Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Қашқадарёлик эркакнинг Шавкат Мирзиёевга мурожаати ўрганиб чиқилди

Қашқадарёлик эркакнинг Шавкат Мирзиёевга мурожаати ўрганиб чиқилди

Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Бешқўтон қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳ.Мирзаевнинг “You Tube” интернет ижтимоий тармоғи орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўллаган видеомурожаати Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан ўрганилди.

Муаллифнинг 1-важи: ўзи раҳбарлик қилган “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалиги Косон тумани ҳокимлиги томонидан “Шерали” фермер хўжалигига қўшиб юборилганидан норозилигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: Ҳ.Мирзаевга Косон тумани ҳокимининг 05.12.2015 йилдаги 1286-сонли қарори билан 37,2 гектар ер майдони фермер хўжалиги ташкил этиш учун ажратилган ва мазкур ер майдонида Ҳ.Мирзаев томонидан “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалиги ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.01.2019 йилдаги 14-сонли қарори доирасида “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалиги раиси Ҳ.Мирзаевнинг ихтиёрий аризасига биноан туман ҳокимининг 19.01.2019 йилдаги 934-сонли қарори билан фермер хўжалигига тегишли ер майдони мақбуллаштириш учун туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилган.

Туман ҳокимининг 7365-сонли қарорига асосан мазкур ер майдони тендер танлови ғолиби “Шерали” фермер хўжалигига қўшиб берилган. Ҳ.Мирзаевнинг укалари О.Мирзаев, Б.Мирзаев, Н.Мирзаевлар мазкур фермер хўжалигида ишчи бўлиб ишлашган.

Мазкур ҳолатда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмаган.

 

Муаллифнинг 2-важи: фермер хўжалигига тегишли бўлган чопиқ трактори ва култиватори укаси Б.Мирзаев томонидан олиб кетилганидан норозилигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: Ҳ.Мирзаевнинг акаси М.Мирзаев 2010-2015 йилларда “Сайфулло Донаев” фермер хўжалиги раиси вазифасида ишлаган.

Қайд қилинган трактор ва култиватор “Сайфулло Донаев” фермер хўжалиги номига М.Мирзаев томонидан олинган ва қонуний тартибда унга тегишли ҳисобланган. “Сайфулло Донаев” фермер хўжалиги 05.08.2015 йилда тугатилиб, ер майдони тендерга қўйилган.

Ҳ.Мирзаев танловда қатнашиб, ғолиб деб топилган ва “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалигини ташкил қилган.

Ҳ.Мирзаев “Сайфулло Донаев” фермер хўжалиги ўрнида янги фермер хўжалиги ташкил қилинганлиги, техникаларни укаси Б.Мирзаев шу ерда ишлатганлиги сабабли, техникаларни ҳам ўзига тегишли деб ҳисоблаган.

Бироқ, мазкур техникалар М.Мирзаев томонидан 2011 йилда хусусийлаштирилган бўлиб, “Сайфулло Донаев” фермер хўжалигининг қарздорлиги ёки мол-мулклари Ҳ.Мирзаев раҳбарлигидаги “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалигига ўтмаган. Ҳ.Мирзаев томонидан техникаларга пул ёки бошқа моддий қимматликлар тўланмаган.

Бундан ташқари, “Агроинспекция” туман бўлими томонидан берилган маълумотномага асосан Ҳ.Мирзаев ва “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалиги номига техникалар рўйхатдан ўтказилмаганлиги кўрсатилган.

Ўрганишда Ҳ.Мирзаевнинг мазкур важи тасдиғини топмаган.

 

Муаллифнинг 3-важи: 2019 йилда ўзи томонидан экилиб, етиштирилган ғалла ҳосилини давлат режаси тўлиқ бажарилган бўлсада, ортиб қолган 14 тонна ғалла ҳосили ҳам туман ИИБ ходимлари томонидан асоссиз равишда олиб кетилганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалиги раҳбари Ҳ.Мирзаевнинг аризаси ва туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг хулосасига асосан жами 37,2 гектар ер майдони туман ҳокимининг 19.01.2019 йилдаги қарорига асосан заҳирага қайтарилган ҳамда туман ҳокимининг 23.01.2019 йилдаги 7365-сонли қарорига асосан ушбу ер майдони тендер ғолиби “Шерали” фермер хўжалигига қўшиб берилган.

Мазкур қарорнинг 4-бандига асосан, АТБ “Агробанк” Косон филиали томонидан “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалигига 2019 йил ғалла ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредитдан бўлган 20 млн. 100 минг сўм қарздорлик далолатномага асосан, “Шерали” фермер хўжалигига расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” МЧЖнинг 28.12.2019 йилдаги маълумотномасига кўра “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалиги томонидан давлатга дон сотиш бўйича контрактация шартномаси
2017 йилда 102 %га ҳамда 2018 йилда 70% га бажарилган.

Шунингдек, “Шерали” фермер хўжалиги томонидан 2019 йилда ғалла ҳосилини етказиб бериш учун 20 гектар ер майдонида 66,1 тонна ғаллани давлатга сотиш юзасидан шартнома тузилган бўлиб, амалда фермер хўжалиги томонидан режа 70,4 тоннага 106,5%га бажарилган.

Ҳ.Мирзаев ўзига тегишли эканлигини билдирган ғалла маҳсулоти “Шерали” фермер хўжалигига тегишли бўлган ва қонуний тартибда “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” МЧЖга топширилган.

Ўрганишда мазкур важ тасдиғини топмаган.

 

Муаллифнинг 4-важи: 2019 йилда шифохонада ётган вақтида ўзи томонидан экилиб, етиштирилган ғалла сомони укалари Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар томонидан рухсатисиз ноқонуний олиб кетилганини билдирган.

Ўрганиш натижаси: “Мажидов Нормўмин” ва “Шерали” фермер хўжалиги ўртасида қарзни ўтказиш шартномасига асосан, фуқаро Ҳ.Мирзаев раислигидаги “Мажидов Нормўмин” фермер хўжалигининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари, етиштирилган ғалла ҳосили “Шерали” фермер хўжалигига ўтказилган.

“Шерали” фермер хўжалигининг ер майдонидаги ғалла сомони фермер хўжалигининг ишчилари томонидан йиғиб олинган. Бу борада, Ҳ.Мирзаев ва “Шерали” фермер хўжалиги ўртасида меҳнат ёки фуқаролик шартномаси тузилмаган.

Ғалла сомони “Шерали” фермер хўжалигига тегишли бўлиб, муаллифнинг мазкур важи тасдиғини топмаган.

 

Муаллифнинг 5-важи: укалари Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар туман ИИБга марҳум отасига тегишли бўлган уйдан 2 дона эшикни ўғирлаб олиб кетганлиги ҳақида устидан туҳматда ифодаланган ариза ёзганини билдирган.

Ўрганиш натижаси: мазкур масала туман ИИБ томонидан 2018 йил октябрь ойида кўриб чиқилиб, 2 дона эшик Ҳ.Мирзаевнинг ўзига тегишли эканлиги аниқланган.

Ҳ.Мирзаевнинг укалари Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевларнинг даъво ёки эътирозлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Ўрганишда, Ҳ.Мирзаев мазкур важларини оқибатсиз қолдиришни сўраган.

 

Муаллифнинг 6-важи: Косон тумани ҳокимининг қарори билан унга уй-жой қуриш учун 8 сотих ер майдони ажратилганлиги, аммо мазкур қарорни бирорта идорадан тополмаганлиги, ер майдони акаси М.Мирзаев томонидан ноқонуний ўраб олинганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: Косон тумани ҳокимининг 30.06.1999 йилдаги 469/06-сонли қарори билан Ҳ.Мирзаевга Косон тумани “Пўлати” МФЙ, “Бешқўтон” қишлоғи ҳудудидан 8 сотих ер майдони уй-жой қуриш учун ажратилган.

Ўрганишда, мазкур қарор нусҳаси фуқаро Ҳ.Мирзаевга олиб берилиши таъминланди. Фуқаро М.Мирзаев укаси Ҳ.Мирзаевга тегишли ер майдонига даъвоси йўқлигини, Ҳ.Мирзаев бу ерга уй-жой қуриши мумкинлигини билдирган.

Ўрганишда Ҳ.Мирзаевнинг мазкур важи қаноатлантирилди.

 

Муаллифнинг 7-важи: оила аъзолари билан яшаб келаётган фермер хўжалиги дала шийпонида электр токи йўқлиги, фарзандлари 15 км. узоқликда жойлашган мактабга бориб ўқишидан норозилигини билдирган.  

Ўрганиш натижаси: Косон туман электр таъминоти корхонасининг маълумотига кўра, фуқаро Ҳ.Мирзаев яшаб келаётган шийпон ва аҳоли пункти ўртасида 9-10 км. масофа бўлиб, ҳақиқатда мазкур дала шийпони электр токи билан таъминланмаган. Косон туман электр таъминоти корхонасининг “Шерали” фермер хўжалигига тегишли дала шийпонини электрлаштириш мажбурияти мавжуд эмас.

Ҳ.Мирзаевнинг қизи С.Нормўминова ва ўғли М.Нормўминовлар ўқийдиган мактаб биноси дала шийпонидан тахминан 14 км. узоқликда жойлашган. Шу сабабли, фарзандлари Ҳ.Мирзаевнинг қайнотаси Н.Эшонқуловнинг Косон тумани “Бешқўтон” маҳалласида жойлашган яшаш уйида туриб мактабга бориб келишади. Улар дам олиш кунлари Ҳ.Мирзаевнинг дала шийпонига бориб туришади.

Шунингдек, “Шерали” фермер хўжалиги томонидан дала шийпони электрлаштирилиши мумкин. Бироқ, Ҳ.Мирзаевнинг мазкур дала шийпонида яшашга ҳуқуқи мавжуд эмас.

 

Муаллифнинг 8-важи: укалари Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар фермер хўжалигига тегишли бўлган ердан ноқонуний яшаш уйи қуриб олганликларини билдирган.

Ўрганиш натижаси: туман қурилиш бўлимининг маълумотномаси кўра “Шерали” фермер хўжалиги ер майдонида Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар томонидан қурилган иморатлар шийпон ва чайла сифатида деҳқончилик мавсумида фойдаланилади.

Мазкур шийпон ва чайлалар бир хонали, ўлчами 5 м2 бўлиб, фермер хўжалигининг экин майдони ва йўлнинг қатнов қисмида жойлашмаган.

Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар деҳқончилик мавсумидан ташқари даврда Косон тумани “Бешқўтон” маҳалласидаги яшаш уйида оила аъзолари билан яшайди.

Ўрганишда Ҳ.Мирзаевнинг мазкур важи тасдиғини топмаган.

 

Муаллифнинг 9-важи: “Шерали” фермер хўжалигига қўшилган ер майдони қаровсиз ҳолатда қолганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан тақдим қилинган маълумотномада, “Шерали” фермер хўжалигига тегишли 29 гектар ғалла ер майдонида биринчи озиқлантириш ишлари ўтказилган ва пахта экишга мўлжалланган 43 гектар ер майдони тўлиқ шудгорланган.

Ўрганишда мазкур важ тасдиғини топмаган.

 

Муаллифнинг 10-важи: 26.05.2019 йилда Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар унинг оила аъзоларини уриб, ўзи ва оила аъзоларига тан жароҳати етказганлиги, Ғ.Қулмуродов уни ва оила аъзоларини ҳақорат қилганлиги, бироқ уларга нисбатан ҳозирга қадар чора кўрилмаганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: 26.05.2019 йилда Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар фуқаро Ҳ.Мирзаевнинг оила аъзоларини урганлиги ва Ғ.Қулмуродов Ҳ.Мирзаев ва унинг оила аъзоларини ҳақорат қилганлиги ҳолати туман ИИБда қайд қилинган.

18.06.2019 йилда Одилбек ва Ҳусниддин Мирзаевларнинг ўзаро жанжаллашиб, енгил тан жароҳати олганлиги ҳодисаси юзасидан 18.07.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу сабабли, 26.05.2019 йилда содир бўлган жанжал ҳодисаси бўйича тўпланган ҳужжатлар қайд қилинган жиноят ишига қўшилган.

Тергов давомида 26.05.2019 йилда Ҳ.Мирзаевнинг оила аъзолари тан жароҳати олганлиги ҳолати бўйича Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевларга МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми ва Ғ.Қулмуродовга МЖтКнинг 41-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Косон тумани маъмурий судига юборилган.

Косон туман маъмурий судининг 17.01.2020 йилдаги қарорига асосан Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми билан ҳуқуқбузар деб топилиб, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

26.05.2019 йилда Ҳ.Мирзаев ва унинг оила-аъзоларини ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Ғ.Қулмуродов Косон туман маъмурий судининг 17.01.2020 йилдаги қарорига асосан МЖтКнинг 41-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топилиб, МЖтКнинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилган.

Шунингдек, Ҳ.Мирзаевнинг 26.05.2019 йилда кўзидан тан жароҳати олганлиги ҳолати жиноят ишидан 17.10.2019 йилда ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “к” банди билан алоҳида иш юритувига ажратилган ва 11.12.2019 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди (унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса)га асосан жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарорнинг қонунийлиги туман прокурори томонидан ўрганилиб, 18.12.2019 йилда бекор қилинган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳ.Мирзаевнинг мазкур важи юзасидан чиқарилган суд қарорлари Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, уларга протест келтириш учун асослар аниқланмаган.

 

Муаллифнинг 11-важи: 26.05.2019 йилда укалари уни урганида кўзига жароҳат етказганликлари, бироқ туман ИИБ томонидан ўтказилаётган тергов давомида Тошкент шаҳар кўз касалликлари шифохонасида ётиб даволанганлигига оид ҳужжатлар жиноят ишига қўшилмаганлиги ва экспертга топширилмаганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: Ҳ.Мирзаевнинг 26.05.2019 йилда кўзидан тан жароҳати олганлиги ҳолати юзасидан унга 30.10.2019 йилда тайинланган суд тиббиёт экспертизасини ўтказиш жараёнида Ҳ.Мирзаев томонидан республика кўз касалликлари шифохонасида ётиб даволанганлиги ҳақидаги маълумотлар ва ҳужжатлар экспертизага тақдим қилинмаган.

Эксперт хулосасида Ҳ.Мирзаевни кўзидан олган жароҳатини қачон олганлиги муддат кўрсатилмаган.

Шу сабабли, 10.01.2020 йилда қайта суд-тиббий экспертизаси ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиниб, Ҳ.Мирзаевнинг кўзидан олган жароҳати бўйича барча ҳужжатлар жиноят ишига қўшилган ҳолда РСТЭИАМ Самарқанд филиалига юборилган.

 

Муаллифнинг 12-важи: 18.06.2019 йилда укалари Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар иккинчи маротаба оила аъзолари ва ўзини уриб тан жароҳати етказганлиги, бироқ укаларига нисбатан суд томонидан енгил жазо чораси қўлланилгани, шунингдек, ўзи ҳам Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилганидан норозилигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: 18.06.2019 йилда Б.Мирзаев акаси Ҳ.Мирзаевни укаси уриб тан жароҳати етказганлиги ва Ҳ.Мирзаев укаси О.Мирзаевни уриб тан жароҳати етказганлиги юзасидан жиноят иши доирасида Бахриддин ва Ҳусниддин Мирзаевларга ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиниб, айблов далолатномаси билан жиноят ишлари бўйича Косон тумани судига юборилган.

ЖИБ Косон туман судининг 26.12.2019 йилдаги ҳукмига кўра Бахриддин ва Ҳусниддин Мирзаевлар ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Суд ҳукми жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганилиб, протест келтириш учун асослар аниқланмаган.

 

Муаллифнинг 13-важи: 18.06.2019 йилда укалари Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевларлар ўғли М.Нормўминовнинг бўйнини белкурак билан кесганлиги, қизи С.Нормўминовани уриб тан жароҳати етказганлиги, бироқ бу ҳолатни ҳеч ким текширмаганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: Косон тумани маъмурий судининг 17.01.2020 йилдаги қарори билан 18.06.2019 йилда М.Нормўминовни бўйнидан ва С.Нормўминованинг елка ва курак соҳасидан тан жароҳати олганлиги ҳодисаси бўйича Б.Мирзаев МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми билан ҳамда М.Нормўминовни уяли телефон аппаратини синдирилгани ҳолати бўйича О.Мирзаев МЖтКнинг 612-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Ўтказилган текширув давомида Н.Мирзаев жиянлари М.Нормўминов
ва С.Мўминоваларни урганлиги тасдиғини топмаган.

Суд қарори Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, протест келтириш учун асослар аниқланмаган.

 

Муаллифнинг 14-важи: жиноят ишилари доирасида 4 марта экспертизасидан ўтганлиги, бироқ экспертиза қонуний хулоса бермагани ва укалари кўзидаги жароҳатини 5 ёшида олганлиги ҳақида тергов ва блоггерларга ёлғон маълумот берганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: Ҳ.Мирзаев 26.05.2019 йилдаги жанжал ҳолати бўйича 27.05.2019 йилда суд-тиббиёт экспертизасидан ўтган ва 29.05.2019 йилда эксперт хулосаси олинган.

Иккинчи маротаба Ҳ.Мирзаев 18.06.2019 йилдаги жанжал ҳолати бўйича суд-тиббиёт экспертизасидан ўтган ва эксперт хулосаси 11.07.2019 йилда олинган.

Мазкур экспертизалардан ўтиш мобайнида Ҳ.Мирзаев кўзидан жароҳат олганлиги ёки кўзи билан боғлиқ шикояти борлигини маълум қилмаган.

Бироқ, дастлабки тергов давомида Ҳ.Мирзаев 26.05.2019 йилдаги жанжал ҳолати бўйича кўзидан жароҳат олиб, кўрмай қолганлиги ҳақида важ келтирганлиги сабабли, қўшимча суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган ва экспертнинг 30.08.2019 йилдаги хулосасига асосан Ҳ.Мирзаев 2019 йил май ойида жароҳат олган бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, Одилбек, Нодирбек ва Бахриддин Мирзаевлар акаси Ҳ.Мирзаев 2019 йил май ойидаги жанжал вақтида кўзидан жароҳати олмаганлиги, ёшлигидан унинг кўзида жароҳат борлигини билдириб, эксперт хулосасидан норозилиги бўйича ариза беришганлиги сабабли, Ҳ.Мирзаевга тан жароҳати етказилганлиги ҳолати юзасидан 30.10.2019 йилда тўртинчи маротаба экспертиза тайинланган.

Мазкур эксперт хулосасида Ҳ.Мирзаевнинг кўзидан қачон жароҳат олганлиги вақти аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли, 10.01.2020 йилда қайта суд-тиббий экспертизаси ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиниб, барча ҳужжатлар жиноят ишига қўшилган ҳолда РСТЭИАМ Самарқанд филиалига юборилган.

 

Муаллифнинг 15-важи: туман ИИБ профилактика инспектори укалари билан боғлиқ 26.05.2019 йилдаги жанжалдан хабардор бўлсада, келгусида жанжал бўлишини олдини олмаганлиги сабабли, 18.06.2019 йилда укалари яна оила аъзолари ва ўзини уриб кетганлигини билдирган.

Ўрганиш натижаси: Ҳ.Мирзаевнинг укалари билан боғлиқ жанжалли ҳолатлар бўйича ўзига юклатилган хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 12.07.2017 йилдаги 151-сонли буйруғи талабларини бузилишига йўл қўйган Косон тумани ИИБ профилактика инспектори А.Ахмедовнинг ҳаракатлари Косон тумани ИИБ “Интизомий кенгаши”да муҳокама қилиниб, унга нисбатан “Танбеҳ” интизомий жазоси қўлланилган.

Мурожаат муаллифининг ҳақли эътирозига сабабчи бўлган профилактика инспекторининг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.

Қашқадарё вилоят прокуратураси ИИБ билан ҳамкорликда мазкур видеомурожаатни ўрганиш натижаси бўйича тайёрланган видеоролик (мурожаат иштирокчиларидан интерьюлар олинган) намойиш қилинган ҳолда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани  ўтказилиб, ушбу тадбир тафсилотлари вилоят прокуратураси ва ИИБнинг расмий телеграмм каналлари, “Дарё.уз”, “Қашқадарё ҳалқи” ва “NASAF NEWS” телеграмм каналларида жойлаштирилган ҳамда Қашқадарё вилояти ва “Насаф” телевиденияларида намойиш этилган.

Киритилди: 14:10 27.01.2020. Ўқилди: 6700 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!