Бўлажак оналарнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши ўта муҳим. Аммо илгари бу ҳақда ҳомиладор аёлларга етарли маълумот берилмаган. Онадан болага ўтадиган баъзи инфекциялар, касалликлар тўғрисида опа-сингилларимиз билмаган.
Кўкрак сутининг аҳамиятини яхши англамаган оилаларда чақалоқларни сунъий озиқлантириш ҳолатлари ортгани ҳам сир эмас. Бу ҳам болалар ўртасида турли хасталиклар кўпайишида бош омиллардан бири бўлиб хизмат қиляпти.
Президентимиз ташаббуси билан бирламчи бўғинда 8500 нафар доя ҳамшираси штати жорий этилиб, улар тиббий бригада таркибига киритилиши ҳомиладор аёлларни скрининг текширувларига йўналтириш, тиббий назорат қилиш, соғлом фарзандлар дунёга келиши, чақалоқларни туғуруқдан кейин соғлом парваришлаш борасида ижобий натижалар учун асос бўлмоқда.
Ушбу янги механизмни йўлга қўйиш учун аввало, Туркия, Беларусь, Германия ва Литва тажрибаси ўрганилди ва патронаж доялар амалга ошириши лозим бўлган функционал вазифалар белгиланди.
Кейинги босқич эса ушбу мутахассисларни тайёрлаш, уларни керакли билим ва кўникмалар билан бойитишга қаратилди. Хусусан, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида “Соғлом оилани шакллантириш” мавзусида ўқув дастурлари шакллантирилиб, малака ошириш курслари ташкил қилинди. Бу жараёнга ҳорижлик профессор-ўқитувчилар жалб этилгани машғулотлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.
Халқаро тажрибада “каскад” усули ёрдамида миллий тренерлар тайёрлаш тажрибаси мавжуд. Бунинг юқори натижадорлиги амалиётда ҳам ўз тасдиғини топган. Шуни ҳисобга олган ҳолда, 46 нафар тажрибали педагог учун чет эллик экспертлар томонидан махсус машғулотлар ўтказилди.
Ўқишни муваффақиятли тугатганларга “Халқаро стандартлар асосида тайёрланган маҳаллий тренер” сертификати берилиб, улар, ўз навбатида, жойларда бошқа дояларни ўқитишни давом эттирди.
Ушбу уникал касб эгаларини рағбатлантириш мақсадида юртимизда илк бор тўрт босқичдан иборат “Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи” кўрик-танлови ташкил этилди. Унга кўра, бир ой давомида маҳаллалар кесимида 8 минг нафардан зиёд, туманлар кесимида 2000 нафар, вилоятлар кесимида 200 нафардан ортиқ ва республика босқичида патронаж доялар 14 та номинация бўйича беллашди ва ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Айни пайтда доялар томонидан фарзанд кўришга мутлақ ёки нисбий монелиги бўлган ва ҳомиладорлиги асорат билан кечаётган опа-сингилларимиз бирламчи тизимдаги “Аёллар маслаҳатхонаси”да туғуруқ комплекслари шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, кундалик режа асосида уларни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, патронаж дояси ўз участкасидаги ҳар бир ҳомиладор аёлнинг уйига кириб бориб, амбулатор ва стационар шароитдаги текширув ва даволаш жараёнларини назоратга олиб, шахсан кузатиб боряпти.
Ҳар бир доя ўзининг “Муваффақиятлар архиви”ни яратаяпти, яъни унинг кўмаги билан саломатлиги яхшиланган, ҳатто ўлимдан сақлаб қолинган аёллар ҳақида батафсил ёзиб боради. Шунингдек, уйма-уй юрган ҳолда “Муаммоли ҳомиладорлар рўйхати” шакллантирилиб, шифокорлар ёрдамида бундай аёллар саломатлиги тикланмоқда.
Уларнинг фаолияти натижасида йил бошидан бери 32 минг нафардан ортиқ аҳволи оғир бўлган аёллар аниқланиб, доимий парвариш эвазига ҳолати яхшиланишига эришилди.
Доялар ҳомиладорлик аниқлангандан бошлаб, ҳам она, ҳам гўдак саломатлигининг ҳимоячиси сифатида аёлнинг тиббий текширувлардан ўтиши, туғуруқ комплексига боришини назоратга олиб, фарзандли бўлгач, чилла даврида 42 кун уларнинг соғлигини кузатиб боради ва шундан сўнг патронаж ҳамширасига топширади.
Бир сўз билан айтганда, тиббий бригада таркибида патронаж доя фаолияти йўлга қўйилиши мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яна бир яққол тасдиғидир.