Дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилди. Бу ҳақда 2024 йил 12 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш, ҳеч бир сабабсиз дарё ўзанларидаги қум-шағални қазиб олаётганларни аниқлаш, дарё ўзанларини муҳофаза қилиш мақсадида Сирдарё вилоят экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Боёвут тумани ва Ширин шаҳар бўлимлари ходимлари томонидан тунги рейд тадбири ўтказилди.
Рейдда "Озодлик" МФЙ ҳудудида дарё муҳофаза майдонидан қум ортиб кетаётган 3 та автотранспорт воситаси ашёвий далил билан қўлга олинди. Яна бир шунга ўхшаш ҳолат Гулистон тумани ҳудудида содир бўлди. Сирдарё вилояти йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига қарашли бўлган техника ёрдамида "Сирдарё" дарёси муҳофаза майдонидан қум ортиш билан шуғулланаётганлик ҳолати аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларга нисбатан жарима қўлланилди.