Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Қашқадарёлик фуқаро тўрт нафар ИИБ ходими кўз ўнгида пичоқланди

Қашқадарёлик фуқаро тўрт нафар ИИБ ходими кўз ўнгида пичоқланди

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 32 ёшли фуқаро тўрт нафар ИИБ ходимининг кўз ўнгида пичоқланди. Бу ҳақда «Дарё»га жабрланувчи Дилшод Марқаев маълум қилди.

Таъкидланишича, воқеа 2020 йил 4 октябрь куни Чироқчи туманининг «Жар» қишлоқ фуқаролар йиғинида содир бўлган.

«2020 йил 4 октябрь куни ‘Жар’ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган спорт мажмуасидаги жиҳозларимни Қарши шаҳрига олиб кетиш мақсадида иккита юк автомобилини олиб бордим ва ишчилар билан бирга юкларни ортаётгандик. Шу пайт спиртли ичимликлар сотувчи дўконнинг аёл киши бўлган эгаси ёнимга келиб, дўконга киришимни айтиб гаплашиб оламиз, деди. Шунда мен спиртли ичимлик сотиладиган дўконга кирмаслигимни айтдим. У аёл мени ҳар хил гаплар билан ҳақорат қилиб, юзимга урди. Нега бунақа гап деяпсан, қачондан бери ароқ сотиладиган дўконга кирмай қолдинг, дея тўполон қила бошлади», — дейди воқеа ҳақида гапирган Дилшод Марқаев.

 

Мурожаатчининг маълумот беришича, у дўкончи аёл билан тортишиб қолгач, аёлнинг Сирожиддин исмли ўғли ва унинг уч нафар таниши Дилшод Марқаевнинг ёнига бориб, пастга тушинг гаплашиб оламиз, деган.

«Мен уларга ишлаётганимни айтиб, бормаслигимни билдирдим. Борасиз дейишгач, мени бу ердан сен тугул бошқа биров ҳам туширолмайди, дедим. Шунда улар қайтиб кетишди ва бироз ўтгач, икки нафар ИИБ ходими билан келди. ИИБ ходимлари ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмай, пастга тушинг устингиздан шикоят бор, дейишди», — дейди жабрланувчи Дилшод Марқаев.

Мурожаатчи Марқаевнинг қўшимча қилишича, воқеа жойига яна икки нафар ИИБ ходими келиб, жами тўрт нафар ходим уни хизмат машинасида тахминан 1 километр узоқликка олиб кетган.

«ИИБ ходимининг хизмат машинасида тахминан бир километр юрганимиздан сўнг иккита бино ўртасига тўхтадик. Мен бўлимга олиб бормайсизларми деганимда, машинада гаплашаверамиз, дейишди. Мен машинанинг олд ўриндиғида эдим. ИИБ ходимларининг бири рулда, иккинчиси машинанинг орқа ўриндиғида ўтирганди. Гаплашиб тургандик. Шу пайт машина эшиги очилиб, кимдир орқамдан белимга пичоқ урди. Тушишга ҳаракат қилганимда яна пичоқ уришди. Бу сафар пичоқ орқа думбамга санчилди. Қўшимчасига пичоқни тепиб синдириб юборди. ИИБ ходимлари эса воқеаларни фақат томоша қилиш билан кифояланди», — дейди Дилшод Марқаев.

Жабрланувчининг айтишича, пичоқдан яралангач, қон кета бошлаган. Шунда у ИИБ ходимларига тез ёрдам чақиришини айтиб, бақира бошлаган. Шунда атрофга одамлар тўплана бошлагач, ИИБ ходимлари беморни хизмат машинасида туман шифохонасига олиб борган ва тез орада йўқ бўлиб қолишган.

«Яраланганимни кўрган ИИБ ходимлари тез ёрдам ҳам чақирмай, томошабин бўлиб туришди. Уларга тез ёрдам чақириб беринг, деб бақирдим. Атрофда одамлар тўплана бошлагач, Ориф ва Сардор исмли ИИБ ходимлари мени туман шифохонасига олиб кетишди. Мени шифохонага ташлаб, қочиб кетишибди. Шифокорлар сизни ким олиб келди, дея излаб қолишди. Камерага тушган бўлса керак деб излашди ва ИИБга хабар беришди», — дейди жабрланувчи.

Айни пайтда беморни даволаётган шифокор вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Бердимурод Янгибоев беморнинг бел ва думба қисмига пичоқ санчилганини, думбага санчилган пичоқ чуқур из қолдирганини ва айнан шу жароҳат оғирлигини билдирди.

«Ҳозирда беморнинг аҳволи ўрта ҳолатда. Думбага урилган пичоқ чуқур из қолдирган. Аммо биринчи ёрдам кўрсатилиб, яра ўрни тикилган. Лекин ҳозиргача йирингли аралашма келиб турибди», — дейди шифокор Бердимурод Янгибоев.

Мурожаатчи Дилшод Марқаев унинг ҳаётига қасд қилмоқчи бўлганлар иши ўрганилмаётганини, ИИБ ходимлари айбдорларга шерик бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Мазкур воқеа бўлиб ўтганини тасдиқлаган вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова воқеа иштирокчилари кўплиги боис профилактика инспекторларининг кучи етмаганини айтди.

«Ҳақиқатан ҳам иккинчи томон қўлидаги пичоқ билан Дилшод Марқаевни яралаган. Ҳолат расмийлаштирилиб, экспертиза тайинланган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Экспертиза хулосаси билан иш терговга ўтади», — деди Ирода Расулова.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати воқеа ҳақида тез орада батафсил маълумот берилишини қўшимча қилди.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз, деб ёзади "Дарё".

Киритилди: 14:52 07.10.2020. Ўқилди: 5269 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!