Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ниҳоят: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Наманган—Тошкент авиарейсининг соатлаб ушлаб турилганига изоҳ берди

Ниҳоят: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Наманган—Тошкент авиарейсининг соатлаб ушлаб турилганига изоҳ берди

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси HY-095 авиарейси эрталаб соат 8:00 дан бери йўловчилари билан ушлаб турилгани ҳақида берилган хабарга муносабат билдирди.

Uzbekistan Airways баёнотида жумладан шундай дейилади:

«Наманган» ва «Фарғона» халқаро аэропортлари қуюқ туман туфайли ҳаво кемаларини қабул қилиш учун ёпиқ эди, шу сабабли компаниянинг HY-620 Москва—Наманган йўналиши бўйича 8 декабрда парвоз қилган Boeing 757 ҳаво кемаси командири қарори билан «Тошкент» аэропортига соат 17:41 қўнди.

«Наманган» аэропортида об-ҳаво узоқ муддат яхшиланмаганлиги боис, ерусти транспорти билан манзилга етиб олишни истаган йўловчиларга, авиакомпания қоидаларига мувофиқ, Наманганга етиб олиш учун йўл харажатларини қоплаш учун компенсация тўлаб берилди.

Йўловчиларга, жумладан, юки кўп бўлганларга, авиакомпания томонидан якуний манзилга энг яқин қатнов билан етиб олиш таклифи берилди. 37 нафар йўловчи 9 декабрь, душанба куни соат 08:25 даги HY-095 қатнови билан Наманганга етиб боришга розилик билдирди.

«Наманган» аэропортида узоқ вақт об-ҳаво ўзгармаганлиги сабабли HY-095 қатнов вақти соат 10:00 га, сўнгра 12:00 ва 14:00 га кўчирилди. Учишни кутиш вақтида йўловчилар «Тошкент» аэропорти халқаро йўналишлар терминалининг кутиш залига жойлаштирилди, у ерда уларга икки марта иссиқ овқат — кечки овқат/эрталабки нонушта тақдим этилди. 9 декабрь куни соат 07:00 да йўловчилар Наманганга учиш учун ерусти транспорти билан маҳаллий авиайўналишлар аэровокзалига етказилди.

«Наманган» аэропортида об-ҳаво яна ёмонлашгани йўловчиларнинг самолётда узоқ вақт кутишига сабаб бўлди. Баъзи агрессив кайфиятдаги йўловчилар ҳолатни тушунмасдан, об-ҳавога қарамасдан, тезроқ Наманганга учишни талаб қилди. «Наманган» аэропорти очилиши тўғрисида маълумот олиниши билан, ҳаво кемаси командири учишга қарор қилди ва йўловчилар самолётга таклиф қилинди. Ўша агрессив кайфиятдаги йўловчилардан бири самолёт саҳнига чиқгач, ўз эътирозлари билан катта борт кузатувчисига ташланди. 5 нафар йўловчи, шу жумладан, катта борт кузатувчисига тан жароҳати етказган йўловчи аёл аэропорт милиция линиявий бўлими вакиллари томонидан қатновдан четлаштирилди, бу ҳолат экипаж аъзосини алмаштиришни талаб этди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу вақт давомида Uzbekistan Airways раҳбарияти ва масъул ходимлари аэропортда бўлиб, тушунтириш ишлари олиб борди ва йўловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлди, йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча чораларни кўрди.

Uzbekistan Airways йўловчилардан учиш ва қўниш аэропортларида қишки мавсумдаги ёмон об-ҳаво шароити туфайли парвозлар жадвалига киритилаётган ўзгаришларга тушунган ҳолда ёндошишни сўрайди, чунки парвозлар ва йўловчилар хавфсизлиги бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади».

Компания HY620 Внуково—Наманган ва HY-095 Ташкент—Наманган қатновлари хронологиясини ҳам расмий сайтида чоп этган.

Аввал Ўзбекистон ҳаво йўлларининг HY-095 авиарейси эрталаб соат 8:00 дан бери йўловчилари билан ушлаб турилгани, бортда соатлаб қолиб кетган пассажирлар орасида ҳолсизликдан ҳушидан кетганлар ҳам борлиги, учта тез ёрдам машинаси келгани, шунингдек, борт кузатувчилари самолётни тарк этганларга авиачипта қиймати қопланмаслигини айтгани хабар қилинган.

Киритилди: 09:50 10.12.2019. Ўқилди: 3004 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!