Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Раддияга раддия. Юлдузлар фанида янгилик қилганини айтган ўзбек олими танқидга жавоб берди

Раддияга раддия. Юлдузлар фанида янгилик қилганини айтган ўзбек олими танқидга жавоб берди

Ўзбек олими "юлдузлар тўғрисидаги фанда ўзгариш қилиши мумкин бўлган кашфиёт" қилгани, хусусан, қора туйнуклар табиатда мавжуд эмаслигини исботлаб, Эйнштейннинг орзусини амалга оширгани ҳақида 7 декабрда баъзи интернет агентликларида рус ва инглиз тилларида хабар тарқалди. Астрофизик Пўлат Тожимуродов Turon24да эълон қилинган "Ўзбек олими Зоҳид Зокир Эйнштейннинг орзусини амалга оширдими?" мақоласида янги назария ва уни муаллифини қаттиқ танқид қилиб, бу "бирор-бир оламшумул хулоса қилиш учун етарли эмас" деган фикрни билдирди. T24 бу танқидга қандай жавоб қайтаришини билиш мақсадида, Зоҳид Зокирга мурожаат этди ва қуйида унинг мулоҳазалари ҳавола этилади.


Жавобимни танқидий мақола якунидаги маънавий ўгит танқидчининг ўзи ва у ҳимоя қилишга ҳаракат қилган қора туйнуклар таълимоти учун қанчалик ўринли эканлигига эътиборни қаратишдан бошлайман.

Танқидчининг ёзишича "Баҳсли, мунозарабоп тадқиқотлар илм-фан ривожида ўзига яраша муҳим ўрин эгаллайди. Бироқ тадқиқот нафақат баҳсли, балки хатолардан холи ва холис бўлиши ҳам керак. Акс ҳолда у фанни ривожлантириш ўрнига уни эгри йўлга киргизиб юборади". Тарих истеҳзоси билан ана шундай аянчли ҳолат Эйнштейн ва у каби реалист олимлар фикри рад қилиниб, 60-йиллардан илмий фантастикадан фарқ қилмайдиган қора туйнуклар таълимоти кенг тан олинганда юзага келди.

Мен 20 йил аввал шубҳалана бошлаб ва илмий асарларни текшириб чиқиб, 12 йил аввал ўзим учун ҳам кутилмаганда қора туйнуклар таълимоти Эйнштейн гравитация назариясидан нафақат келиб чиқмаслиги, балки ҳатто тақиқланишини исботладим. Бу, демак, 50 йил аввал "баҳсли, мунозарабоп тадқиқотлар илм-фан ривожида ўзига яраша муҳим ўрин" эгаллади-ю, лекин янги таълимот "хатолардан холи ва холис бўлиши ҳам керак"лигига юзаки қаралиб, бу билан "фанни ривожлантириш ўрнига уни эгри йўлга киргизиб" юборди.

Танқидчининг ёзишича "Қора туйнук ғояси билан биринчи бор танишганда Альберт Эйнштейн "юлдузлар бундай аҳмоқона иш қилмайди" деб айтган ва қора туйнукларга шунчаки бир математик ғаройибот сифатида қараган". Бунга шуни қўшимча қилиш лозимки, Эйнштейн умрининг охиригача, яна деярли 40 йил, бу фикрини ўзгартирмаган.

Хўш, бошқа олимлар нега Эйнштейнга қарши чиқишган? Бу ўринли саволга танқидчининг жавоби: "Лекин кейинчалик Чандрасекар, Оппенгеймер ва Волковнинг ишлари натижасида қора туйнуклар айнан қай йўл билан ва қандай шароитда вужудга келиши маълум бўлган". Бу "тарихий маълумот" қора туйнук ғояси қандай мантиқий сакрашларга асосланганига мисолдир. Аслида, ўша уч олим 30-йилларда сиқилган юлдузларнинг мувозанатда туриш чегараларинигина топишган. Уларнинг мувозанат бузилиб, коллапс бошланса, нима вужудга келиши ҳақида бирон нарса дейишга ҳаққи йўқ эди. Мана сизга "қора туйнуклар… вужудга келиши" "исботланиши"нинг намунаси!

Эйнштейн назариясида сферик юлдузнинг босим бўлмаган ҳолдаги идеал коллапси ечимлари вақтга боғлиқ ва анча мураккабдир. Энг содда ҳол – чанг сферик булути мисолида аниқ ечимни 1939 йил Оппенгеймер ва Снайдер топишган. Илмий адабиётда бу ҳақда айтилади-ю, лекин ечимнинг ўзи келтирилмайди, чунки унинг баъзи муҳим тафсилотлари уларнинг мақоласида келтирилмайди. Уларнинг асл ечими ўрнига бошқа, ҳамҳаракат кузатувчилар учун бўлган Фридман ечими келтирилади ва бу "Оппенгеймер-Снайдер ечими" сифатида тақдим этилади! Натижада шу пайтгача кўпчилик мутахассислар асл ечим ҳақида тасаввурга эга эмасди.

Менинг ҳамкасбларимдан фарқим шу бўлдики, анча уриниб, ушбу ечимни тўлиқ келтириб чиқардим ва тўғри қўллай бошладим. Шунда уни бошқа тафсилотлари ҳам ойдинлашди ва коллапс қора туйнукка эмас, балки мен ном берган фрозарга олиб келишини исботладим. Кейинчалик мақолам рецензенти ва Англиялик Ж.Маршалл ҳам буни тушуниб, қўшилишди. Бошқалар ҳам буларни тушуниб етиши ва Ўзбекистонда яратилган фрозарлар назариясини яқин орада дунёда тан олиниши аниқ.

Ўтган асрнинг 30-йилларида энергия манбаи тугаган юлдузлар совиб, босими камайиши ва гравитация уни сиқа бошлаши ҳамда массаси Қуёшдан уч марта кўп бўлгани сиқилишини бирон куч тўхтата олмаслиги аниқланди. Ньютон назариясида бундай юлдуз юзаси гравитацион радиусга етганда тушиш тезлиги ёруғлик тезлигига етади, кейин ундан ҳам ошиб марказга қулайди, бутун юлдуз бир нуқтада йиғилиб, сингулярлик ҳосил бўлади. Шу сценарий Эйнштейн назариясида ҳам ўринли деб ҳисобланган қора туйнуклар таълимоти ярим аср давомида дунёда кенг тарғиб этиб келинди.

Шу сабабли Эйнштейн назариясидан фақат фрозарлар келиб чиқишини тушунган деярли ҳар бир мутахассис менга "Сизга жуда оғир бўлади, катта қаршиликка дуч келасиз!" деб тушкунлик кайфиятида ачиниб қўярди.

Эйнштейн назариясига биноан узоқдаги кузатувчилар кучли гравитацияда бўлган жисмлардаги барча жараёнлар секинлашишини кўрадилар. Бу ажойиб эффект Эйнштейн томонидан кашф қилиниб, кўп тажрибаларда тасдиқланган. Лекин бу вақт секинлашиши нисбий эмас, абсолют эканига мутахассислар эътибор бермай келдилар ва қора туйнук ҳам шу хатога асосланган.

Икки эгизак туғилганида бири ракетада катта тезликда саёҳатга кетиб, 20 йилдан сўнг қайтиб келганида, саёҳатга кетгани Ерда қолганидан анча ёш бўлиши яхши маълум – бу эгизаклар парадокси. Сабаби – учиб кетгани тезлиги ўзгариб тургани, яъни тезланишида вақт секинлашиши абсолют бўлади. Худди шундай вақтнинг абсолют секинлашиши гравитацион майдонда узоқ бўлган объектларда ҳам бўлади.

Танқидчи ҳам махсус нисбийлик назариясидаги вақт нисбийлигини гравитацияда шундай бўлади, деган фундаментал хатога асосланган. Тинч турган кузатувчи учун "коллапс… чексиз узоқ давом этиши, чанг булути ҳеч қачон охиригача сиқилиб, қора ўрага айланмаслиги"ни айтиб, танқидчи юлдуз фрозарга айланишини тўғри таърифлаган. Лекин у сохта "нисбийлик"ка ишониб, иккинчи, яъни қора туйнук сценарийсига ўтади: "зарралар билан бирга ҳаракатланувчи кузатувчилар" учун "барча модда янги ҳосил бўлган қора туйнук марказидаги сингулярликка тушади". Сабаби, Оппенгеймер-Снайдер тинч турган кузатувчилар учун юлдуз юзаси гравитацион радиусга ета олмай қотиб қолади, деган. Лекин улар ҳам бу "нисбий" деб ўйлаб, ҳамҳаракат кузатувчилар бошқа манзарани кўриши ҳақида мулоҳаза юритишган ва қора тўйнук таълимотида бу иккиланиш "исбот" сифатида талқин этилган.

Мен биринчи бўлиб исботлаган янгилик шундан иборатки, юлдузнинг нафақат юзаси, балки барча ички қатламлари ўзаро музлайди. Музлаш жараёни марказдан бошланиб тезда юзага етиб келади ва юлдуз батамом қотади. Ана шу ҳолатда юлдуз фрозарга айланди, демакдир. Эйнштейн назариясида, бошқа физика соҳаларида каби, катта ўлчамдаги объектнинг барча қатламлари бир вақтда олиниши шарт. Жаҳон вақти, яъни барча нуқтада ўзаро синхрон юрувчи соатлар кўрсатуви, ана шу бир вақтлилик шартини бажарувчи ягона вақтдир. Юлдуз зарралари билан бирга қулаётган локал ҳамҳаракат кузатувчилар бу шартни умуман бажаролмайди, чунки уларнинг соатлари ҳам катта тезлик, ҳам тезланиш, ҳам ўзгарувчи гравитация таъсирида ҳар жойда ҳар хил юради ва ҳар хил вақтни кўрсатади. Хуллас, улар вақти ва бошқа координаталарида юлдуз бир вақтда мавжуд бутун объект сифатида кузатила олмайди. Ва ниҳоят, юлдуз фрозарга айланиб, тинч турган кузатувчилар координатларида барча зарралари траекториялари ўзаро яқинлашишдан деярли тўхтаса, бошқа ҳар қандай кузатувчилар учун ҳам юлдуз бутун объект сифатида қотган бўлади. Алоҳида олинадиган локал кузатувчи натижасини бутун юлдузга тарқатиш – бу қора туйнук ғоясидаги асосий  хатолардандир.

Локал вақтни глобал объектларга ишлатиш қандай ишкалга олиб келишига бир "ерлик" мисол келтираман. "Наврўзда қуёш чиққандан ботгунича 12 соат ўтади" деб исботлаган одам Ўзбекистонда ҳақ, лекин Шимолий Муз океанида Қуёш бир чиқиб ярим йил ботмаслиги хаёлига ҳам келмайди. У ерда "жаҳон вақти" (Ернинг бир айланиши) билан ўлчанадиган 24 соатлик суткалар тез-тез ўтаверади, ваҳоланки, Қуёш чиқиши ва ботиши орасидаги "кун" билан ўлчанадиган "локал вақт" ярим йилга чўзилиб кетган бўлади. Лекин Ер ҳам "локал вақт"га қараб айланишини секинлатиб, ярим йилда бир айланиши мумкинлиги соғ одамнинг хаёлига ҳам келмайди.

Эйнштейн назариясида вақт секинлашиши чуқурроқ асосга эга. Локал кузатувчилар стандарт соати шу ердаги барча жараёнлар темпини кўрсатса, жаҳон вақтини кўрсатувчи соатлар турли жойлардаги ҳодисалар бир вақтлилигини белгилайди. Вақтнинг бу икки хоссаси икки хил соат орқали ўлчаниши гравитацияни бошқа соҳалардан фарқлайди. Қора туйнук тарафдорлари жаҳон вақтини "ёмон" кўришига сабаб ҳам фақат бу вақт объектни у жойлашган реал дунё астрономик вақти билан боғлайди ва жаҳон вақти чексиз бўлганидан "кейин" (!) қора туйнук пайдо бўлиши борасидаги "чуқур мулоҳаза"лар, аслида фантазияларга ўрин қолдирмайди.

Чанг булути моделида "модда зарралари орасидаги ҳар қандай бошқа ўзаро таъсир ҳисобга олинмаган" деган важ ҳам ўринсиз, чунки ҳар қандай босим коллапсга тўсқинлик қилади ва агар идеал коллапсда қора туйнук вужудга келмаса, "реал" коллапсда бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Танқидчи мақоласида икки чет эллик профессорнинг "фикрлари" келтирилган. Улар илмий мақолам билан юзаки танишиб, уни чалакам-чатти тушунишган. Уларнинг бири "Иккала мақолани қараб чиқиб, ҳеч бирида наф кўрмадим" деб бу соҳадан қанчалик йироқлигини кўрсатган. Чунки мақоламда Оппенгеймер-Снайдер моделининг деярли барча муҳим тафсилотлари келтирилгани учун бундай мақолани ўқиш ҳар қандай ҳақиқий мутахассиснинг орзуси бўлиб келган ва буни ўзимдан биламан. Иккинчиси эса "мақолага фақат тез кўз югуртириб чиқа олдим" деб ёзган ва бу "кўз югуртириш" натижасида "Тушунишимча, Зокирнинг мақоласида қора туйнуклар шаклланади" деб, мен исботлаган фактни тескарисини қаердан тўқиб чиқариб "тушунгани"га мен тушунолмадим.

Ваҳоланки, илмий мақоламни ўзида бир неча марта такрорланиб, ҳатто аннотациясида ҳам ёзилишича "Оппегеймер-Снайдер ечими, Шварцшильд координатларидаги ечим сифатида, қотган юлдуз (frosar) манзарасига нафақат юзаси учун, балки ички қобиқлари учун ҳам олиб келади", дейилган. Бу "мутахассис" фикри "чуқурлик" даражасини ҳис этиш учун унинг яна бир мулоҳазаси етарли: "Мақоладаги мулоҳазаларни тушуниш қийин, чунки у (Зоҳид Зокир) қандай координаталардан фойдаланаётгани ва катталиклар қай йўлда аниқланганини кўрсатмаган." Аслида эса, мақолада ечимлар Шварцшильд координатларидаги экани бир неча марта такрорланган.

Бу илмий баҳсдан ташқари танқидчи ва "экспертлар" инсоний масалаларга ҳам урғу бериб, янги назария муаллифи ва "бўлмағур" мақолаларни чиқарадиган журналнинг савияси пастлигини кўрсатишга уринишган. Мен "компроматлар уруши"да қатнашишни ўзимга лойиқ топмадим. Фақат қора туйнуклар таълимоти асосчиларидан бири, машҳур физик Я.Зельдовичнинг умри охирида ёзганини келтираман: "Охирги натижа, физик ҳақиқат мени ким уни биринчи топганидан қатъи назар қизиқтиради. Ишқилиб, уни тушунишга кучим етса, бас!"

Якун сифатида айтиш лозимки, Эйнштейн назарияси юлдузлар борасида бундан буён ўзгармайди, уни ҳар бир башорати шу пайтгача тасдиғини топган, вақти келиб фрозарлар ҳам дунёда тан олиниб, коинот илмий манзарасининг муҳим элементи сифатида асрларда қолади. Бу борада танқидчининг бир фикри тўғри – бу натижанинг "Ўзбекистон фанлар академиясига ҳам, бирорта ОТМга ҳам алоқаси йўқ!"

Зоҳид Зокир

Turon24

Киритилди: 14:11 12.12.2018. Ўқилди: 2492 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!