Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Қашқадарёлик аёл макри: у қандай қилиб сотувчи аёлларни чув туширди?

Қашқадарёлик аёл макри: у қандай қилиб сотувчи аёлларни чув туширди?

Феруза асли қашқадарёлик. Бир нафар фарзанди бор. Оиласи билан ажрашган. Муқаддам бир неча марта судланиб, тегишли жазоларга тортилган. Хавфли рецидивист деб топилган, деб ёзмоқда Зарафшон нашри.

Аммо буларга қарамай у яна Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас қабилида иш тутди.

Бир куни дугонаси Нигораникига борди. Нигора Самарқанд шаҳар Саттепо масканида яшовчи опасиникига тез-тез бориб туради. Айни пайтлар ҳам ўша ерда эди. Опаси Туркияга ишга кетгани боис унинг болаларига қараб турибди.

Нигора дугонасининг уйида қолишига қаршилик кўрсатмади. Улар бир ярим ой бирга яшади.

Бу вақт оралиғида Феруза жим ўтирмади. Ўзини хурсанд қилиш йўлларини излади. Шу атрофдаги кўп қаватли уйларнинг бирида кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган Зиёда исмли аёл билан танишди. Унинг уйига тез-тез қатнаб, анча яқинлашиб қолди. Бир куни борганда шу товарларингизни менга беринг, тез орада сотиб бераман. Қариндош-уруғ, таниш-билишларга кўрсатаман , деди. Устаси фаранг аёл Зиёданинг ишончига кирди. Зиёда товарларининг тезроқ сотилишидан манфаатдор. Шу боис Ферузанинг таклифига рози бўлди.

- Сотиш учун кийим-кечак топдим, кўтаришиб кел, - деди Нигорага.

Феруза Зиёданикидан жами 85.187.500 сўмлик аёллар ва болалар кийим-кечаклари, аёллар пардоз буюмлари, кумуш ҳамда тилла тақинчоқларни олиб кетди. Қўлга киритилган бу товарларни ўзининг қашқадарёлик танишларига сотди. Пулларини эса ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди.

Орадан кўп ўтмай, Феруза яна бир Фарида исмли савдогар аёлни топди. Уни ҳам худди Зиёда каби авради. 9.490.00 сўмлик кийим-кечакларни сотиб бераман , деб алдаб олиб кетди. Товарларни пуллади, лекин эгасига қайтармади.

Бир аёлнинг макри қирқ туяга юк бўларкан. Макрга бой Феруза яна Зиёдани йўқлаб бориб, аврашда давом этди.

- Яқинда жиянимнинг тўйи. Тақиб туришга тиллаларингизни бериб туринг. Тўй ўтгандан қайтариб бераман, - деди.

Зиёда унга яна чув тушди. У аёлдан Парламент номли тилла комплект ва яна бир дона узук жами баҳоси 4.500.000 сўмлик тилла буюмларини олиб кетди. Уларни сотиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди.

Фирибгар аёлдан жабр кўрганлар тегишли жойга арз қилишди. Ферузанинг тараллабедод юришлари барҳам топди. У Зиёда ва Фаридага етказган моддий зарарларини тўлиқ қоплаб берди. Суд жараёнида жабрланганлар Ферузага нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган бўлса-да, у қонун олдида жавоб беради.

Суд ҳукми билан Ферузага иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Киритилди: 10:19 15.04.2019. Ўқилди: 2503 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!