Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

"Очиқ Андижон" инвестиция форумида 40 миллион долларлик экспорт шартномаси имзоланди

"Очиқ Андижон" инвестиция форумида 40 миллион долларлик экспорт шартномаси имзоланди

Хабарингиз бўлса, жорий йилнинг 19-20 октябр кунлари Андижон вилоятида "OPEN ANDIJAN" -1-Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Форумда Ҳиндистон, Германия, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Озарбайжон, Афғонистон, Миср, Англия, Исроил, Эрон, Қозоғистон, Хитой, БАА, Покистон, Руминия, Саудия Арабистони, Сурия, Тожикистон, Туркия, Бангладеш, Украина, Полша, Япония давлатларидан келган делегациялар қатнашди.

Форум доирасида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида 250 миллион АҚШ долларилик шартномалар, шунингдек, 40 миллион долларлик экспорт шартномаси имзолангани маълум қилинди.

“Вилоятда муаммоли туманлар бор. Нима учун мана шундай инвестициялар ўша туманларга йўналтирилмаяпти? Инвесторга энг аввало нима керак? Узлуксиз свет, газ, сув таъминоти ва сифатли йўл керак. Афсуски, вилоятдаги ҳар бир туманда ҳам инфратузилма яхши шаклланмаган. Вилоятда муаммолар ҳали етарли ва мана шундай форумлар ҳам муаммоларни ҳал қилиш учун ташкил этилган.

Форум натижасида вилоятда 5 минг киши иш билан таъминланиши кутиляпти. Биз бутун вилоятни ривожлантириш учун иш олиб бормоқдамиз ва муаммоли туманларга ҳам инвестиция кириб боради. Шу муносабат билан журналистлар ва блогерлардан ушбу форумни, Андижонда кўрганларингизни борича, ҳолислик билан тарғиб қилишларингни сўрайман”, деган вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов.

Матбуот анжуманида “Инвесторлар вилоятга келаётган яхши, аммо уларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади? Бунинг учун вилоят ҳокими сифатида нималар қиляпсиз?”, дея савол берилган. Бу саволга “Илгари ҳокимларга фақат қишлоқ хўжалиги ишларини бошқарадиган одам сифатида қаралар эди. Ҳозир вазият тубдан ўзгарган. Кластерлар тизими йўлга қўйилгани учун қишлоқ хўжалиги ишлари бир тизимга йўналтирилди. Қачон илгари Андижон вилояти 29 кунда пахта режасини 102 фоизга бажарган эди? Мен ҳозир ҳоким сифатида бевосита инвесторлар билан ишлаш имкониятига эга бўлганман. Бир гапни айтаман, вилоятга бирорта инвестор мен билан суҳбатлашмай кирмайди. Мен уларнинг ҳар бирини шахсан қабул қиламан ва барча қулайликларни яратишга ҳаракат қиламан. Мен вилоят ҳокими сифатида ҳар бир инвесторга қонун устуворлигини таъминлайман”, дея ваъда берган ҳоким.

Киритилди: 08:00 22.10.2019. Ўқилди: 1949 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!