У 55 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни талон тарож қилган.
Хитойнинг Хуанган шаҳрининг ўрта босқич суди мамлакат Марказий банки раҳбарининг собиқ ўринбосари Фан Ифейга 386 миллион юаннинг (ҳозирги курс бўйича тахминан $55 миллион) миқдорида пора олиш жинояти учун ўлим жазосини тайинлади. Ҳукм икки йилга кечиктириш шарти билан чиқарилган. Бу ҳақда "Жэньминь Жибао" газетаси хабар берди.
Нашрнинг аниқлашича, судланувчи умрбод барча сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилинган. Фан Ифейнинг барча шахсий мулки мусодара қилинади ва агар икки йил ўтгандан кейин қатл ҳукми умрбод қамоққа ўзгартирилса, жазони енгиллаштириш ёки муддатидан олдин озод қилиш имконсиз бўлади.
Суд Фан Ифейни "жиддий ҳолатлар билан боғлиқ жиноят содир этган ва оғир ижтимоий оқибатларга олиб келган" деб айблади. Хусусан, собиқ банкир халқ манфаатларига "айниқса катта зарар етказди".
Газетанинг маълумотларига кўра, судланувчи айбини тан олган ва қилган ишларига пушаймон бўлган, шунингдек, "талон-тарож қилинган маблағларни фаол қайтариб берган".
Маълумот учун, 2012 йилда Си Цзинпин бошчилигидаги "бешинчи авлод" раҳбарларининг ҳокимиятга келишидан сўнг Хитой ҳукумати коррупцияга қарши курашни кучайтирди.
Сўнгги йилларда кенг қамровли антикоррупция кампанияси натижасида кўплаб мансабдорлар, шу жумладан юқори лавозимдагилар ҳам ишдан олиниб, турли муддатли қамоқ жазоларига, жумладан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.