Бугун 23 июль, 2019 йил, сешанба

O'ZB

Разолатлар ботқоғига ботган инсоният ва Ислом

Разолатлар ботқоғига ботган инсоният ва Ислом

Европа зулматли “ўрта асрлар”ни бошидан кечираётган бир пайтда мелодий йил ҳисоби бўйича 610 санада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юбориб Ислом нури билан оламни мунаввар қилди. Аллоҳ таоло ўша йили Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг охирги илоҳий китоби Қуръони Каримни нозил қилишни бошлади.

Ўша пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак умрларидан қирқинчи йилини ўтказар эдилар. Дунё жар ёқасига келиб қолган эди. Турли разолатлар ботқоғига ботган инсоният ўзини ўзи ўлдиришга уринмоқда эди. Бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган эди. Қаёққа қарасанг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғон-туҳмат, душманлик ва жаҳолат ҳукм сурар эди.

Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси ҳозиргига ўхшаб бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди. Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди.

Ўша пайтда инсоният ҳаётининг барча жабҳаларида инсон деган шарафли номга мутлақо ор ва номус бўлган ҳолат ҳукм сурар эди.

Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси ҳозиргига ўхшаб бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди. Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғабар бўлишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди. Чунки бу жамият ўз тарихида ёзиш-ўқиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида, тартиб-интизом деган нарсаларни билган эмас.

Агар мазкур омилларни ўзида мужассам қилган халқ ичидан охирги замон пайғамбари танлаб олинганида одамлар, бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган, бу динни ҳам ўзлари ўйлаб жорий қилдилар, дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва У зотнинг раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёни жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Арабларнинг сиртдан нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом хизмати йўлида фазилатга айланди. Чунки мазкур омиллар туфайли уларнинг фикрига бирор мафкура чуқур ўрнамаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларининг таг-туби ила ўрнашиб кетишига ёрдам берар эди. Уларнинг ҳеч кимга бўйсунмаганлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдам берар эди. Қолаверса, ана шундоқ жоҳил халқнинг қисқа муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғамбар бўлишлари учун дунёнинг энг муносиб ўлкаси Арабистон ярим оролини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ алайҳиссалом шу ўлкада ўтган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом шу ўлкага Байтуллоҳни қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга шу ўлканинг Мадян исмли жойида пайғамбарлик берилган эди. Бу ўлкадан Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар паноҳ топган эдилар. Шунингдек, римликларнинг душманлигига дучор бўлган насронийлар ҳам бу ўлканинг Нажрон номли жойидан паноҳ топган эдилар. Аллоҳ таоло бу ўлкани табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шундоқ ишлар учун жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғамбар бўлишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси Маккаи Мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ернинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замонлар, ҳамма маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнинг маркази айнан ана шундоқ жойда бўлиши матлуб эди.

Энг муҳими, бу шаҳарда анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамларида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи Муаззама бор эди. Ўз навбатида Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблашар эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар бу ерга ҳаж қилишар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалроқ макон бўлиши мумкин эмас эди.

Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғамбар бўлишлари учун энг муносиб замонни ихтиёр қилди.

Ўша пайтда бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини таъмин эта оладиган динни жорий қилишининг айни замони эди.

Анчадан буён самовий дин юборилмаётган эди. Аллоҳ таоло Ўз тарафидан юборган самовий динларнинг барчаси одамлар томонидан бузилиб ўз кучини ва таъсирини мутлақо йўқотган эди.

Яҳудийлик яҳудийлар томонидан шу даражада бузилган эдики, унга яҳудий бўлиб туғилмаган одам кира олмас эди. Яҳудийлар ўзларини Аллоҳнинг танланган халқи, бошқа халқларни ўзларига эшак деб эълон қилган эдилар. Албатта, бундоқ дин дунё халқларига ҳеч қандай бахт ато этмас эди.

“Олам ва одам, дин ва илм” китобидан

Manba: islom.uz

Киритилди: 07:15 02.07.2019. Ўқилди: 981 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!