Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ойлик бўляпти, лекин нега дайди итлар кўпайиб боряпти?

Ойлик бўляпти, лекин нега дайди итлар кўпайиб боряпти?

Барчамиз уйда бирор жониворни сақлаймиз, бироқ ҳар доим ҳам уларнинг соғлиғига эътибор қилавермаймиз. Бу эса ит ва мушукларнинг қутуриш касаллигига чалиниб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Қутуриш қанақа касаллик ўзи?

Қутуриш ўта хавфли ўткир вирусли хасталиклардан бўлиб, у асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади. Одам ва ҳамма турдаги сут эмизувчи ҳайвонлар бу касаллик билан касалланиши мумкин. Касаллик вируси ташқи муҳитга ўта чидамли. У асосан бош ва орқа мия ҳужайраларида ва сўлакда бўлади.

Вирус касал ҳайвон тишлаганда унинг сўлаги орқали юқиб, клиник белгиларига қараб шиддатли, тинч ёки фалажлик кўринишида намоён бўлади. Шиддатли кечиш уч босқичда, яьни яширин (продрамал) қўзғалиш ва фалажлик босқичларида кечади. Итларда касаллик кўпроқ шиддатли бўлиб, бошланғич босқичи 12 соатдан 3 кунгача давом этади.

Ветеринар нима қилади?

Мазкур ҳолатда ветеринария мутахассиси итни алоҳида изоляторда 10 кунлик ветеринария кузатувига қўяди ва кунлик клиник кўрикдан ўтказади (Ҳар бир шаҳар, туманда биттадан изолятор, ўрта ҳисобда уч-тўрттадан қафас бор). Агар шу 10 кун ичида ўлиб қолса, касалликка гумон қилиниб, белгиланган тартибда ветеринария лабораторияси вирусология бўлимида текширилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, бугунги кунда тиббиёт фани шунчалик ривожланганлигига қарамасдан, қутуриш касаллиги билан касалланган инсон ёки ҳайвонга даво чоралари топилгани йўқ, аммо касалликнинг олдини олиш мумкин. Яъни, қутурган ҳайвон тишлаган одамни сақлаб қолиш мумкин. Бунинг учун бемор дарҳол тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши, тегишли профилактик воситалардан фойдаланиши керак.

Касалликнинг қандай олди олинади?

Бугунги кунда дунёнинг қатор мамлакатларида қутуриш касаллиги бўйича мураккаб эпизоотик ва эпидемик вазият сақланиб қолинмоқда. Шундан келиб чиқиб, жорий йил 10 январдан 10 февралга қадар “Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига қарши кураш ойлиги” ўтказилди. Ойлик доирасида рўйхатга олинган 266 515 бош ит ва мушуклардан 144 311 боши қутуришга қарши эмланди. Шунингдек, 285 222 хонадон эгалари ит сақлаш қоидалари билан таништирилди.

Натижада 2019 йил 6 ой давомида ҳайвонлар ўртасида қутуриш касаллигига аниқланмади.

Аммо бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Рўйхатга олинмаган, яъни дайди, шу билан бирга эгали дайди итлар эмлаш тадбирларидан четда қолмоқда. Ит ва мушукларини эмлатмагани, яъни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузгани учун 200 нафарга яқин фуқарога нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.

Бироқ дайди итлар ҳамон муаммо. Туман, шаҳар ободонлаштириш бошқармаларига қилинган мурожаатлар эса жавобсиз қолмоқда. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 15 июлдан 15 августга қадар “Вилоятда мавжуд итларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва дайди итларга қарши курашиш” ойлиги ўтказилмоқда. Дайди итларни тутиш айнан ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг функционал вазифасига киради.

Шу боис, мазкур ойликда маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, умуман, кенг жамоатчилик фаол иштирок этса, вилоятимизда қутуриш билан боғлиқ хавфли вазият кузатилмайди.

Ҳамдам УМАРОВ, Самарқанд вилояти ветеринария ва

чорвачиликни ривожлантириш  бошқармаси бўлим бошлиғи.

ТАҲРИРИЯТДАН: Кейинги вақтларда дайди итлар билан боғлиқ материаллар босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида тез-тез эълон қилиб борилмоқда. Биз аслида ўша – касалликка қарши эмланмаган, қайсики уни ташувчиси бўлиб қолиши мумкин бўлган ҳайвонларни тутиш ва бошқа тадбирлар ҳақида материаллар кутгандик. Бизнингча, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш деб номланган 110-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак. Чунки, айни пайтда ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш, шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаган фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солинади. Балки жарималар миқдори оширилса, кишилардаги масъулият ҳам кучаяр.

Manba: zarnews.uz

Киритилди: 06:15 23.07.2019. Ўқилди: 5925 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!