Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

"Озодлик" Комил Алламжоновга қарши қасддан салбий ахборот кампанияларини тарқатди

"Озодлик" Комил Алламжоновга қарши қасддан салбий ахборот кампанияларини тарқатди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжоновнинг блогер Кирилл Алтманга берган интервьюси  медиа майдонда катта резонансларга сабаб бўлди ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

9-10 август кунлари “Озодлик” радиоси “Facebook” ижтимоий тармоғи ўзбек сегментида интервьюдан ажратиб олинган парча асосида тайёрланган материалларни фаол тарқатди, кейинчалик шу хабарлар сарлавҳаси жузъий ўзгартирилган ҳолда Kun.uz нашрининг рус тилидаги талқинида эълон қилинди. Мазкур материалларда Комил Алламжоновнинг инсон дунёқараши ўзгариши ва борлиқни англаши — иқтисодиёт ривожланиши билан боғлиқ экани ҳақидаги мулоҳазалари баён қилинган.

“Озодлик” радиоси бошқа ОАВдан фарқли равишда Комил Алламжоновнинг ушбу иқтибосини нутқи ва яхлит контекс ичидан ажратиб олиб, унга атайин салбий тус берган, шу орқали ўзининг асл мақсади АОКА раҳбарини қоралаш ва обрўсизлантириш эканини билдириб қўйган. Натижада икки кун ичида ушбу материал жамоатчилик томонидан салбий қабул қилинган ва ушбу пост остида 730 дан ортиқ изоҳ қолдирилган. Уларнинг 500 га яқини Комил Алламжонов шахси ва фаолиятини камситувчи характерга эга. 

Агентлик хабарига кўра, агар ҳар қандай фойдаланувчи бу изоҳларнинг мазмунини оддийгина таҳлил қилса, аксарият изоҳлар шахсий маълумоти ва сурати бўлмаган 48 та сохта профилдан қолдирилганини кўриши мумкин. Хусусан, энг фаол сохта профиллар — “Ивап Свирав”, “Ғиждувон Бухоро”, “Miniyozov Farxod” ва бошқалар.

Таҳллиларга кўра, шундай сохта профиллар воситасида ахборот кампанияси қўлланган бўлиб, бундан мақсад — К.Алламжонов фақат ўз бойлигини кўпайтиришдан манфаатдор эканлиги ва Ўзбекистондаги бошқа кўплаб амалдорлар каби унинг ҳам халқ билан иши йўқлиги ҳақида жамоатчилик орасида фикр пайдо қилиш ва бўрттириш бўлган. Шунингдек, у коррупцияда айбланган, АОКА директори лавозимидан истеъфога чиқиши зарурлиги ҳақида турли даъватлар билдирилган.

Ушбу вазият ёлғон ахборотларни тарқатиш учун сохта профилларни жалб қилиш дунё миқёсида ҳақиқий хавфга айланганини яна бир бор яққол кўрсатмоқда. Бу эса уларга нисбатан чора кўришни талаб этади. Сохта аккаунтларнинг бундай фаоллиги Ўзбекистон медиа майдонида ҳам кузатилмоқда, бунда муайян шахслар доирасининг манфаатлари йўлида сохта аккаунтлардан фойдаланиш тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан бугунги кунда Агентлик томонидан IP-маълумотларни аниқлаш учун сохта аккаунтларни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, кейинчалик улар тегишли идораларга қонуний чора кўриш мақсадида тақдим этилади.

Биз “Озодлик” радиоси ахборот билан ишлашда ғирром усулларни қўллаши ҳамда журналистик фаолият ва этика тамойилларини бузишда давом этаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Ушбу ОАВ раҳбарияти ҳозирга қадар АОКАнинг аввал юборган расмий мурожаатларига жавоб қайтармади, дейилади агентлик хабарида.

Комил Алламжонов шаънига камситувчи шарҳлар жойлаган сохта профиллар рўйхати бу ерда.

Киритилди: 18:27 12.08.2019. Ўқилди: 2449 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!