Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Одамлар учун ҳисоб-китоб онлари яқинлашиб қолди…. (бир оят тафсири)

Одамлар учун ҳисоб-китоб онлари яқинлашиб қолди…. (бир оят тафсири)

Бу оят Қуръони карим «Анбиё» (Пайғамбарлар) сурасининг бошланишидир. Бу сура маккий суралардан бўлиб, 112 оятдан иборатдир. Ушбу сурада, одамларга қарата, қиёмат соати яқинлашиб қолгани, одамлар эса, у кундаги ҳисоб-китобга тайёргарлик кўриш ўрнига, ғафлатда қолиб, бу дунёнинг ҳойи-ҳаваси, ташвишлари билан машғул бўлиб, тоат-ибодат, яхшилик қилишни унутиб қўяётгани, боқий дунё ташвиши кўпларининг эсидан чиқиб қолаётгани баён қилинади.

Демак, оятнинг тўлиқ таржимаси қуйидагича: «Одамларнинг ҳисоб-китоб онлари (қиёмат қойим) яқинлашиб қолди, улар эса, ғафлатда қолиб, (тоат-ибодат ва яхши амаллардан) юз ўгириб турибдилар».

Бу ояти каримада, инсонлар охиратни, унда бўладиган ҳисоб-китобни унутиб қўйиб, у кунда бўладиган савол-жавобни, жазо ёки мукофот тайин бўлишини эсдан чиқараёзгани уқтирилади.

Агар, теран назар билан қарасак, манзара ҳақиқатан ҳам шундайдир. Одамлар (ҳаммаси ҳам эмасдир балки) бир-бирини алдаган, бир-бирининг ҳаққини еган, тарозидан урган, ғийбат, туҳмат, бўхтон, фирибгарлик, зўравонлик, ўғирлик, зино қилган, тоат-ибодатни, яхшилик-эзгуликни, хайр-садақани деярли унутган.

Аслида қандай бўлиши керак? Аслида, ҳар бир одам, ҳар бир инсон, аввало Аллоҳнинг бандаси эканлигини, бу қисқа умр ўткинчи ва ғанимат эканлигини, охират ҳақ ва унга тайёргарлик кўриш кераклигини эсдан чиқармаслиги лозим. Бу иш тоат-ибодатни, яхшилик-эзгуликни кўпайтириш билан бўлади. Аллоҳ берган, бераётган неъматлардан эҳтиёжманд оилаларга, қавми-қариндошга, қўни-қўшни, маҳалладошга хайр-эҳсон қилиб туриш айни муддаодир. Бунинг учун, одам албатта бой бўлиши, мол-дунёси кўп бўлиши шарт эмас. Топган-тутгани кам одам камроқ, кўп бўлса, кўпроқ бермоғи мумкиндир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан шундай ҳадис ворид бўлганким, «Бу дунё охират экинзоридир». Яъни, ким нима экса, охиратда шуни ўради (натижасини, ҳосилини кўради).

Шундай экан, ҳар биримиз икки дунёмиз бахти-саодатини ўйлашимиз, сўрашимиз, айниқса охиратимиз тадоригини кўриб қўйишимиз, яхшилик-эзгулигимизни, тоат-ибодатимизни кўпайтиришда ўзаро хайрли мусобақада бўлмоқлигимиз лозим ва лобуддир.

Нуриддин домла Ҳошимов

Янгийўл тумани

Киритилди: 06:30 04.07.2020. Ўқилди: 9577 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!