Россия ҳукумати энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужумидан кейин мамлакатни қамраб олган ёқилғи танқислигини компенсация қилиш учун Хитой ҳамда Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бензин импортини бошлаш бўйича чора-тадбирлар пакетини тайёрлади.
«Коммерсант» хабар беришича, Москва ХХРдан ташқари Жанубий Корея ва Сингапурдан ҳам бензин сотиб олишни мўлжалламоқда. Бунинг учун Узоқ Шарқдаги айрим назорат-ўтказиш пунктлари орқали келтириладиган ёқилғи учун импорт божларини ноллаштириш режалаштирилган. Бунда импортёрларга жаҳон ва ички бозордаги нархлар ўртасидаги тафовут давлат томонидан бюджет ҳисобига қоплаб берилади.
Осиёдан бензинни учта компания етказиб бериши мумкин — «Роснефт», Мустақил нефтгаз компанияси (ННК) ҳамда «Саноат хомашёси импорти» давлат ташқи иқтисодий бирлашмаси. Бу ҳар ой Сибирдаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилган 150 минг тонна бензинни Россия Федерациясининг марказий қисмига йўналтириш имконини беради.
Ҳозирча, ёқилғи-энергетика мажмуаларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чораларга қарамай, ички бозорни нефт маҳсулотлари билан таъминлаш билан боғлиқ вазият янада ёмонлашиши хавфи мавжуд, дея бош вазир ўринбосари Александр Новак бош вазир Михаил Мишустинга йўллаган мурожаатни келтиради «Коммерсант».
Сентябр ойида Россиянинг яна тўртта нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқаришни тўхтатди.