Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Никоҳи самода ўқилган аёл

Никоҳи самода ўқилган аёл

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари, мўминларнинг оналаридан бири Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодирлар. Бу онамиз Расулуллоҳнинг аммаси Амийма хонимнинг қизи бўлиб, жанобимизга яқин қариндошлардан бўлган. Қуръони каримда Зайнаб онамиз ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

"Эсланг, сиз Аллоҳ неъмат берган ва сиз ҳам неъмат берган шахсга: "Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил", дер эдингиз. Ва ичингизда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардингиз ва одамлардан қўрқардингиз, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғингиз ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сизни унга уйлантирдик” (Аҳзоб сураси, 37 оят).

Ояти каримада Расулуллоҳнинг озод қилган қули Зайд ибн Ҳориса ва унинг хотини Зайнаб бинти Жаҳш ҳақида сўз борган. Аллоҳ Зайд ибн Ҳорисани Ислом билан неъматлантирди. Пайғамбаримиз эса унга озодлигини инъом қилди. Аслида Зайд ибн Ҳорисани Зайнаб онамизга уйлантириб қўйган Расулуллоҳнинг ўзлари эди. Зайнаб Расулулоҳнинг аммасининг қизи, кўз олдида катта бўлган қариндоши эди. Уни Зайд ибн Ҳорисага никоҳлаб қўйди. Аммо келин-куёв бир-бирлари келишиб кета олмадилар. Аллоҳ тез орада Зайд Зайнабни талоқ қилишини ва тақдиротда Зайнабнинг ҳаёти Расулуллоҳ билан бирлашиши ёзилганини Пайғамбаримизга маълум қилди. Пайғамбаримиз англадики, тез орада ўз аммасининг қизи, ҳозирда Зайднинг никоҳида бўлган Зайнаб, эридан ажраб Расулуллоҳга хотин бўлади. Лекин қалбидаги бу сирни одамларга ошкор этишдан чўчирдилар. Бу сирни Зайдга айтса, бошқаларга билдирса “бировнинг хотинини талоқ қилишни буюриб ўзи уйланиб олди”, деган гап сўзлар тарқашидан ҳаё қилар эдилар.

Кўп ўтмасдан ҳақиқатан Зайд хотини билан ажрашиш масаласида Расулуллоҳга мурожаат қилди. Шунда унга: "Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил", дедилар.

Худди шунда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга итоб қилиб деди: "Ва ичингизда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардингиз ва одамлардан қўрқардингиз, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғингиз ҳақлироқ эди. Яъни, биз сизга ошкор маълум қилиб қўйган нарсани одамларга ошкор қилиш ўрнига нега уни махфий тутиб, Зайдга "Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил", демоқдасиз?! Ахир уни сизга хотин бўлишини билдирган эдик-ку?! Одамлардан эмас, Аллоҳдан қўрқиш ҳақлироқ", деган маънода.

Ҳаётда шундай ҳолатлар борки уни одамларга ошкор қилишга қўрқамиз ва, ҳолбуки, у нарса аслида шаръан ҳалол ва ҳеч қандай айбли бўлмайди. Инсон дунёда инсонлар учун эмас, Аллоҳ учун яшаши керак экан…

Хуллас тақдири илоҳий билан Зайд ибн Ҳориса Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони талоқ қилди. Шундан кейин Аллоҳ таоло Зайнаб хонимни гувоҳларсиз Расулуллоҳга никоҳлаб қўйдилар. Дунё аҳли муслималаридан жамики аёлларнинг никоҳи ерда, гувоҳлар ҳузурида ўқилган бўлса, хоссатан Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳонинг никоҳини Яратган Эгамиз Аллоҳ самода ўқиди. Кейин Расулимиз алайҳиссалом бир қўй сўйиб никоҳ тўйини қилдилар.

Зайнаб онамиз учун никоҳини Аллоҳ ўқигани фахр эди. Ул зоти шарифа бошқа оналаримизга: сизларнинг никоҳингизда оталарингиз бош бўлган. Менинг никоҳимга эса Аллоҳ бош бўлган деб турар эдилар. Аллоҳ Зайнаб онамиздан рози бўлсин!

 

Фурқат Файзуллаев

Киритилди: 10:25 22.10.2019. Ўқилди: 5443 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!