Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Олинган мулк учун эквивалент иш бажарилган бўлса, қилмишни растрата сифатида квалификация қилиб бўлмайди

Олинган мулк учун эквивалент иш бажарилган бўлса, қилмишни растрата сифатида квалификация қилиб бўлмайди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2015 йил 21 сентябрдаги ҳукмига кўра, Д. Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “б,в,г” бандлари билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, Д. 2010 йил 03 январдан шу кунга қадар Бухоро шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли ўрта умумтаълим мактабида хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, мактаб диретори Ф. ва мактаб хазиначиси В. билан юбджет маблағларини ўзлаштиришда ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, қоровул васифасида расмийлаштирилган фуқарога 2011 йил август ойидан 2013 йил ноябрь ойига қадар “электрик” ва яна бир фуқарога 2011 йил март ойидан 2015 йил январь ойига қадар “ишчи, электрик” вазифаларини юклаш тўғрисидаги билдиргисига асосан уларнинг мурожаатисиз буйруқ расмийлаштириб, мазкур вазифада ҳақиқатда ишламаган бўлишсада, ишлаганлиги тўғрисида табелларга ҳар ой такроран сохта ёзувлар киритиб, мактаб хазиначиси томонидан иш ҳақи тарқатилаётганида “ишчи, электрик” учун ҳисобланган маблағларни тарқатмасдан ушлаб қолинишига, тўлов қайдномаларида фуқаронинг имзоси сохталаштирилишига эришиб, унинг меҳнат дафтарчасига ишлаётганлиги тўғрисида сохта ёзувлар киритиб, асоссиз меҳнат стажига эга бўлишини ҳамда солиқ ва пенсия фондига ҳар ойлик иш ҳақи ажратмаларининг кўчирилишини таъминлаб, жами 7.116.470 сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. 

ЖПКнинг 463-моддасига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги курсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли қарорининг 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги қайд этилган.

Бироқ, биринчи босқич суди томонидан Д.га нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилинмаган.

Жумладан, судланувчилар Ф. ва Д.лар дастлабки тергов ва судда берган кўрсатувларида мактабда 0,5 ставкада электрик штати мавжуд бўлиб, ушбу штатда ойлик маош камлиги сабабли, доимий ишлаш учун электриклар топилмаганлиги натижасида, оғзаки келишув ва розилиги асосида мактаб қоровулларига юқоридаги электрик вазифаси қўшимча равишда буйруқ асосида расмийлаштирилган бўлсада, лекин электрик ишларини ушбу даврда улар умуман бажармасдан, фуқаро У. мактабдаги электрик вазифасини тўлиқ бажариб келганлиги сабабли, қоровулларга  0,5 ставка электрик вазифаси учун ҳисобланган ойлик маошлари бевосита ишни бажарган мактаб хазиначиси томонидан бевосита электрик ишини ҳақиқатда бажарган  У.га берилганлиги, бундан ташқари мактабда қоровул вазифасида ишлаган С.ни ўрнига айрим кунларда А. турганлиги ва С. қоровул вазифасида ишлагани вазифасидан озод қилинганлик ҳақидаги буйруқлари асосида С.нинг меҳнат дафтарчаси тўлдирилиб тасдиқлаб берилганини кўрсатганлар.

Ф. ва Д.нинг ушбу кўрсатувларини дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган гувоҳлар ҳам тўлиқ тасдиқлашган.

Қонуннинг мазмунига кўра, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан ўзлаштириш жинояти ҳам талон-торож жиноят турларидан бири сифатида ўзганинг мулкини эгаллашга қаратилиши лозим. Олинган мулк учун эквивалент пул тўланган, хизмат кўрсатилган, иш бажарилган бўлса, гарчи мулкни олишда баъзи қоидабузарликларга йўл қўйилган тақдирда ҳам қилмишни растрата сифатида квалификация қилиб бўлмайди.

Жиноят иши бўйича, Ф. ва Д.лар томонидан электрик вазифасида ишламаган деб ҳисобланган С. ва А.га 2011 йилдан 2015 йилнинг 01 январигача жами 7.116.470 сўм пуллар тўлаб берилганлиги тасдиқланган бўлсада, фуқаро У.нинг мактабдаги электрик вазифасини тўлиқ бажариб келганлиги, яъни тўланган ойлик иш ҳақига мутаносиб равишда иш ҳажми бажарилганлиги ҳам исботланган.

Ўз навбатида, дастлабки тергов ва биринчи инстанция суди томонидан, С.Рахимов ва А.Тўлаевларга қайд этилган даврларда электрик вазифаси учун ҳисоблаб тўланган ойлик иш ҳақлари ҳақидаги бухгалтерия ҳужжатлари текширилмасдан ва унга баҳо берилмасдан, олинган ойлик маошлари нотўғри кўрсатилган.

Жумладан, юқоридаги ҳолатда С. ва А.га қайд этилган даврларда бюджет олди солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар чегирилгандан сўнг қўлларига тўланган жами ойлик иш ҳаққи суммаси 3.802.143 сўмни ташкил этганлиги ва бундай ҳолда ушбу сумма 2015 йилнинг 01 сентябрь ҳолатида энг кам ойлик иш ҳақи 130.240 сўмни ташкил этишини инобатга олган ҳолда судланувчи Д.нинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслигига баҳо берилмаган.

Ваҳоланки, ЖПКнинг 26-моддасида суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқариши, 486-моддасида эса суднинг ҳукмида баён этилган хулосаларда жиддий зиддиятлар мавжуд бўлиб, улар судланувчининг айблилиги  масаласини ҳал қилишга, Жиноят кодекси нормаларини тўғри қўллашга ёки жазо чорасини белгилашга таъсир кўрсатган бўлса ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, ҳукм жиноят ишининг ҳақиқий ҳолатларига мувофик эмас деб эътироф этилиши кўрсатилган.

Баён қилинганларга асосан, судлов ҳайъатининг ажрими билан, Д.нинг  ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “б,в,г” бандлари ва 209-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, унга оид жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан тугатилиб, айбсиз деб топилиб, оқланди.

КСҲ-№4-03/10-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилоят судининг
судьяси С.Найимов

Киритилди: 15:28 25.11.2019. Ўқилди: 1244 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!