Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Россияда наркотик ташлаб қўйилган журналистни деб одамлар жунбушга келди

Россияда наркотик ташлаб қўйилган журналистни деб одамлар жунбушга келди

Россияда жамият антикоррупцион суриштирувлари билан танилган журналистга полиция наркотик ташлаб қўйганидан жунбушга келди. Бу мавзу ҳатто Владимир Путиннинг ўша куни Санкт-Петербургда иқтисодий форум доирасидаги чиқишларини ҳам орқа фонга суриб қўйди.

Ўзи нима гап: 6 июн куни Москва полицияси «Медуза» интернет нашрининг журналисти Иван Голуновни қўлга олган. Пойтахт мериясидаги мансаб суиистеъмолчиликлари ҳақидаги суриштирувлари билан танилган журналистни наркотик тайёрлаш ва сақлашда айблашмоқда. Голуновнинг ўзи миллиардлаб пул айланадиган дафн маросимлари бизнесини ФСБ генераллари назорат қилаётганини суриштиргани учун ҳибсга олинганини айтмоқда.

Россиянинг уч етакчи нашри «Ведомости», «Коммерсант» ва РБК бугун бош саҳифасини бир хил чиқаришди – «Биз Иван Голуновмиз». Шу билан улар наркотик модда сақлашда айбланиб қўлга олинган журналист ҳамкасби Иван Голунов билан ҳамжиҳат ва ҳамдардликларини намойиш қилишган.

«Биз Иван Голуновнинг айбдорлигини кўрсатиш учун терговчилар келтираётган исботларни ишончсиз деб ҳисоблаймиз. У қўлга олинган вазият тергов жараёнида ҳам қонунбузилиш ҳолати бўлмаганига шубҳа уйғотади», – дейилади ҳар уч нашрнинг биргаликдаги баёнотида.

Россиянинг яқин тарихида мисли кўрилмаган норозилик чиқишлари ва жамоатчилик босими деб 8 июн куни суд уни қамоққа эмас, уй қамоғига ҳукм қилди.

Суд ва ИИВ Москва шаҳар бош бошқармаси биноси олдида Иван Голуновнинг қамалишидан норози бўлган журналистлар ёлғиз пикет уюштирган. Улар орасида «Медуза» бош директори Галина Тимченко, журналист ва жамоат фаоли Ксения Собчак, «Новая газета» асосчиси Дмитрий Муратов, «Эхо Москвы» бош муҳаррири Алексей Венедиктов, «The Bell» асосчиси Елизавета Осетинская ҳам бўлган.

Плакат кўтариб чиққанларни полиция қўлга олиб, маъмурий иш очган. Аввалига плакат кўтариб чиққан «Новая газета» журналисти Иля Азар, унинг кетидан яна шу нашр журналисти Павел Канигин қўлга олинади. Шундан сўнг пикетга чиққан Виктор Шендерович, Александр Поливанов, Григорий Туманов ва Виктор Ивлев қўлга олинади. Ҳаммаси журналистлар. Уларга «50 метр қоидаси»ни бузганлик айби билан маъмурий иш очишади. Бу қоидага кўра ёлғиз пикет ҳисобланиши учун пикетчилар бир-биридан камида 50 метр масофада туришлари керак.

Бу воқеаларнинг аҳамияти нимада: россиялик журналистларнинг ҳамкасбларига нисбатан ҳамдардлигини кўрсатиши, қўллаб-қувватлаши мисли кўрилмаган шаклда илк марта кузатилаяпти. Голуновни интернет, босма нашрлар ва телевидениеда ишлайдиган 5 мингга яқин журналист, кўплаб жамоат ва санъат арбоблари қўллаб-қувватлади. Кенг жамоатчилик Голуновга туҳмат қилинаётганига, наркотикларни унга полициянинг ўзи ташлаб қўйганига ишонади.

Киритилди: 15:27 10.06.2019. Ўқилди: 1499 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!