларга қолди. Қизим айни пайтда саккиз ёшга тўлган. Аммо гапирмайди. Бунинг устига сержаҳл, инжиқ. Имтиҳон дунёсида ҳар банданинг синови бўлар экан. Муҳаббатга ишониб бахтсиз турмушга кўнганим ва қизалоғимнинг хасталиги менинг синовим экан...

Қизимизнинг хасталиги устига эримнинг золимлиги ҳам мени ҳолдан тойдирди. Сал нарсага жаҳл қилиб бақиради, дўппослайди. Унинг зулмидан ота-онасига шикоят қилай десам, улар ҳам баъзида ўғлидан ошириб юборади.

Сен билан фақат қизим учун яшаб юрибман! деб бақирди бир гал жанжаллашганимизда. Ўртамизда ҳурмат ҳам, меҳр-муҳаббат ҳам қолмаган!..

Ундан бунчалик қаттиқ таънани кутмагандим. Дилим оғриди. Мен уни севардим. Тўғриси, ҳануз севаман. Унинг учун қанчадан қанча қурбонликлар бердим. Ота-онамни норози қилдим. Севгимга хиёнат қилмадим. Ислом динини қабул қилганимга ҳеч афсусланмайман, чунки бу дин қийинчиликларга гўзал сабр қилган инсонга албатта бир куни ҳаловат ва хотиржамлик насиб этишини таъкидлайди. Бироқ ота-онасини рози қилолмаганлар икки дунёда рўшнолик кўрмаслигини ҳам шу диннинг таълимотидан билганман. Баъзида ота-онамни норози қилиб Қалқон билан турмуш қурганим учун ҳам фарзандим касалманд туғилдими, эримнинг мендан кўнгли совудими, дея ўйлайман. Ахир ёмон юрмасам, ота-онасини беҳурмат қилмасам, ҳамиша хизматига шай турсам, нега ўртамиздаги ҳурмат ва муҳаббат дарз кетиши мумкин? Дугонажон, ўзинг айт, мен хато қилганманми? Қалқонга турмушга чиқмаганимда Исломни қабул қилмаган, умрим залолатда ўтган бўларди-ку, худо асрасин. Ота-онам ҳам фарзандининг бахти учун астойдил розилик бериб, хуш-хурсандчилк билан тўйимда қатнашишса бўларди-ку? Ёхуд эркак севгиси вақтинчалик ҳавасми? Мен ҳам бахтли бўлишга ҳақим бор-ку! Мен қаерда адашдим?..

Элифнинг саволларига жавоб бериш менга оғир бўлди. Шунинг учун унга ўзбек аёлларининг шиорига айланган бир жумлани айтдим: Сабр қил, Элифжоним, бир куни жуфтинг сен у учун дунёдаги энг азиз ва ягона инсон эканлигингни англайди. Ҳозирча бир-бирингларга чидаб яшаб тур, яқин орада бир-бирингизга суяниб яшайсизлар!..

Умида АДИЗОВА,

azon.uz

Киритилди: 15:40 18.04.2019. Ўқилди: 3260 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!