Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Президент фармони: Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилади

Президент фармони: Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Ҳужжатдан мақсад ўзбек тилининг халқ ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш ҳисобланади.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва кенг жамоатчиликнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг умумий чекланган сони 9та штат бирлигидан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилади ва унинг тузилмаси иловага мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Департамент мудири, Давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш бўлими мудири, Атамашунослик ва топонимик объектларга ном бериш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими мудири, Давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш масалалари бўйича бош мутахассис, Атамашунослик ва топонимика соҳасида қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш масалалари бўйича бош мутахассиc ва Топономик объектларга ном бериш масалалари бўйича бош мутахассис) тасдиқланади.

Қуйидагилар Давлат тилини ривожлантириш департаментининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида

ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;

давлат тилини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, шунингдек, «Ўзбек тили байрами куни»ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш;

- давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда «Ўзбек тили байрами куни»ни белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ва «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиши, икки ой муддатда хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этиши ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 июнга қадар қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олган 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳаларини киритади:

мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;

таълим муассасаларида давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш;

давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини яратиш;

давлат тили қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни мунтазам ва ҳар томонлама ўрганиш, уларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш;

давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш.

Киритилди: 08:22 22.10.2019. Ўқилди: 2716 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!