Бугун 2 ноябрь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Невада чўлида 300 дан ортиқ одам қолдиқлари топилди (видео)

Невада чўлида 300 дан ортиқ одам қолдиқлари топилди (видео)

АҚШнинг Невада штатида жуда тажрибали тадқиқотчиларни ҳам ларзага солган ҳолат қайд этилди. “The Sun” нашрининг ёзишича, Серчлайт шаҳри яқинидаги чўл ҳудудидан 300 дан зиёд инсон қолдиқлари топилган. Улар кимга тегишли экани ҳозирча аниқланмаган.

Маълумотларга кўра, чўлда куйдирилган ҳолдаги инсон қолдиқлари уюм-уюм кўринишида ётган. Терговчиларнинг айтишича, уларнинг ҳеч бирида шахсни аниқловчи ҳужжат ёки маълумот қолмагани сабабли аниқлик киритиш жуда қийин бўлмоқда.

Ер ресурсларини бошқариш бюроси топилган суяклар инсонга тегишли эканини тасдиқлаб, махсус тергов гуруҳи ташкил этган. Воқеа жойидан кул сақланган халталар, уларни боғлаш учун ишлатилган пластик боғичлар ҳамда урна бўлаклари топилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу ҳолатни жиддий текширмоқда. Чунки Невада қонунларига кўра, шахсий мулкда кулни сочиш тақиқланмаган бўлса-да, инсон қолдиқларини ҳурматсизлик билан ташлаб юбориш ёки тижорий мақсадларда кўмиш федерал қонун ва касбий этикага зид ҳисобланади.

Топилган қолдиқларни йиғиш ва вақтинча сақлаш ишлари Palm Mortuaries and Cemeteries компанияси зиммасига юклатилган. Компания президенти Селена ДиЛулло бу ҳақда шундай деди:

“Биз учун бу инсонлар унутилмаслиги ва ташлаб қўйилмаслиги жуда муҳим. Улар тинч жойда дафн этилиши учун барча шароит яратамиз”.

Маълум қилинишича, яқин кунларда барча қолдиқлар Невада жанубидаги қабристонлардан бирида умумий дахмага жойлаштирилади.

Бу фожиали топилма нафақат маҳаллий аҳолини, балки бутун мамлакатни ўйга солди — бу ҳодиса ортида қандай сир ётгани ҳали номаълум. Тергов ишлари давом этмоқда.

Киритилди: 09:50 01.11.2025. Ўқилди: 1348 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!