Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Низом талабларига нега вақтида риоя қилинмади? Ёки ўз юртида ўқиш истагида бўлган талаба тақдирига бефарқ қаралгани хусусида

Низом талабларига нега вақтида риоя қилинмади? Ёки ўз юртида ўқиш истагида бўлган талаба тақдирига бефарқ қаралгани хусусида

Таҳририятга Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Назира Раҳмонқулова мурожаат қилди.

Мурожаатда таъкидланишича, Н.Раҳмонқулова Россия халқ­лар дўстлиги университетининг сиртқи бўлимида таҳсил олаётган набираси Фотима Усмонованинг ўқишини Самар­қанд иқтисодиёт ва сервис институтига кўчириш ҳаракатида бўлади.

Россиядаги университетнинг биринчи бос­қичини якунлаган набиранинг ҳужжатларини Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти мутасаддилари (ке­йин аниқланишича, Самарқанд давлат университетида ташкил этилган ишчи гуруҳ) жорий йилнинг 5 август куни ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишади. 24 августда Ф.Усмонова Самар­қанд давлат чет тиллар институтида кўчириш бўйича ўтказилган махсус тест синовларини топширади ва 86,5 балл тўплайди. Унинг исм-шарифи ўқишга кирганлар рўйхатига киритилиб, эълон қилинади. Бундан хурсанд бўлган буви институт ректоратига учрашади. Ўқув бўлими бошлиғи И.Шодмонов тўлов-контракт суммасини тўлашлари учун рухсатнома ёзиб беради. Талабанинг яқинлари банкка 5 миллион 68 минг сўм (ўқув йили ярми учун)тўловни амалга оширишади. Сўнгра 2018 йил 12 сентябрь санасида Ф.Усмонованинг иқтисодиёт ва менежмент факультетининг иқтисодиёт йўналишига ўқишга қабул қилингани тўғрисида Россия халқлар дўстлиги университети ректорига расмий хат юборилади (СамИСИ ректори имзоси билан). 17 сентябрда Ф.Усмоновага дарсларга қатнашишга рухсат берилади. Аммо шу куни дарсларда қатнашган талабанинг бувисига институт мутасаддиларидан бири телефон қилиб, "Набирангизнинг ўқишига рухсат этилмади", дейди…

Шундан кейин Н.Раҳмонқулова шунча оворагарчиликлар учун СамИСИ мутасаддиларидан изоҳ сўрайди ва уларнинг "Вазирлик рухсат бермади. Низом талаблари бўйича набирангизнинг ўқишини кўчириш мумкин эмас", деган жавобидан қониқмагач,таҳририятимизга мурожаат қилади.

Мурожаат юзасидан Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институти ректоратигаучрашдик.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган "Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 12-бандига мувофиқ сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга йўл қўйилмайди, – деди институт ўқув бўлими бошлиғи И.Шодмонов. –Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган "Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида"ги низом ҳам республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавоб беришга асос бўлади.

– Низомда белгиланган талаблар ушбу хатти-ҳаракатларимиз бефойда эканлигини кўрсатар экан, нега Самарқанд иқтисодиёт сервис институти мутасаддилари ўша вақтдаёқ бизга рад жавобини беришмади? – дейди Н.Раҳмонқулова. – Ҳужжатларни қабул қилиб, набирамни тестга қатнаштириб, ўқишга кирганлар рўйхатида эълон қилган, Россия университети ректорига "Биз ўқишга қабул қилдик, ҳужжатларини юборинг", деб хат жўнаттирган ҳолда кейин "Ўқишга рухсат этилмади", дейишнинг нима ҳожати бор эди? Инс­титутнинг фақат биринчи курсида сиртқи бўлим мавжудлигини билиб, "Биринчи курсга бўлса ҳам қабул қилинг", дея илтимос қилдик, кўнишмади. СамИСИда ўқиш ҳуқуқи бўлмаган, Россиядаги таҳсилидан ҳам айрилган набирамга нима деб тасалли беришга ҳам ҳайронман.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ишонч телефонига қўнғироқ қилдик.

– Бу масалада таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича комиссия қошидаги ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссиясига ёки Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига мурожаат қилинг, – деди "ишонч телефони"дагилар.

Билишимизча, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси бир ой фаолият юритади. Ҳар йил август ойида ишлайдиган ушбу комиссия вакилларини ноябрь ойида излашнинг ўзи мантиққа зидлигини инобатга олиб, вазирликни ортиқ безовта қилмадик.

Низом талаблари бўйича Ф.Усмонованинг ўқишини сиртқи бўлимдан кундузгига кўчиришнинг имкони йўқ экан, нега август ойидаёқ ушбу талаб даъвогарнинг яқинларига очиқланмагани тўғрисидаги саволимизга СамИСИ мутасаддиларидан қуйидаги ёзма жавобни олдик:

"Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 27 июндаги "Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш бўйича ҳужжатларни жойларда қабул қилишни ташкил этиш тўғрисида"ги буйруғи билан Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасалари учунСамарқанд давлат университетида ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ишчи гуруҳгаинститутимизга доир масалалар бўйича масъул этиб ўқув-услубият бўлими диспетчериР.Норқораева бириктирилган.

Ф.Усмонова 2018 йил 5 августда (ишчи гуруҳнинг охирги иш куни) СамДУга бориб, ҳужжатларини Р.Норқораевага топширмасдан университет ишчи гуруҳига топширган.Университет томонидан тутилган ҳужжатларни топширганлигини қайд қилишжурналига маълумотлари расмийлаштирилган. Талабанинг ўқиган таълим шакли эътибордан четда қолган бўлиши мумкин. Ходимимиз томонидан тутилган журналда Ф.Усмонованинг ҳужжат топширганлиги қайд этилмаган.

Хорижий олий таълим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчираётган (тиклаётган) талабалар учун белгиланган жадвалга мувофиқ (жадвалда таълим шакли кундузги деб қайд қилинган) Ф.Усмонова 2018 йил 24 августда Самарқанд давлат чет тиллар институтида онлайн тест синовларини топширган. Вазирликнинг 2018 йил 29 августдаги хати иловасида келтирилган хорижий олий таълиммуассасаларидан ўқишни Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ўтказилган махсус (онлайн тест) синовлар натижаларига мувофиқ Ф.Усмонова 86,5 балл (рўйхатда 4-ўринда) тўплаган.

"Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 19-бандига мувофиқ ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилган ҳамда талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилган.Россия Халқлар дўстлиги университети томонидан Ф.Усмонованинг ўқиши тўғрисидаги маълумотда (2018 йил 13 июнда 2559/эв рақам билан қайд қилинган 0002529 сонли маълумот) талабанинг 2017 йил сиртқи таълим шаклида ўқишга қабул қилингани қайд этилган".

– Бу ерга ўқишга киргани эълон қилингач, набирамни Россия Халқлар дўстлиги университетининг сентябрь ойига мўлжалланган иккинчи босқич, биринчи семестр машғулотларига ҳам юбормадик, – дейди Назира ая. – Энди нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Қолаверса, СамИСИ мутасаддиларининг жадвалга таълим шаклини "кундузги" деб қайд қилганимиз борасидаги важи ҳам асоссиз. Ахир биз топширган ўқишни кўчириш тўғрисидаги йиғма маълумотларнинг аксариятида (ушбу ҳужжатлар таҳририятга тақдим этилган) набирамнинг сиртқи бўлимда ўқиётгани баён этилган эди-ку?!

Ажабланганим, ўтган ўқув йилида набирамни Россияга ўқиш учун олиб борганимизда етти ёт бегона кишилар бизга ёрдам беришди. Ҳужжат топширишнинг қонун-қоидаларини изоҳлаб, бирма-бир тушунтиришди. Нега юртимизда ўзимизни ўзимиз алдаймиз, арзимас баҳоналар билан ўз-ўзимизни овора қиламиз?

Мурожаат юзасидан ўрганишларимиз жараёнида Россия олий таълим муассасаларининг бирида таҳсил олаётган Ф.Усмонованинг Самарқанд олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириши низом талабларига тўғри келмайдиган бўлса, нега мурожаатчиларга ўз вақтида бу ҳақда тушунча ва рад жавоби берилмагани сабаби рўй-рост очиқланмади. Аммо Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси қарори асосида амалга ошириладиган махсус кириш тестлари олиниши, Россиядаги университет ректори номига расмий хат юборилиши, банкка пул тўлаттириб, бир оиланинг ойлаб сарсон-саргардон қилингани ёш юртдошимизнинг тақдирига бефарқ қаралганидан далолат эмасми?

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,

"Зарафшон" мухбири.

Manba: zarnews.uz

 

Киритилди: 16:06 17.11.2018. Ўқилди: 1710 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!