Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Қамалдаги “Озодлик” ёхуд “Мармаробод” ростдан банкрот бўлдими?

Қамалдаги “Озодлик”  ёхуд “Мармаробод” ростдан банкрот бўлдими?

Айтилган гап – отилган ўқ. Ёлғонми ёки ростми, у нишонга бориб тегади. “Озодлик”нинг иш тутими ҳам айнан мана шу мақсад, яъни нишонга уриш принципига асосланганлиги аён. Йўқса, ўз кўзлари билан кўрмай туриб, неча минг километр нарида ўтирганларича бўлмаганни бўлди дейишмасди. Ёлғон ахборот тарқатиш орқали фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини сусайтириш, ҳамкор ва ҳаммаслак давлатларнинг қарашларига таъсир этиш бош мақсадга айланган бир пайтда журналист деганлари ҳам виждонидан кечиб юбориши бор гап экан.

Келинг, аввалидан бошлайлик. Куни кеча “Озодлик”нинг телеграмм каналида “Кўзбўямачиликнинг додаси...” номли мақола эълон қилинди. Унда Навоий вилоятининг Қозғон шаҳарчасидаги “Мармаробод” давлат унитар корхонаси ҳақида гап боради.

Мақола шундай бошланади: “Мирзиёев учун яна битта шоу: Президентга 1500 иш ўрни яратилади деб топширилган корхонада 26 одам ишлаяпти. Президентга "бир ярим мингга яқин иш ўрни" яратадиган лойиҳа сифатида тақдим этилган давлат корхонаси ишчилари сони бугун 20 нафарга ҳам етмайди”."Мармаробод" давлат унитар корхонасининг айрим собиқ ва жорий ишчилари “Озодлик”ка шундай хабар юборган эмиш.

Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12-13 март кунлари Навоий вилоятига амалга оширган ташрифини дастлаб Нурота туманидаги Ғозғон ҳудудидан бошлаган эди.Президентга ҳудудда жойлашган “Мармаробод” давлат унитар корхонасида ўтказилган тақдимотда биринчи босқичда умумий қиймати 10 миллиард сўм бўлган 20 минг метр куб гранит тошни қазиб олиш ва 24 минг метр кв. гранит тошни қайта ишлаш лойиҳаси намойиш этилганди. Мазкур лойиҳа доирасида айни пайтда корхона цехида 26 нафар, каръерида эса 8 нафар, жами 34 нафар ходим доимий иш билан банд.

“Корхонадаги вазиятдан бевосита хабардор ғозғонликларга кўра¸ президент келиши арафасида олиб келинган техника ва жиҳозлар президент кетиши билан ғойиб бўлган ва ҳозирда бу корхона техника йўқлиги боис ишчилари сонини қисқартиришга мажбур бўлган”, дея давом этади “Озодлик”.

— Бу гап очиқчасига бўҳтон, — дейди “Мармаробод” унитар корхонаси иш юритувчиси Мақсуд Намозов. — Техникаларимиз ҳеч қаерга ғойиб бўлгани йўқ.Хитой Халқ Республикасининг Сиамен шаҳридаги “XIAMEN EASTERN PEGASUS LTD“ компанияси билан имзоланган шартномага асосан655,5 минг долларлик технология олиб келганмиз. Президентимиз ташрифлари чоғида карьерда ишлатиладиган техникаларни ҳам намойиш учун корхона ҳудудига келтириб қўйган эдик. Ташрифдан сўнг уларни карьерга қайтиб олиб кетдик. Қолган техникаларимизнинг барчаси шу ерда, кўрганингиздек ишлаб турибди.

Мақсуд Намозов бизга техникаларнинг Хитойдан келтирилганлигини исботлаш учун божхонада расмийлаштирилган ҳужжатларни кўрсатди. Уларда ҳар бир техниканинг нархи ва русумига, ишлаб чиқарувчи ва сотиб олувчига оид барча маълумотлар келтириб ўтилган. Хўш, “Озодлик” бу ҳужжатларни кўрмай туриб, “корхонадаги вазиятдан бевосита хабардор ғозғонликларга кўра” хулоса чиқариши журналистиканинг қайси меъёрларига тўғри келади?!

Президент келишига янги техникалар олиб келинди¸ иш бошланди¸ президент кетиши билан корхона банкротга учради. Ишчиларга ойлик вақтида берилмаганидан кейин улар ўтган ой бир кун ишга чиқмади – иш ташлашди. Амаллаб пул топиб беришди. Лекин анча одам ишдан кетди¸ ойли кжуда кам¸ шуниям вақтида бермаяпти” дея давом этади “Озодлик” исми очиқланишини истамаган корхона ишчиларидан бирининг гапларига асосланиб.

Қизиқ, қоқилсанг ҳам мармартошга қоқилиб йиқиладиган ҳудудда давлат раҳбарининг назоратида бўлган шундай йирик лойиҳа банкрот бўлиши мумкинми?! Ахир Ғозғон мармарининг довруғи бутун дунёга кетган-ку! Ойлик маош вақтида берилмаслиги ҳақидаги важлар ҳам аслида уйдирма эканлигини корхона ишчиларидан бири Ойбек Зокирок суҳбатимиз жараёнида тасдиқлади: 

— Уч ойдан бери шу корхонада ишлаяпман. Бирор марта иш тўхтаб қолгани йўқ. Ойлик маошларимизни ҳам ўз вақтида олаяпмиз. Масалан, ўтган ойда 1 миллион 450 минг маош олдим. Ундан олдинги ойда эса 1 миллион сўм маош чиққанди. Ишимиз кун сайин ривожланиб бораяпти. Техникалар олиб чиқиб кетилди деган гапочиқчасига туҳмат, барча техникаларимиз ишлаяпти.

Энди “Озодлик” асосий эътиборини қаратган 1500 кишилик иш ўрни хусусида ҳам бироз тўхталиб ўтсак.

“Мармаробод” давлат унитар корхонасида ҳозирча биринчи босқич ишга тушган. Давлатимиз раҳбарига бир вақтнинг ўзида мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳам тақдим этилган эди. 2020 йил 4-чоракда ишга туширилиши режалаштирилган иккинчи босқичда эса 1500 та иш ўрни яратилиши белгиланган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллион долларни ташкил этиб, у фаолият бошлаши муносабати билан 500 минг метр куб тошни қазиб олиш, 3 миллион метр кв. тошни қайта ишлаш йўлга қўйилади.

Бу ҳақида корхона директор ўринбосари Комил Саидов шундай дейди:

— Ғозғон шаҳри энг йирик мармар захираси мавжуд бўлган ва уни қайта ишловчи ҳудуддир. Шаҳарда энг замонавий технологиялар асосида мармар ва гранит тошларига ишлов беришга ихтисослашган кўплаб корхоналар бунёд этилмоқда. Эндиликда бу ҳудудда пардозбоп мармар ва гранит плиткалари ишлаб чиқаришнинг кластер услуби жорий қилинаяпти. Ҳар қандай йирик лойиҳа босқичлардан иборат бўлади. Корхонамизнинг иккинчи босқичи 2020 йилнинг сўнггига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. Қўшимча қувватларнинг барчаси ишга туширилгач, бу ерда 1200-1500 нафар ишчи-ходимлар фаолият олиб боради.

Аслида, виждонли журналист кўзи билан кўрганини борича ёзади, телефон орқали эшитганини эмас!

Ғозғон ҳудудида ҳозирда121 та саноат корхоналари, 175 та кичик бизнес субъектлари мавжуд. 2018 йилда маҳаллий инвесторлар томонидан 4 та лойиҳа асосида мармар тошларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда ҳудудда мармар қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича саноат корхоналарини янада кенгайтириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Қолаверса, 2019 йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан “Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон ша-ҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида”гиқарор қабул қилинди. Демак, ҳудуд яқин келажакда бутунлай янгича қиёфа касб этади. Аллоҳ тошдан насиба берган заминда ишсиз фуқаронинг ўзи қолмайди.

Аслида қафасда ўтирган тўтиқуш ҳам нима айтсанг ўшани такрорлайди. Қамалдаги “Озодлик” ҳам шундай гап. Уни қамал қилганларнинг мақсади эса ҳеч қачон ижобий бўлмаган, бўлмайди ҳам.

Шу ўринда савол туғилади: юқоридаги каби ёлғонлари билан “Озодлик” нимага эришмоқчи? Буни ҳар ким ўзича фикрлаб, хулоса қилиб олақолсин. Биз эса хулосамизни қуйидагича изоҳлашни лозим топдик:

Ёт камонга ўқ бўлма,

Сўзинг билан дўқ қилма,

Кўзларингни лўқ қилма,

Қамалдаги “Озодлик”.

 

Ёлғонингни тўқийсан,

Ҳақиқат деб ўқийсан,

Фақат гўнгни чўқийсан,

Қамалдаги “Озодлик”.

Киритилди: 16:10 25.05.2019. Ўқилди: 3413 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!