Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Наманганда салкам 200 килоли қўчқорлар боқилмоқда (фото)

Наманганда салкам 200 килоли қўчқорлар боқилмоқда (фото)

Интернет нашрларда Қозоғистонда ўтказилган зотдор қўйлар халқаро кўргазмасида оғирлиги 188 кило, бўйнигача баландлиги 1 метр бўлган Гулливер лақабли қўй ғолиб деб топилиб, Марказий Осиёдаги энг йирик қўчқор сифатида тан олингани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Наманган шаҳрининг Гўзал даҳаси, «Меҳнатобод» маҳалласида истиқомат қилувчи Латифжон Мирзабоев «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев билан боғланиб, уйида боқаётган қўйлари қирғизистонлик рекордчидан кам эмаслигини билдирди.

Латифжон акани йўқлаб, уйларига ўтдик. Қўраларида 20 га яқин зотдор қўй боқилаётган экан. Улардан чамалаб энг йирик тўрттасини танлаб олдик. Тарози ва метр ўлчагич келтирилди. Қўйлардан бири 178, кейингиси 169, учинчиси 156 кило чиқди.

Тарозига Барон лақабли қўчқорни чиқарганимизда 192 килограмм тош босди. Узунлиги 1 метр 40 сантиметр, бўйнигача баландлиги эса 1,12 метрни ташкил этди. Латифжон ака қирғиз Ҳисор зотли бу жонивор кузда 3 ёшга тўлиши, ҳали яна вазн олишини айтди.

— Бу қўйларим орасида рекордчиси эмас. 2016 йилда сотилган шундай Ҳисор зотли қўйим 242 кило чиққан, бўйи 1,30 метр эди. 2018 йилда сотилган голланд зотли буқамиз эса Ўзбекистонда рекорд қўйди-ёв. Оғирлиги 1 тонна 860 кило бўлган, бўйи 1,90 эди, — дейди Латифжон ака.

Латифжон акадан бундай зотдор чорвани парваришлаш сирларини сўрадик.

— Аввало чорвага меҳр керак. Раҳматли отамиз «Уйингда молинг бўлмаса ҳам, қозиқда арқонинг бўлсин» дердилар. Қолаверса, емишига эътибор берамиз. Асло пўчоқ берилмайди, фақат тоза беда, макка ейди. Мунтазам ветшифокор кўригидан ўтказилади, ҳар ҳафта чўмилтирилади, ҳар ойда жуни олинади. Қўрани кўринг, ҳатто вентиляторгача бор, — дейди Латифжон Мирзабоев.

 

Латифжон ака билан хайрлашиб, бундай қўчқорларни халқаро танлов ва кўргазмаларда юбориб, Ўзбекистонда, хусусан, Наманганда шундай зотли жониворлар парваришланаётганини билдириб туриш фойдадан холи эмаслиги ҳақида фикрлашдик.

Хуллас, Марказий Осиёда энг йирик қўчқор номига Қозоғистондан ғолиб бўлиб қайтган Гулливeр эмас, Наманганда парваришланаётган Барон даъвогар кўринади.

Киритилди: 14:40 06.07.2019. Ўқилди: 9947 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!