Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

"Озодлик" радиосига инсоф берадими?

"Озодлик" радиосига инсоф берадими?

“Озодлик” радиоси Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори ошиб кетаётганлиги ҳақида янги лавҳа эълон қилибди. Ўзини жаҳоннинг энг нуфузли ва ҳаққоний  ахборот воситаларидан бири сифатида кўрадиган бу ташкилот мазкур чиқишида ёзибди: “Ўзбекистон ташқи қарзи 27,6 милли-ард долларга етди. Мирзиёев 4 йил ичида олган ташқи қарз Каримов 27 йил давомида олган қарздан қарийб 2 бараварга ошиб кетди” (https://www.facebook.com/ozodlikradiosi/posts/10161527102396959).

“Озодлик” нинг мен иқтибос сифатида келтирган фикри шаклан тўғри. Рақамлар ҳақиқатда ҳам шундай. Лекин “коса тагида нимкоса” дейилганидай, тўғри рақамлардан ўта салбий хулосалар чиқариш бу мақолани ўқиган ёки эшитган одамлар ихтиёрига бериляпти. Яъни “Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори кескин ошиб кетяпти”, деган фикр аниқ ифодаланмаган ҳолда устомонлик билан тингловчининг миясига қуйиляпти! Бу жумлани эшитган ёки ўқиган мутахассис бўлмаган одам “Ўзбекистоннинг ташқи қарзи роса ошиб кетяпти экан”, деган хулосага келиши аниқ.

Ҳолат аслида қандай эканлигини билиш учун ташқи қарз бўйича халқаро статистикага мурожаат қилайлик. Ташқи қарз статистикасини олиб борадиган халқаро ташкилотлар жуда кўп. Мен “Озодлик” радиоси ўта ҳурмат қиладиган ва маълумотларига мутлақо ишонадиган АҚШ Марказий разведка бошқармасининг интернетда очиқ эълон қиладиган манбалари рақамларидан фойдаланмоқчиман[1].

Ташқи қарз кўп ёки озлиги унинг ЯИМга нисбати ва аҳоли жон бошига тўғри келган ташқи қарз кўрсаткичлари билан баҳоланади. Марказий Разведка бошқармаси (МРБ)  берган маълумотлар Америка Қўшма Штатлари бу кўрсаткичлар бўйича дунёда қарзи энг кўп давлат эканлигини кўрсатяпти.

Ташқи қарзи энг кўп 20 та давлат

"Озодлик" радиосига инсоф берадими?

Яъни унинг ташқи қарзи ЯИМ га нисбатан 149 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Сингапурда 346, Бельгияда 338, Японияда 295, Гонконгда 290 фоизга тенг. Мамлакатимизда эса бу рақам 2019 йил 1 январда ...33 фоизни ташкил этган!

МРБ аҳоли жон бошига энг кўп ташқи қарз тўғри келадиган давлатлар рўйхатига Сингапур (210874), Швейцария (191527), Гонконг (155918), Норвегия (139800) каби давлатларни киритган. 2019 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда бу кўрсаткич 520 АҚШ долларига тенг бўлган.

Мана шу иккала кўрсаткич орқали ташқи қарз кўп ёки оз эканлиги баҳоланади. Энг катта қарздор АҚШ, 2-ўринда Хитой, кейинги ўринларни Евроиттифоқ давлатлари, Япония, Буюк Британия, Германия, Нидерландия, Франция, Италия каби дунёнинг энг катта давлатлари ташкил қиляпти. Ўзбекистон эса – 86-ўринда! Хўш, бизнинг ташқи қарзимиз кўп эканми? Хулоса қилиш қийин эмас!

Тўғри, ўтган давр мобайнида бизнинг кўрсаткичларимиз нисбатан пасайди. МРБ 2020 йилнинг бошига нисбатан ташқи қарзимиз 12,7 фоизга кўпайганлигини ёзяпти. 2019 йилда у ҳатто шунча фоизга ошган бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистон дунёнинг қарзи энг кам давлатлари қаторида мустаҳкам турибди.

Муҳтарам блогерлар, ташқи қарз ҳақида ёзишдан олдин юқоридаги рақамларга бир эътибор беринглар! Ахир сизларнинг ниятларингиз ҳам Ватанимиз равнақи ва халқимизнинг турмуши фаровон бўлиши учун кураш эмасми?

“Озодлик”нинг “Мирзиёев 4 йил ичида олган ташқи қарзи Каримов 27 йил давомида олган қарздан қарийб 2 бараварга ошиб кетди”, деган фикрига тўла қўшиламан ва уни мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган Президент Мирзиёевнинг шиддатли ривожланиш сиёсатининг халқаро эътирофи сифатида қабул қиламан. Бу ўринда ўзлари хоҳламаган ҳолда “Озодлик” чилар Ўзбекистон янги иқтисодий сиёсатининг юртимизда аввал ҳукм сурган сиёсатдан беқиёс даражада тез ривожланиш йўлини тутганлигини тан олиб қўйишибди.

Мазкур чиқишда “Озодлик” радиоси онгли равишда одамларни атайлаб адаштиришга мўлжалланган яна битта фикр берган. Яъни: “Айни пайтда Марказий банк ҳисоботида келтирилган ташқи қарз миқдори Молия вазирлиги эълон қилган ҳисоботда кўрсатилган рақамдан кескин фарқ қилмоқда. Молия вазирлигининг август ойида эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган умумий қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19 миллиард 400 миллион доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этган”.

Келтирилган бу иқтибосдаги рақамлар ҳам тўғри. Фақат “Озодлик” ходимлари Марказий банкнинг рақамлари давлатнинг умумий ташқи қарзини, яъни 19,4 миллиард давлат ташқи қарзи ва 8,2 миллиард хусусий капитал қарзларининг йиғиндисини ташкил этиши ҳақида изоҳ беришмаяпти. Қолаверса, ташқи қарз миқдори тинмай ўзгариб туришини, Молия вазирлиги ва Марказий банк турли саналарда ахборот беришганлигини ҳам атайлаб айтишмаяпти...

“Озодлик” радиоси раҳбарияти! Бир бетликкина кичкина мақолачада шунчалик катта  юзсизлик ва мунофиқлик қилибсиз! Сиз қачон ҳақиқатни борлигича кўрсатиб берасиз?  Сизга ҳам инсоф берадими? Ёки инсофли бўлиш сизларнинг асл мақсадларингга тўғри келмайдими?

О. Олимжонов

Иқтисод фанлари доктори, профессор

Киритилди: 21:27 26.09.2020. Ўқилди: 8958 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!