КХДР Россиядан олган нефть ҳажми 1 миллион баррелдан ошди. Бу Пхенянга санкциялар жорий этилганидан бери кузатилмаган барқарорлик даражасини таъминлайди, деб ёзади BBC Open Source Centre тадқиқот маркази ҳисоб-китобларига таяниб.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги саккиз ой ичида Шимолий Кореянинг ўндан ортиқ танкерлари Узоқ Шарқдаги Россия нефть терминали ва Шимолий Корея портлари ўртасида 43 марта қатновни амалга оширган. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар шуни кўрсатадики, 7 мартдан бошлаб бу танкерлар Россияга бўш бориб, юкланган ҳолда қайтиб келган. Ушбу парвозларнинг охиргиси 5 ноябрь куни Шимолий Корея қўшинлари Курск вилоятига жўнатилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг қайд этилган.
Пхенян ядровий қурол ишлаб чиқаргани учун халқаро санкциялар остида. Мамлакатга йилига 500 минг баррелдан ортиқ нефть сотиб олиш тақиқланган. Шу билан бирга, 1 миллион баррель ёки 56 минг тонна Россия Федерацияси учун аҳамиятсиз ҳажм бўлиб, расмий маълумотларга кўра, бир кунда деярли ўн баравар кўп ишлаб чиқарилади.
Аввалроқ Британиянинг Тҳе Тимес газетасининг Ғарб разведкасидаги манбалари Шимолий Корея Россияга йилига 3 миллионга яқин снаряд етказиб беришини маълум қилганди – бу Россия армияси Украинага қарши урушда ишлатадиган ўқ-дориларнинг ярмини ташкил этади.