Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Расул Кушербаев Шерзод Шерматовга жавоб қайтарди: «Бунинг учун судни овора қилиб ўтирмайлик...»

Расул Кушербаев Шерзод Шерматовга жавоб қайтарди: «Бунинг учун судни овора қилиб ўтирмайлик...»

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев халқ таълими Шерзод Шерматовнинг мактаб директорларини ўқувчилари ОТМга кира олмаганлиги учун вазифасидан озод этилиши ҳақидаги жавобига ўз муносабатини билдирди.

Шерзод Шерматов бундай позиция «популизм» эканлигини айтиб, депутатга мазкур масала бўйича мурожаат қилганида, боғлана олмаганлигини маълум қилган эди.

«Халқ таълими вазирига ҳурматим баланд ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки улар хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида таълим олган, дунёқараши кенг, билимли ва афсуски кам сонли зиёлиларимиздан. Соғлигим билан боғлиқ муаммолар туфайли телефон орқали мулоқот қилишни чеклаган вақтларим мени қидирган эканлар, бунинг учун узр. Албатта ҳали мулоқот қилишга улгурамиз, деган умиддаман», — деди депутат.

Расул Кушербаев мактаб директорларининг ушбу сабаб билан ишдан олиниши қонун томонидан нотўғри эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

«Мен олий таълим муассасасига битирувчилари кира олмаганлиги учун мактаб раҳбарларининг ишдан бўшатилишини қонунлар шу жумладан, Меҳнат кодекси талабларига тўғри келмаслигини, бу нотўғри стратегия экани ва бу сабаб билан ишдан кетганлар бўлса суд орқали муаммони ҳал қилиши мумкинлигини бир интервьюда айтиб ўтгандим. Мен қонун устувор бўлишини истайман холос, ўлай агар бошқа мақсадим йўқ. Тўғриси, бу сабаб билан ишдан кетган бирорта мактаб директориниям танимайман», — дея таъкидлади у.

«Бироқ ҳурматли вазиримиз мени бунинг учун популизм ва қатор ва ҳоказо масалаларда айблабдилар. Агар демократик давлатлар қатори қонун устуворлигини таъминлаш ва муаммони суд орқали ҳал қилиш популизм бўлса унда мен эмас аввало қонунлар ва Меҳнат кодекси бош популист бўлиб қолмайдими? Мен „тут причем“ агар қонунлар шундай ва камига суд, деган ҳокимиятимиз бўлса», — деб қайд этди Расул Кушербаев.

Депутат суд орқали ўз шанини ҳимоя қилиш демократик жамиятга хос эканлигини таъкидлади.

«Яқинда демократик жамиятлар қатори ўз шаънини қонунларга асосан суд орқали ҳимоя қилишга ҳаракат қилган Халқ таълими вазирлиги ва илғор хориж таълим даргоҳи битирувчиси, демократ вазиримиз буни яхши билсалар керак. Фақат бирор марта депутат, ўқитувчи, мактаб директори бўлиб кўрмаган айримларнинг депутатларни душман, деб қараш фикри баъзан инсонни сал чалғитади: ким бўлибди ўзи бу депутатлар?» — деб айтди у.

Шу билан бирга, Расул Кушербаев хато ўйлаётган ва фикрлаётган бўлса вазир ва бутун вазирлик тизимидан, агар ишчанлик обрўсига путур етиб қолган бўлса минглаб ўқитувчилардан узр сўрашини маълум қилди. «Бунинг учун судни овора қилиб ўтирмайлик», — дея айтиб ўтди у.

«Бироқ барибир таълимми, соғлиқни сақлашми, ҳуқуқни мухофаза қилишми қўйингки барча соҳада аввало қонунларга сўзсиз риоя қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашни бош мақсадга айлантиришга амалда тўлиқ эришмас эканмиз биз яна кўп йиллар орқада қолишимиз мумкин, деган фикримдан қайтмайман. Шунингдек, интервьюда олий таълимга ўқувчиси кира олмаганлиги учун мактаб директорларини ишдан бўшатиш Меҳнат кодекси ва бошқа қонун талабларига зид, бу нотўғри стратегия эканлиги тўғрисидаги фикрларим асоссиз бўлса, бунга ҳам истаган вақтда раддия беришга тайёрман. Фақат асослаб берилса ёки қонунлар ўзгартирилса бўлди», — дея қўшимча қилди депутат.

Киритилди: 11:17 02.03.2021. Ўқилди: 6385 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!