Қашқадарёда 105 та маъмурий жарима ҳамда кредит қарздорлиги бўлган қоидабузарнинг гаровдаги ва қидирувдаги Gentra'си хатланди.
Қайд этилишича, Бюронинг Қарши шаҳар бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 06.06.2024 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор М.Э.дан “Капитал 24 чакана бизнес филиали” фойдасига 9 млн 964 минг сўм қарздорликни ундириш юзасидан ижро ҳужжати келиб тушган.
Бундан ташқари, қарздорнинг бўлим иш юритувида 105 та тўланмаган маъмурий жарималари мавжуд ҳамда давлат ижрочиси томонидан қарздорга тегишли гаровдаги автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 19 июль куни қарздорнинг яшаш хонадонига мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориш учун келинганда, қарздор ва унинг яқин қариндошлари томонидан ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш, уйда бўла туриб дарвозани очмаслик ҳолатлари кузатилган.
Салкам 5 соат давом этган ижро ҳаракатлари натижасида тегишли ташкилотлар иштирокида автотранспорт воситаси уйда эканлиги аниқланиб, хатланган.
Шунингдек, қарздор жарималарни 10 кун муддат ичида тўлаши лозимлиги, акс ҳолда, хатланган мулк электрон аукцион савдосига чиқарилиши тўғрисида огоҳлантирилиб, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.