Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Олот тумани ҳокими ва ундан калтак еган фермерни яраштириб қўйишди

Олот тумани ҳокими ва ундан калтак еган фермерни яраштириб қўйишди

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Олот тумани тумани ҳокими Шерали Саломов ва ундан калтак еган Шуҳрат фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни яраштириб қўйди, дея хабар бермоқда Дарё нинг телеграмдаги канали (асл манба Xabar.uz ). Бир кун аввал ҳоким фермерни ургани ва уни бошқа бир фермер хўжалиги ҳисоб рақамига 25 миллион сўм ўтказиб беришга мажбур қилгани айтилган эди.

Олот тумани фаоллари билан учрашувда Ўктам Барноев Шерали Саломовнинг ҳаракатларини қоралаган, вилоят ҳокимининг айтишича, раҳбар шахснинг бундай қилиғи олиб борилаётган халқни рози қилиш сиёсатига мутлақо тўғри келмайди .

Ўктам Барноев бундай ҳолат вилоятдаги ҳар қандай раҳбарлар томонидан такрорланса, уларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирган.

Олотлик фермер Ориф Дурматов билан шахсан гаплашдим. Меҳнаткаш, ҳалол, мард, танти, ғурурли йигит экан. Ҳоким билан юз берган ҳолатни тўғри тушуниб, мардларча ўзини тутди. Бундан буён бу фермер шахсан менинг эътиборимда бўлади. Бундай фермерларни қўллаб-қувватлаймиз. Бухорода адолатсизлик сиёсати бўлмайди , дея таъкидлаган вилоят ҳокими.

Олот тумани ҳокими ўзи дўппослаган фермердан кўпчилик олдида кечирим сўраган. Фермер туман ҳокимининг узрини қабул қилган.

Вилоят ҳокими Ўктам Барноев туман фаолларининг таклиф ва тавсияларига кўра, бўлган воқеадан Шерали Саломов афсусда эканлиги ва фермердан узр сўраганлигини инобатга олиб, иккала томонни яраштириб қўйди.

Бошқа фермернинг ҳисобига ўтказилган пуллар тақдири ҳақида маълумот берилмаган , деб ёзади Газета.uz . Вилоят ҳокими томонларни яраштириб қўйган бўлса-да, ҳуқуқий жиҳатдан бу Олот ҳокимининг жазодан қутулиб қолиши учун сабаб бўла олмайди , деб аниқлик киритган Kun.uz.

Ҳозирги ҳолатда фермернинг аризаси шарт эмас, ҳаттоки у ҳокимга нисбатан даъвойим йўқ, ярашдим деб ёзиб берган тақдирда ҳам, ҳокимни жавобгарликка тортиш мумкин. Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга масъул идоралар бор. Лекин ҳозирча улар негадир жим , деб қўшимча қилган интернет-нашр мухбири.

P/S. Суратда ҳоким Шерали Саломов (ўнгда) ва фермер Ориф Дурматов

Киритилди: 16:58 16.01.2019. Ўқилди: 3020 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!