Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз Telegram каналида танлов эълон қилди. Танлов шартига кўра, Россиянинг янги намунадаги 500 рубллик купюрасида “Грозний-Сити”га овоз берганлар орасидан танлаб олинган 10 кишига iPhone 17 берилади.
"Бугун Грозний шаҳри ва Чеченистонни севадиган ҳар бир кишининг ёрдами жуда зарур. Танловда иштирок этиш учун “Грозний-Сити”га овоз бериш ва ижтимоий тармоқларда скриншотларни жойлаштириш керак", — деб ёзди Қодиров.
Ҳозирда Россия аҳолиси мамлакатнинг янги намунадаги 500 рубллик купюраси дизайни учун овоз бермоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, унда “Грозний-Сити” ва Элбрус тоғи етакчилик қилмоқда. Уларнинг ҳар бири учун миллиондан ортиқ овоз берилган.