Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Россия томонидан 12 йил қидирилган андижонлик хавфли жиноятчи даҳшатли қотилликка қўл урди

Россия томонидан 12 йил қидирилган андижонлик хавфли жиноятчи даҳшатли қотилликка қўл урди

Андижоннинг Пахта обод туманилик Ихтиёр Турғунов илгари гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганликда гумон қилиниб, Россия Федерацияси ҳуқуқ- тартибот органлари томонидан қидирувга берилган ва 12 йил қидирилган. Бу ҳақда Маҳалла нашри ёзмоқда.

И. Турғунов истиқомат қиладиган Навбаҳор маҳалласи профилактика инспекторининг айтишича, яқинда мазкур давлат қонунчилигига мувофиқ, муддат тугагани сабабли қидирув бекор қилинган. Қизиғи, шу 12 йил мобайнида гумонланувчи оғир жиноят учун чет элда қидирилаётган шахс юртимизда эмин-эркин, ўз оиласи даврасида яшади. Ҳатто фермер хўжалиги ташкил этиб, қишлоқнинг обрўли фуқароларидан бирига айланди. Хорижда у нима билан шуғулланган, кимлар билан дўстлашган бу билан ҳеч ким қизиқиб ҳам кўрмади. Унинг Россия ҳукумати ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан узоқ муддат қидирилгани юртимизда ҳам мудҳиш жиноят содир этганидан кейингина маълум бўлди. Жиноятчининг хориждаги саргузаштларига оид суд жараёнида маълум бўлган тафсилотларга қарамай маҳалладошлар, хотинининг ҳамкасблари уни илиқ таърифлашаётгани эса ажабланарли.

Мудҳиш кеча

2018 йилнинг 5 ноябридан 6 ноябрига ўтар кечаси И.Турғунов ишдан чарчаб, уйига келади. Куни билан юриб 20 сотих ерда етиштирган шолисини комбайндан чиқариб ололмаганидан ўзини қўярга жой тополмасди. Шунинг учун хотини олдига қўйган овқат ҳам томоғидан ўтмай, бир шиша ароқни симириб ичади. Иши юришмагани бир тараф, хотинининг дийдиёси эса ундан-да ошиб тушди. Эр-хотин ўртасидаги айтишув катта жанжалга айланиб, Ихтиёр қўлидаги ароқ шишаси ва темир бўлаги билан хотинини жон таслим қилгунича савалайверди...

Оиласидаги сир ўзигагина аён

Машъум воқеа туфайли ёш жувон ҳаётдан кетди. Маданият педагогика коллежи битирувчиси Аржумандбону билан Пахтаобод туманидаги 31-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Мадинабону меҳрибон ва ғамхўр онаизоридан айрилдилар. Бугун маҳалла аҳли фожиа ва унинг сабабларини ўзларича муҳокама қилмоқдалар. Табиийки, бу тасодифми ёки йиллар давомида тўпланган дард-аламнинг қонли якуними, деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда. Бундай англашилмовчилик ва чалкашликнинг боиси шуки, мазкур оила Навбаҳор даги намунали хонадонлардан бири саналар эди. Бундай шарафга эришишда кўпроқ 31-мактаб муаллимаси, марҳума Муҳайё Турғунованинг қишлоқ ва таълим муассасасида топган обрў-эътибори бош омил эди.

У доимо оиласига ғамхўр, меҳрибон эди, дейди мактаб хотин-қизлар қўмитаси раиси Гуландом Солиева. У хокисор, атрофдагиларга ҳурматда эди. Энди тушундимки, бояқишни сира англамабмиз. Билганимизда турмуш ўртоғи, оиласи ҳақидаги ширин гапларига маҳлиё бўлмай, кўнглидаги ғам-андуҳга ҳам нигоҳ ташлардик.

Қизиқ, маҳалла намунали, оила ибратли, эр рисоладагидай бўлса, у ҳолда нега мудҳиш воқеа рўй берди? Бунинг асосини қаердан изламоқ керак? Ўз жуфти ҳалолини жони узилгунича дўппослаш, таҳқирлаш, азоблаш бу шунчаки жаҳл устида қилинадиган жиноят эмас.

Меҳнаткаш, изланувчан, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатадиган инсондан бундай жиноятни кутмагандим, дейди профилактика инспектори Одилжон Эсонбоев. Ўша куни ярим кечаси опасининг уйидан қўлига кишан солиб олиб чиқдим, қаршилик кўрсатмади, қочишга уринмади. Умуман, ҳанузга қадар нега? , нима учун? деган савол миямдан кетмаяпти.

Ичкиликнинг касофати эдими?

Мен ўн саккиз йил масъул котиб бўлиб ишладим, дейди маҳалла фаоли Оминахон Тўйчибоева. Маҳалладаги тўққиз юзга яқин оиланинг ҳаммасини яхши биламан. Ихтиёрнинг турмуш ўртоғи Муҳайё қишлоғимизга келин бўлиб тушган. Мен уни бошқаларга ибрат, намуна қилиб кўрсатар эдим. Камгап, оқила, имон-эътиқодли, маънавияти юксак аёл эди. Эри ҳақида ҳам шундай фикрда эдим. Агар уларнинг ўзаро муносабатида муаммо пайдо бўлса, мен сезардим. Афсуски, ғафлатда қолдик...

Шу ўринда яна бир фикр эътиборимизни тортди. Одилжон Эсонбоев Ихтиёр гиёҳванд эмасди, аммо бироз ичиб турарди , деди. Демак, унинг ичкиликка мойиллигини маҳалла билган, аммо чора кўрмаган. Шунинг учун ҳам у арзимаган машаққат ни баҳона қилиб, бир шиша ароқни ичиб юборган. Эҳтимолки, бу биринчи ҳолат эмасдир. Аёл эса бу каби нохушликни умрининг сўнгги онларига қадар яшириб келган...

Ҳукм

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди судьяси Илҳомжон Сотволдиев И.Турғуновни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг Ж банди билан айбли деб топиб, унга нисбатан 17 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтиши белгилаб қўйилди.

Вояга етмаган қизларга қийин бўлди. Энди уларда на ота бор, на она...

Киритилди: 10:52 15.04.2019. Ўқилди: 6841 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!