Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Россияда қулликда яшаган ўзбекистонлик аёл: «Эрим мени ва бошқа хотинларини мебель каби ижарага берган»

Россияда қулликда яшаган ўзбекистонлик аёл: «Эрим мени ва бошқа хотинларини мебель каби ижарага берган»

Global Slavery Index маълумотларига кўра, 2018 йилдаги ҳисоб-китоблар бўйича Россияда 794 минг нафар одам қуллик ва одам савдоси қурбонига айланган. Мамлакат бу борада дунёда 64-ўринни эгаллайди. Россияга асосан Марказий Осиё давлатларида яшовчи меҳнат муҳожирлари келади. Улар қурилиш, коммунал хизматлар ва бошқа соҳаларда мажбурий меҳнатга жалб қилинади, деб ёзмоқда «Cabar.asia»га таяниб "Дарё".

Россия меҳнат конфедерацияси ҳуқуқшуноси Олег Бабичнинг айтишича, рейтингларда рақамлар реал ҳолатни акс эттирмайди.

Бабичнинг сўзларига кўра, кўплаб мигрантлар қул ўрнида ишлайди ва жамоатчилик бу борада етарли маълумотга эга эмас. Аксарият одамлар бу ҳақда гапириш ва жонини хатарга қўйишни истамайди. Юристнинг фикрича, Россияда 1,5 миллиондан зиёд меҳнат муҳожирлари ноқонуний фаолият олиб боради ва уларнинг 60 фоизи қулликка маҳкум.

Россияда «Альтернатива» қулликка қарши волонтёрлар ҳаракати асосчиси ва еткачиси Олег Мельников 9 йилдан буён жамоаси билан биргаликда одам савдоси қурбони бўлган инсонларни излаш ва уларни қулликдан озод қилиш билан шуғулланиб келади.

Унинг сўзлаб беришича, ушбу даврда жамоа Марказий Осиё давлатларидан келган 20 минг нафарга яқин муҳожирга ёрдам қилган.

«2011 йилда танишларимдан бири мурожаат қилиб, Доғистондаги қариндошини қулликдан қутқаришни сўради. Мен унга йўқ дея олмасдим. Доғистонда беш кишини — икки нафар аёл ва уч эркакни қулликдан озод этдик. Шундан кейин бу каби иллатлар қурбонига айланганларга ёрдам беришга қарор қилдим», — дейди Мельников.

Волонтёрлар етакчиси кўпчилик гуруҳдан ёрдам сўраши, бироқ ҳаммага ҳам кўмак бериш имконияти йўқлигини айтган.

Мельниковнинг айтишича, Россияга асосан Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари қул сифатида келиб қолади. Қозоғистонлик кўплаб қизлар ва аёллар эса Баҳрайн ҳамда БААга фоҳишалик қилишга мажбурлаб жўнатилган.

Ҳикоя қилинишича, 2020 йил 20 февралда ўзбекистонлик Қадрия исмли аёл турмуш ўртоғининг таклифи билан Ўзбекистондан Россияга келган. Оила Москвадаги ижарага олинган квартирага жойлашган ва бошқа қўшнилар билан бирга ҳаёт кечира бошлаган.

Кейинчалик аёлнинг эри Жаъфар хотинини жиддий назорат қилиб, уйдан чиқармасликка ҳаракат қила бошлаган, патентни расмийлаштириш учун унинг паспортини олиб қўйган ва қайтариб бермаган. Сўнгра уни пластик контейнерлар ишлаб чиқарувчи заводга ишга олиб борган ва Қадрия у ерда ишлаб маошини қўлига ушлаб ҳам кўрмаган.

«Ўтган давр оралиғида бир неча марта ижара уйдан қочишга ва эримдан яширинишга уриндим, лекин у ҳар сафар мени излаб топар ва ортга қайтарарди. Икки марта ўз жонимга қасд қилдим. Охир-оқибат яширин равишда эримни телефонидан онамга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрадим.

У нафақат мени, балки яна бошқа хотинларини ҳам шундай ишлатар экан. Бу ҳақда Москвага келганимда билдим, у аёлларни мебелдек ижарага берарди. Биз қаерда ишла дейишса, ўша ерга бориб меҳнат қилардик, қилмаган ишимиз қолмаган. Россияда бу каби ишлар билан шуғулланадиган жиноий гуруҳлар бор, эрим улардан бири билан ҳамкорлик қиларди», — дейди ўзбекистонлик аёл.

Қадриянинг онаси Ўзбекистондаги «Истиқболли авлод» ташкилотига мурожаат қилиб, улар орқали «Альтернатива» ҳаракати билан боғланган.

Москва шаҳри ички ишлар бошқармасининг ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, пойтахтда «қуйи мафия» гуруҳи бу каби жиноятларни амалга оширади. Хайр-садақа сўровчи гадойларнинг 40 фоизи куч ишлатиш йўли билан ушлаб турилади ва улар асосан егулик учун ишлайди. Кўпинча бу ишга Россия вилоятларидан келган кишилар ҳамда ишсиз қолган меҳнат муҳожирлари жалб қилинади.

Чақалоғи доим ухловчи оналарни «Мадонна» дейишади. Мадонна қўлидаги бола ҳамиша уйқу дори ёки алкогол таъсирида бўлади, гўдак уч ойдан ошиқ яшамайди.

Мафия болаларни қашшоқ оилалардан ёки бола ўғриларидан сотиб олади. Бир нафар гўдакнинг нархи, тахминан, 200 минг рубль (2782 АҚШ доллари). 2019 йилда Россияда умумий ҳисобда 500 нафарга яқин бола вафот этган, шундан 20-30 фоизини Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларининг болалари ташкил этади.

Россияда замонавий қуллик борасида расмий статистика мавжуд эмас, лекин экспертлар изсиз йўқолиб кетаётган мигрантлар сони йилдан йилга ўсиб бораётганини таъкидлаган.

Олег Мельников ўзидаги маълумотларга кўра, мажбурий меҳнатга жалб қилинадиган бир нафар қулнинг нархи 15 минг рубль (210 АҚШ доллари) эканини билдирган.

Экспертларнинг қайд этишича, бу борада янги ҳуқуқий нормалар ёки қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур. Меҳнатга жалб қилинаётган қуллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, изсиз йўқолган муҳожирларни излаш билан шуғулланадиган идора ёхуд ташкилотлар йўқ.

«Каритас» маркази раҳбари Пётр Соколов қулликка маҳкум бўлаётган меҳнат муҳожирлари полицияга қўнғироқ қилиш ёки қочиб кетишга шароит юзага келса ҳам буни қилишга қўрқади.

«Жиноятга умуман алоқаси йўқ мигрантнинг очилмаган ишлар статистикасини яхшилаш учун қамалиши билан боғлиқ ҳолатлар жуда кўп учраган. Улар полиция ходимларидан қаттиқ қўрқади. Аксарият муҳожирлар 5-6 йил давомида Россияда рўйхатдан ўтмасдан ноқонуний фаолият олиб боради. Уларга ортиқча муаммо керак эмас. Шунинг учун ҳам йилдан йилга қуллик тизими илдиз отиб кетяпти», — деган Соколов.

Олег Мельниковнинг тахмин қилишича, коронавирус пандемияси бошланганидан кейин қуллар сони яна ўсиб кетиши мумкин. Унинг фикрича, Россияда карантин даврида 10 миллион нафар одамнинг ўз ишини йўқотгани, мамлакатда одам савдоси ҳамда қуллик янада авж олиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Киритилди: 09:42 11.08.2020. Ўқилди: 8375 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!