Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Навоий шаҳри ҳокими уйга келувчи меҳмонларга «солиқ солгани» айтилмоқда

Навоий шаҳри ҳокими уйга келувчи меҳмонларга «солиқ солгани» айтилмоқда

Навоий шаҳри ҳокими янги қарор чиқарди. Бу қарор шаҳардаги оилавий ётоқхоналарда яшовчиларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га журналист Феруза Қодирова хабар беряпти.

Фото: Феруза Қодирова

Феруза Қодированинг айтишича, энди навоийликлар уйига меҳмон олиб келса, меҳмон учун ҳам алоҳида пул тўлайди.

Маълум бўлишича, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги оилавий ётоқхоналарда яшовчилар бир кишилик жой (койка) учун 72 минг сўм тўлайди. Ётоқхонада доимий яшовчи оилалар эса ойига 144 минг сўмдан 450 минг сўмгача тўлов қилади.

— Энди уйга меҳмон келса ва меҳмон уйимизда 4 соатдан ортиқ қолса, меҳмон учун ҳам алоҳида тўлов қиларканмиз, — дейди ётоқхонада яшовчилардан бири.

Фото: Феруза Қодирова

Ҳоким қарорида кўрсатилишича, меҳмон учун мезбон бир кунга  3 000 сўм тўлайди.

— Баъзилар ота-онасига қарашга тўғри келади, баъзилар эса фарзандига. Бундай пайтда жуда ноқулай, ортиқча харажат бўляпти. Ахир фарзандмиз ота-онамизга вақтинча бўлса-да қарашга тўғри келади, — дейди 3-ётоқхона 420-хонадонда яшовчи С. Очилов.

Ётоқхонада яшовчиларни меҳмон учун пул тўлашга мажбурлаш — оғир шароитда яшаётганларни қийнаб қўяётгани таъкидланмоқда.

Фото: Феруза Қодирова

— Олис тумандан қариндошларим тиббий клиникага кўрикка келган эди. Улар кеч кириб қолгач, бизникида қолди. Меҳмонларимиз учун пул тўлаб келдим, ўзим ёлғиз аёлман, шароитим оғир, — дейди 709-хонадонда яшовчи Б. Норматова.

Ётоқхонада яшовчиларнинг шикоят қилишича, ётоқхона учун алоҳида тўлов амалга оширилса ҳам яшовчилар коридор, ошхона ва ҳожатхонани ювишга ишлатиладиган тозалаш воситалари учун пул тўлашга мажбур қилинмоқда.

— Шунча пул тўлаганга яраша ётоқхона шароити арзимайди-да, — дейди аҳоли вакиллари.

Фото: Феруза Қодирова

Айтилишича, шаҳарнинг Ибн Сино кўчасидаги 1, 2, 3-оилавий ётоқхоналардаги лифт бино қурилган вақтдан бери ишламайди. Бинонинг қурилганига 50 йил бўлган. Лифтнинг носозлиги туфайли 3-ётоқхонада бир киши ҳалок бўлган.

— Мазкур ётоқхонага янги лифт ўрнатилганига 3 йилдан ошган бўлса-да ҳали-бери ишга туширилмаган, — дейишмоқда аҳоли.

Киритилди: 18:02 12.12.2019. Ўқилди: 3578 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!