Бугун 19 март, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Расул Кушербаев "Ўзбекистон темир йўллари" ҳақида: "Бу – номардлик"

Расул Кушербаев "Ўзбекистон темир йўллари" ҳақида: "Бу – номардлик"

Жонкуяр депутат Расул Кушербаев ўз каналида ўринли мулоҳазаларни билдириб ўтди:
 

Айрим идора ва ташкилотлар ходимларини карантин вақтида қўллаб-қувватлаш ўрнига ўз ҳисобларидан мажбуран меҳнат таътилига чиқариб юбормоқда. Бундай ҳолатни биз «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ходимлари мисолида эшитаяпмиз.

Бу аввало ташкилотнинг ўз ходимларига нисбатан номардлиги бўлади. Демак, бу каби ҳолатга йўл қўяётган ташкилот ҳеч қачон ходимлари манфаати учун астойдил жон куйдирмайди.

Энди бунинг қонуний томонларига эътибор қиладиган бўлсак.
Биринчидан, ходимни мажбуран ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариб бўлмайди. Меҳнат кодексига асосан ходим ўз ихтиёри билангина ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқиши мумкин.

Иккинчидан, Президентнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг 18-бандида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига (улар ўрнини босувчи шахсларга, васийларга, ҳомийларга) йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан, 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этилиши кўрсатиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, болалари боғча ёки бошланғич мактабда тарбияланаётган ота-оналарни фақатгина маблағ тўланадиган меҳнат таътилига чиқариш мумкин.

Парламент аъзолари шу каби масалаларда мурожаат қилган фуқаролар ишларини тезликда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ижобий ечишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу етарлимас. Вазият яхшиланиши билан меҳнат қонунчилигини қўпол тарзда бузган идоралар бўйича парламент эшитуви ўтказилиши шарт, деб ҳисоблайман.

Жойларда ҳалиям мантиқсиз йиғилишлар бўлаётгани ҳақида ҳам билиб юрибмиз. Айниқса, маҳалла раислари ва ходимларининг уйма-уй юришга мажбурланаётгани бугунги кун шароитида ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳол. Бунга йўл қўяётган ҳокимлар айни вақтда бунинг нақадар мантиқсиз эканлигини англашлари керак.

Тўғриси, бу ҳукуматнинг қуйи даражадаги бўғинларида яшаётган муаммо. Аммо биз вақти келиб ҳукуматдан бунга изоҳ сўрашимиз керак.

Фавқулодда вазият эълон қилиш осон иш эмаслиги аниқ. Дунёдаги кўпгина мамлакатлар карантин ҳолати бўлса ҳам бундай режим эълон қилгани йўқ. Афсуски, бундай режимга ўтиш кўп ҳолларда инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилишига олиб келиши мумкин. Лекин Ўзбекистон шароитида агар вазият шуни тақозо қилса эълон қилиниши керак. Билмадим, ҳозирча бунга зарурат бўлмаётгандир. Бир нарсани унутмаслик керакки, нимаики кескин чоралар қўлланилса айни пайтда бунга одамларнинг ўзи сабабчи бўлади.

Киритилди: 23:38 01.04.2020. Ўқилди: 5675 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!