Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Нархлар ўйини: унинг ортида кимлар турибди?

Нархлар ўйини: унинг ортида кимлар турибди?

Бозорларимизда дала-дўконлари ташкил этилгани айни муддао бўлди. Олибсотарларга ялиниб ўтирмай сабзи-пиёз дейсизми, картошка ёки карам дейсизми, тарозига торттириб, пулини тўлаб олиб кетаверасиз. Қўл ҳақи уриб қолса ҳам олибсотарларникидан анча арзон. Аммо, бу дала-дўконларида камчилик йўқ, дегани эмас.

Савдо маданиятини ошириш борасида улар билан ҳали анча-мунча ишлаш керак. Айниқса, дала-дўконларининг маҳсулотларини ҳам сараланган ва тозаланган ҳолда сотиш рақобатнинг асосий гаровидир. Лекин, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Тан олиб айтиш керакки, бозор пештахталари тўла. Бироқ, пештахта ортида турганларнинг қовоқларидан қор ёғиб туриши бозорнинг баракасига путур етказмай қолмайди. Чунки улар пештахтадаги маҳсулотнинг эгаси-да. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта. Улар бирга олиб, ўнга пуллайдиган олибсотарлар. Яъни, ўндан тўққизни урадиганлар. Улар билан муомала қилишдан азоб иш йўқ. Татиб кўришга ҳам пул олишади. Бунинг устига савдолашиб бўлмайди. Оғзига сиққан нархни айтади. Бир сўм ҳам тушмайди.
Кеча бозорга кириб, пештахталар пешонасига маҳсулотлар нархи етти чақиримдан кўзга ташланадиган қилиб ёзиб қўйилганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Яқинроқ бориб ўқидим: сабзи дала дўконида олибсотар пештахтасидагидан анча арзон нахрда турибди. Кўрса кўргулик. Ювиб қўйилган. Хурсанд бўлиб, менга икки кило сабзи тортиб беринг, дедим. Тортди. Маҳсулотни олиб, пулини узатдим. Олибсотар кўзлари ола-кула бўлиб, яна минг сўм берасиз деди. Бу ерда нарх шундай кўрсатилган-ку, деб сўрадим ажабланиб. Бу нарх сиз учун эмас, деди у бақрайиб. Унда нега ёзиб қўйибсиз, – дедим бироз асабийлашиб. Буни мен ёзганим йўқ, – деб жавоб берди у ўша турқи совуқлик билан. Ноилож яна пул бериб, индамай кетдим.
Бели оғримаган очофат, дедим ўзимга ўзим. Кейин... Кейин ўзимга ўзим савол бера бошладим. Ўзи бозор маҳсулотлари нархини ким белгилайди? Бозор маъмуриятими ёки бошқа бир киши? Ахир, маҳсулотлар нархи осмондан тушмагандир. Нега бозорда ўтирган олибсотарларнинг ҳаммаси тўтидек бир хил нархни айтади? Масалан, бир килограмм картошка баҳосини биттаси тўрт минг сўм дедими, тамом, бошқалари ҳам шу нархни такрорлайди. Ҳеч қайси бири билан савдолашиб бўлмайди. Худди, супермаркетнинг ўзгинаси. 
Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилар, деганларидек, ҳар гал рўзғорга у-бу нарса олиб келиш учун бозорга борганимда бошқаларга ўхшаб нарх-наводан менинг ҳам энсам қотади. Пештахта ортида хўмрайган олибсотарни эмас, балки чеҳрасидан нур ёғилиб турган бободеҳқонларимизни кўргим келади. Уларнинг йўриғи бошқача-да. Савдолашсанг ҳам, суҳбатлашсанг ҳам маза қиласан. Уларнинг бағрикенг, чеҳраларидан нур ёғилиб туради. Аммо, бугун бободеҳқонларимиз ва тадбиркорларимиз пешона тери билан етиштираётган мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг нархини ким назорат қилади? Маҳсулотларнинг пештахталарда ёзиб қўйилган нархларда сотилишини ким таъминлайди? Қачонгача олибсотарлардан «бу нархни биз ёзганимиз йўқ» деган гапни эшитамиз? Бу каби саволларга кимдан жавоб олиш мумкин? Топилиши амри маҳол бўлган бозор директориданми? Ёки қайси бир бурчакда турган солиқ идораси вакилиданми? Бозорнинг эгаси ким ўзи? 
Хуллас, бозорларда тартиб ўрнатадиган, деҳқон, фермер ва тадбиркорларга кенг қучоқ очадиган, ўзи ўзига хон, кўланкаси майдонларнинг жиловини тортиб қўядиган вақт келди.

Нуриддин ОЧИЛОВ

Киритилди: 07:30 04.08.2019. Ўқилди: 4153 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!