Россия Давлат думаси 10 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Россияда террорчи деб эълон қилинган ташкилотларнинг фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиш имконини берувчи тузатишларни биринчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш учун 339 нафар депутат овоз берди, уч нафари қарши чиқди, бир нафари бетараф қолди. Россияда террорчи деб эълон қилинган ташкилот фаолиятига қўйилган тақиқни бош прокурор ёки унинг ўринбосари даъвоси асосида суд қарори билан бекор қилиш таклиф қилинмоқда.
Агар тузатишлар қабул қилинса, «Толибон» ҳаракати террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташланиши мумкин. Сўнгги йилларда Россия ҳукумати «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш режалаштирилаётганини бир неча бор, жумладан, ҳаракат 2021 йилда Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан кейин айтган. Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги 2024 йил май ойида Россия президенти Владимир Путинга «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш мумкинлигини маълум қилган.
Мазкур қонун лойиҳаси 26 ноябрда Давлат думасига киритилганди.
«Толибон» ҳаракати 2003 йил 14 февралда Россия Олий суди томонидан мамлакат ҳудудида фаолияти тақиқланган террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган.