Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Қорақалпоғистондаги фожиа: бир оиланинг тўрт аъзоси қандай сирли ўлим топди?

Қорақалпоғистондаги фожиа: бир оиланинг тўрт аъзоси қандай сирли ўлим топди?

Бир оиланинг тўрт аъзоси қандай сирли ўлим топди?

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл ва Хўжайли туманларида юз берган икки фожиа кўпчиликни сергак торттирди. Маълум бўлишича, улардан бирида икки ёшнинг ўз жонига қасд қилиши оқибатида 20 ёшли қиз вафот этган, яна бирида эса битта оиланинг тўрт нафар аъзоси сирли равишда ўлим топган. Турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар билан танишиш мақсадида туманларда бўлдик. Хўш, аслида воқеалар қандай содир бўлган эди? Бунга қайси омиллар сабаб бўлди?

Ўлим билан исботланган муҳаббат

Икром ва Шоҳида (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг ота-оналари уларни болалигидан бир-бирига атаб қўйишди. Вақт ўтган сайин ёшларнинг ҳам кўнглида илиқлик уйғониб, бир-бирига меҳр қўйишди. Бу орада қиз ўз кучи билан олий ўқув юртига ўқишга кирди, йигит эса дўстлари билан азим пойтахтга ишлагани кетди.

Орадан бироз вақт ўтгач, Икромга Шоҳидани қўшни маҳалладаги бир йигит ўғирлаб кетганини айтишди. Бу хабардан шошиб қолган йигит дарҳол қиз билан гаплашиб, вазиятга ойдинлик киритишини, аслида нима бўлганини сўрайди. Шоҳида йигитга воқеани тушунтирар экан, унинг ортидан борган қариндошлари ўғирланган қизнинг уйига қайтиши яхши аломат эмаслигини айтиб, уни қолдиришганини билдиради.

Шундан сўнг ёшлар айрилиқдан ўлимни афзал билиб, ўз жонига қасд қилиш мақсадида Бешкўпир овул фуқаролар йиғинидаги Ешимохун қабристонига боришади. Йигит дастлаб қизга ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб, сўнгра ўзининг қорин қисмига бир неча маротаба уриб, бўйин ва билак қон томирларини кесади. Бу орада йигит акасига қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида айтади ва уларни ёнма-ён дафн қилишларини сўрайди. Ҳодиса жойига етиб келган Тез ёрдам ходимлари йигитнинг ҳаётини сақлаб қолишади, 20 яшар қиз эса вафот этади.

Фожиага қиз ўғирлаш одати сабабчими?

Бўлиб ўтган воқеадан барчамиз қайғудамиз, дейди Бешкўпир овул фуқаролар йиғини раиси Мансур Бекмуратов. Боиси ёшлар бу ерда яшамаса-да, воқеа бутун овулни ларзага солди. Энди бундай қаҳрамонлик бошқа ёшларга намуна бўлмаслиги лозим. Бунинг учун уларнинг тарбиясига, юриш-туришига янада эътиборли бўлишимиз керак. Ҳозир фожиада айримлар ёшларни, бошқалар эса қизини қайтариб олиб келмаган ота-онани қораламоқда. Бизнингча, фожианинг яна бир муҳим сабаби борки, у ҳам бўлса қиз ўғирлаш одатининг оммалашаётганидир.

Дарҳақиқат, ҳудуд одамлари орасида қиз ўғирлаш урф-одат даражасидаги анъана деган нотўғри дунёқараш шаклланиб қолган. Бу удумнинг нотўғрилигини, қиз билан йигит фақатгина катталарнинг совчилиги ва розилигидан сўнг тиббий кўрикдан ўтиб, никоҳланишлари зарурлиги тушунтирилаётган бўлса-да, бундай ҳодисалар ҳали-ҳамон учраб турибди. Аксарият ҳолларда қиз икки ёшнинг розилиги билан олиб қочилади. Афсуски, ушбу анъана ортидан кўнгилсиз ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Қизнинг розилигисиз олиб қочилиши, катталар эса эшик кўрди дея уни мажбуран қолдириб кетиши оқибатида бахтсиз оилалар барпо бўлмоқда. Юқоридаги ҳолат ҳам бунга далил бўла олади.

Айрим оилалар моддий томонини ўйлаб, қиз олиб қочишга қарши бўлмайди, дейди Наврўз овул фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Жадира Серкебаева. Боиси қиз ўғирлангач, тўйга йиғинишга зарурат туғилмайди, тантанани иложи борича кичикроқ ўтказиб олишади. Аммо бу ёшларнинг руҳияти, келгуси турмушига салбий таъсир қилаётганини унутмаслик керак. Баъзида олиб қочилган қиз куёвни ёқтирмаслиги, катталарнинг қистови билан мажбуран яшаётгани боис тушкунликка тушиб қолади.

Мазкур ҳолат юзасидан Қонликўл тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шифохонадан чиққан Икром Салмонов эса гумонланувчи сифатида қўлга олиниб, унга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Қонликўл тумани судининг ажрими билан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бир оиланинг тўрт аъзоси нега ҳалок бўлди?

Хўжайли туманидаги Саришунгул овулида юз берган фожиа эса кўпчиликни эсанкиратиб қўйди. Маълум бўлишича, бир оиланинг тўрт аъзоси 24 ёшли она ва уч ойлик гўдакнинг жасади уй ёнидаги қудуқдан, уй ичидан эса икки ва тўрт ёшли болаларнинг мурдалари топилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, аёл ва унинг чақалоғи ўлимига нафас йўлларига сув тиқилиши сабаб бўлган, уй ичидан топилган икки бола эса нафас йўлларининг бўғилиши оқибатида вафот этган.

Тинч оиладаги нотинчлик сабаби нима?

Мазкур ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида Саришунгул овул фуқаролар йиғинида муҳокама ўтказилди. Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу оила ўзига тўқ, тинч оилалардан эди, дейди йиғиннинг собиқ раиси Н.Қапанов. Ҳудудимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш жараёнида сектор ходимлари бир неча маротаба бу оилада бўлишган. Аммо на бирор низоли ва на моддий томондан муаммо аниқланган. Учта норасидаси бўлатуриб оила аъзолари моддий ёрдам ёки болалар нафақаси тайинлаш масаласида мурожаат қилмаган. Шароитлари яхши уйда келин ва болалар билан бирга, қайнона ва қайнота, уларнинг 8-синфда ўқийдиган қизи ҳам яшаб келган. Турмуш ўртоғи эса Қозоғистонда ишлаб, келиб-кетиб турарди.

Дарҳақиқат, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашар эканмиз, бу оилада бирор марта жанжал бўлгани ёхуд эр-хотин можароси кузатилганини ҳеч ким эшитмаган. Маълумотларга кўра, аёлнинг турмуш ўртоғи сўнгги марта қўшни давлатга ўтган йилнинг ноябрь ойида кетиб, жорий йилнинг 25 март куни келган. Аммо келганидан сўнг 2-3 кун давомида уйида кўринмаган. Шу боис айримлар оиласи билан иши бўлмаган эркакнинг бундай хатти-ҳаракатлари аёлнинг руҳий ҳолатига таъсир қилган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари суришмоқда.

Воқеа юз берган ҳудуд аҳолиси, аёлнинг яқинлари билан суҳбатлашдик, дейди Хўжайли тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сулувхон Дурсомуротова. Шу вақтгача бу оилада ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Аёл на қайнонаси ва на эри билан сен-менга бормаган. Айни жиҳатдан воқеа мулоҳаза қилиб кўрилса, аёлнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммо юзага келган бўлиши мумкин. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, оилалар билан ишлашда фақатгина уларнинг моддий қийинчиликларини бартараф этиш билан чекланиб қолмай, хонадон аъзоларининг руҳий ҳолатига ҳам эътибор қаратишимиз лозим. Бунинг учун маҳаллаларда психологлар фаолиятини йўлга қўйиш керак, менимча.

Маҳалладаги муҳит қониқарлими?

Воқеа содир бўлган ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳит билан яқиндан танишдик, дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Ибрагимов. Йиғинда фаолларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилган бўлса-да, аҳоли билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандликни таъминлаш масалаларида камчиликлар кўзга ташланди. Маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда эътиборсизлик, лоқайдлик ҳолатлари учраган. Юқоридаги воқеа ҳам оилалар билан ишлашда ҳали муаммолар борлигини кўрсатди.

Лоқайдлик ва бепарволик барча иллатларнинг дояси. Ваҳоланки, ён-атрофимиздаги инсонларга, воқеа-ҳодисаларга нисбатан қанчалик лоқайд бўлсак, унинг сиртмоғи шу қадар кўп одамни ўз домига тортаверади. Муаммоларга ўралашиб қолган одам, аввало, теварагидан ечим, малҳам, таскин кутади. Жавоб бўлмагач, оқибати аянчли тугайди.

Шу маънода юқоридаги ҳолат ҳам маҳалла фаоллари, қўни-қўшни, қавм-қариндош, жамоатчиликнинг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги туфайли содир бўлди. Агар Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир оиланинг турмуш шароити билан маҳалла фаоллари яқиндан танишганида, уйдагилар билан юзма-юз суҳбатлашганида бу ҳодиса юз бермас эди.

Ҳар қанча муҳокама қилинмасин, мудҳиш воқеа содир бўлди. Ўз вазифасига совуққонлик билан қараган маҳалла раиси, фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси эса эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.

Айни пайтда юқоридаги ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Manba: mahalladosh.uz

Киритилди: 10:05 08.04.2019. Ўқилди: 3909 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!