Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Россияда қўлга олинган қидирувдаги шахсга жазо тайинланди

Россияда қўлга олинган қидирувдаги шахсга жазо тайинланди

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва фуқаролар учун яратилаётган қулай шарт-шароитдан унумли фойдаланмаётган шахслар ва қинғир йўллар билан бойлик орттириш, бировни ҳаққи эвазига кун кўрувчилар ҳам учраб туради.

2019 йил 13 февраль куни жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди биносида, очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи А.Аминов ўғрилик фаолияти билан шуғулланганлиги учун қидирувда бўлган шахсга нисбатан суд ҳукмини эълон қилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди хабар берди.

1983 йил Наманган шаҳрида туғилган Маруф исмли шахс 2016-2017 йилларда ўғрилик фаолияти билан шуғулланганлиги сабабли унга нисбатан суд томонидан қидирув эълон қилинган эди. Бироқ, халқимизда қилмиш-қидирмиш ёки жиноят жазосиз қолмайди деган нақл бор, шундай бўлди ҳам. Маруфнинг қидирувдаги фаолияти узоққа чўзилмади.

Маруф ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, ўзининг жиноий шериклари Мухаммаджон ва Тохир билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2016 йил 13 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига келиб, Чимбой туман Дехқон бозори яқинида бекатда турган Нексия русумли автомашинанинг эшигини қайчи билан ғайриқонуний равишда очиб, автомашина орқа юкхонасида турган 8.800.000 сўм пулларни ўғирлаган.

Бундан ташқари, Маруф жиноий фаолиятини давом эттириб жиноий шериклари билан биргаликда 2016 йил 29 ноябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманига келиб, Саноат қишлоғида жойлашган гуруч бозорининг автотураргоҳида турган Нексия ва Ласетти русумли автомашиналарнинг орқа юкхонасини ғайриқонуний равишда очиб, автомашина юкхонасида турган 11.202.000 сўм пулларни ўғирлаган.

Шунингдек, Маруф жиноий фаолиятини давом эттириб, жиноий шериклари билан биргаликда 2017 йил 9 январь куни яна Нукус шаҳрига бориб, шаҳарнинг Кўхна қалъа ҳудудида жойлашган автомашиналар вақтинчалик тўхташ жойида турган Спарк русумли автомашина эшигини қайчи билан ғайриқонуний равишда очиб, автомашина салонида турган 20.000.000 сўм пулларни ўғирлаган.

Мазкур жиноий ҳаракатлар учун Мухаммаджон ва Тохирларга нисбатан 2017 йилда суд ҳукми эълон қилиниб, уларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Ушбу вақтда Маруф жазодан қутилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлардан яширинган. Бироқ, Бузоқнинг югургани сомонхонагача , 2018 йил 11 ноябрда Маруф Россия Федерациясининг Оренбург шаҳрида ушланган.

Суднинг ҳукми билан Маруфга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми а банди (ўғрилик) билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Суд мажлисида Маруф айбини тушуниб етгани, ўйламай қилган жинояти қандай оғир оқибатларга олиб келгани ҳақида пушаймон бўлиб айтган сўзлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Киритилди: 11:56 19.02.2019. Ўқилди: 1481 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!