Покистон ҳукуматининг маълум қилишича, Истанбулда ўтказилган тўрт кунлик Покистон-Афғонистон музокаралари ҳеч қандай келишувсиз тугаган. Туркия ва Қатар воситачилигида ўтказилган музокаралар Покистон-Афғонистон чегара ҳудудидаги жангарилар фаолиятига барҳам бериш учун кафолат олишда самара бермаган.
Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарарнинг сўзларига кўра, Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олган “Толибон” асосий масалалардан четга чиқиб кетган, оқибатда музокаралар амалий ечим бермаган.
Мамлакатлар ўртасидаги кескинлик Исломобод Кобулдан Афғонистон “Толибони” билан алоқадор “Теҳрик-э-Толибон Покистон” (Покистонлик толиблар) радикал қуролли гуруҳига қарши чора кўришни талаб қилганидан сўнг кучайганди. Икки давлат чегарасида тўқнашувлар фаоллашган, Покистон авиацияси Кобулдаги нишонларга зарбалар берганди. Тўқнашувлар оқибатида ўнлаб инсонлар қурбон бўлган эди.
19 октябр куни Қатарда Покистон ҳукумати ва “Толибон” ўт очишни тўхтатиш бўйича битим имзолаганди.